2 октябрь куни Москвада Украина бош вазири Юлия Тимошенко билан учрашувдан сўнг Владимир Путин агар Украинанинг Грузияга қурол-аслаҳа етказиб берилганига оид маълумотлар расман тасдиқланса, бу каби ҳаракатлар жиноят ҳисобланишини маълум қилди.
Бироқ Юлия Тимошенко Украина шаънига қилинаётган иддаолар ўз тасдиғини топмаслигига ишонишини билдирди.
Хабарларга кўра, Москвада ўтказилган музокаралар чоғида Украина ва Россия ўртасида энергетик соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Юлия Тимошенконинг таъкидича, Россия томони Украина учун етказиб берилаётган газ нархини бирданига эмас, балки келаси уч йил ичида аста-секин оширишга ваъда берган.
Россиянинг “Газпром” ширкати 2009 йилдан бошлаб Украинага Россия газини жаҳон бозоридаги нархларда сотишини билдирган эди.