Ташқи ишлар вазирлари позицияси Россияни қониқтиради

МДҲ Ташқи ишлар вазири навбатдаги йиғин чоғида.

Коллектив хавфсизлик шартномасига аъзо 7 давлат ташқи ишлар вазирлари Москвада учрашиб, Жанубий Осетия можароси учун Грузияни масъул қилувчи умумий позицияни қабул қилди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ушбу позиция Россия томонини тўлиқ қониқтиришини билдирди.

Ташқи ишлар вазирлари томонидан қабул қилинган баёнотлар 5 сентярь куни КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари учрашуви давомида маъқулланади.

КХШТ аъзоларининг Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олиши ёки олмаслиги Москва саммитининг энг асосий интригасидир.

Грузиянинг Россияга мойил ушбу икки айирмачи ўлкасини мустақил давлатлар сифатида эътироф этишга ўзини Россиянинг энг яқин иттифоқчиси, деб эълон қилган давлатлар ҳам шошилмаётир.

5 сентярбь куни Москвада бўлиб ўтадиган учрашувда бу масалага нуқта қўйилиши мумкин.

Россия учун ўта аҳамиятли ушбу тадбирга тайёргарлик сифатида ўтказилган КХШТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашуви иттифоқчиларнинг Россия билан умумий якдиллигини кўрсатди.

Ҳарқалай, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг баёнотидан маълум бўлишича, қабул қилинган ҳужжат Россия томонини кўп жиҳатдан қониқтиради.

“Биз бу баёнот мазмунидан қониқиш ҳосил қилдик. Бу баёнотда тўғри урғулар қўйилган. Бу ерда Грузия томони Жанубий Осетияга қарши ўтказган ҳарбий амалиётларнинг номақбуллиги ҳақида ҳам айтилган. Биз Жанубий Осетия мавзуси кўтариладиган ҳар қандай халқаро ташкилотда ушбу баёнот асосида биргаликда чиқишга келишиб олдик. Бу КХШТнинг ягона позицияси бўлади”,– деди С.Лавров.

КХШТга аъзо давлатлар Кавказдаги можаро ҳусусида Россияга тарафкашлик қилишга тайёрлиги маълум эди. Лекин Россия ўз ҳамкорлари ҳам Грузияни қаттиқ қоралаб, Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олишини истайди. Ўзларининг бу истагини россияпараст ҳарбий-сиёсий блок расмийлари ҳеч тортинмасдан билдиради.

“Кеча Ереванда Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Россия, шубҳасиз, КХШТга аъзо давлатлар томонидан Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллиги тан олинишидан манфаатдорлигини билдирди. Лекин бу ўлкаларни тан олиш масаласида Россия ўз иттифоқчиларига босим ўтказмайди”- деди КХШТ матбуот вакили Виталий Стругавец.

Айни пайтда Россия томони қўлини қовуштириб ўз иттифоқчиларининг мустақил қарор қабул қилишини кутиб ўтираётгани йўқ. Беларус томони Москванинг арзонлаштирилган нархдаги газ ва 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит бериш таклифига жавобан Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олишга тайёрлигини билдирди. Арманистон ва Қозоғистон президентлари Саргсян ва Назарбоев ҳам бундай эҳтимолларни инкор қилмайдиган баёнотлар қилди. Лекин КХШТдан аввал чиқиб кетган ва Андижондаги воқеалардан сўнг қайта қўшилган Ўзбекистон позицияси борасида кўпчиликда шубҳа уйғонганди. 1-2 сентябрь куни Тошкентга сафар қилган Россия бош вазири Владимир Путин Ўзбекистон газини Европа нархларида сотиб олишга розилик билдириб, қўшимча газ қувурини қуриш лойиҳасини тасдиқлаб Каримов қувватловига эришганга ўхшайди.

КХШТ вакили Виталий Стругавецнинг билдиришича, ҳозир айнан Ўзбекистон раҳбарияти Россиянинг энг ашаддий тарафдорига айланган.

“Кавказ минтақасида содир бўлган воқеалар борасида Ўзбекистон томони Россияни қўллаб-қувватлаб, таъбир жоиз бўлса, Россияга нисбатан энг мойил муносабатни билдирди”,- деди В.Стругавец.

5 сентябрь куни КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Тбилисини очиқдан-очиқ қоралаб, Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиши амримаҳол. Афтидан, Россия томони ҳам бу масалада ёлғиз қолишга кўниккандек. КХШТ расмийлари ҳозирданоқ 5 сентябрь саммити ўз иттифоқчиларини кўндириш учун сўнгги имконият эмаслигини бежиз айтмаётгандир.