“Тўртинчи ҳокимият” дастурининг бугунги мавзулари: - ЮНЕСКО сўз эркинлигига бағишланган халқаро анжуманни ўтказмоқчи. Бироқ бу ташкилот Ўзбекистондаги вазиятни қоралашга нима учун ожизлик қилмоқда? - Қозоғистонда журналистларга қарши янги тактика. Журналистлар яқинлари нишонга олинмоқда. - Афғонистон президенти ҳам сўз эркинлигига тоқат қилолмай қолди-ми? Афғонистонлик журналист ўзининг қамоққа олинишини Карзайдан кўрмоқда.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллиги муносабати билан 29 октябр куни ЮНЕСКО Парижда сўз эркинлигига бағишланган халқаро симпозиумни ўтказишни режалаштирган.
Сўз ва матбуот эркинлиги ғоясига содиқ эканини таъкидлаб келадиган ЮНЕСКО бу борадаги абгор вазият учун Ўзбекистон ҳукуматини ҳеч қачон очиқдан-очиқ танқид этмаган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ЮНЕСКО нинг Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган муроса сиёсати бу мамлакатда сўз эркинлиги ривожига ҳисса қўшмаганини билдирмоқда.
26 октябр куни Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО га аъзо бўлганига 15 йил бўлди. Тўй-тўйга уланиб кетгандек, айнан шу йилнинг 10 декабр куни дунё бўйлаб БМТ нинг инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллиги нишонланади. 29 октябр куни эса БМТ нинг таълим, фан ва маданият агентлиги – ЮНЕСКО, 30 банддан таркиб топган декларациянинг 19 бандини алоҳида нишонлайди.
“Ҳар бир одам ўз фикрига эга бўлиш ва уни ифода этишга ҳақлидир. Инсоннинг ўз фикрини билдиришига ҳеч ким тўсқинлик қилиш ҳуқуқига эга эмас. Ҳар бир одам ахборот излаш¸ топиш ¸ тарқатиш ва чегаралардан қатъий назар, мавжуд ахборот ва ғояларга оммавий ахборот воситалари орқали таъсир ўтказишга ҳақлидир”, - дейилади Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг ушбу пурмаъно бандида.
Шу муносабат билан ўтказилаётган халқаро симпозиумга давлат раҳбарлари, ҳукумат расмийлари, сиёсатчилар, Нобел мукофотининг совриндорлари ҳамда матбуот эркинлиги учун халқаро мукофотлар совриндорлари дохил 400 та одам тўпланади ва сўз эркинлигининг жамиятда тутган муҳим ролини муҳокама этади. Ушбу тадбирга ЮНЕСКО нинг бош бўлаётгани тасодиф эмас, дейди ташкилот вакили Могенс Шмидт.
“Бу симпозиум сўз эркинлигини тарғиб этиш масаласида ЮНЕСКО нинг қилаётган саъй ҳаракатларини тамсил этади. Бизнинг қатъий ишонишимизча, сўз эркинлиги, озод ва мустақил оммавий ахборот воситаларисиз ҳеч бир мамлакат ижобий йўналишда ривожлана олмайди ва тўлақонли демократия ҳамда мулоқотга эриша олмайди”,- деди ЮНЕСКО вакили.
Афтидан мана шу баёнотлар билан ЮНЕСКО нинг сўз эркинлигини тарғиб этишдаги саъй ҳаракатлари тугайди. Ҳар қалай ЮНЕСКО нинг 15 йил давомида Ўзбекистонда сўз эркинлиги соҳасида бирор самарали амалий иш қилганини деярли ҳеч ким эслолмайди. БМТ таркибидаги ушбу ташкилот ҳукумат билан ҳамкорлик ва мулоқот сиёсатини олиб боради. Бироқ қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг вакиласи Элса Видалнинг айтишича, сўз эркинлиги масаласида ЮНЕСКО мулоқотни эмас, муросани афзал кўрмоқда.
“Дипломатия учун мулоқот зарурлигини тушунамиз. Ўзгаришларга эришиш учун мулоқотни ҳатто энг репрессив тузумлар билан олиб бориш керак. Лекин мулоқот танқидларни четлаб ўтиш дегани эмас. ЮНЕСКО нинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати шу сабабли ҳафсалани пир қилади. Улар бу мамлакатдаги сўз эркинлиги масаласини ҳеч қачон очиқчасига кўтариб чиқмаган. Боз устига бизнинг “эркин матбуот йиртқичлари” рўйхатига кирган президент Каримовнинг қизи, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги доимий ваколатхонасининг раҳбаридир. Кўринишича, ЮНЕСКО Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот эмас, муроса қилмоқда. Кўринишича, ЮНЕСКО ривожланишга эришиш масаласини четга суриб, давлат раҳбари билан яхши муносабатларни сақлаб қолмоқчи. Бу сиёсат мамлакатда ҳеч қандай ижобий ўзгаришларга олиб келмайди”, дейди Элса Видал.
ЮНЕСКО вакилининг маълум қилишича, халқаро симпозиумда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариғанинг нутқ сўзлаши кутилганди. Бироқ Дариға Назарбоева маълум сабабларга кўра, Парижга бора олмаслигини билдирди. Президент Каримовнинг қизи Лола Тиллаеванинг тадбирда иштироки борасида маълумот йўқ. Ғарбда ўзга фикрловчиларни тоқат қилмайдиган диктатор сифатида танилган президент Каримовнинг қизи Лола Тиллаеванинг қандай қилиб Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги вакили лавозимида ишлаётганига жавобан Могенс Шмидт шундай деди:
“Ўзбекистон ҳукумати ўз делегациясининг раҳбари лавозимига истаган одамини тайинлашга ҳақлидир. Буни ЮНЕСКО ҳал қилолмайди. Ҳар бир аъзо давлат буни мустақил равишда ҳал қилади”, деди ЮНЕСКО вакили.
Москвадаги экстремал журналистика марказининг раҳбари Олег Панфилов ЮНЕСКО нинг Ўзбекистонга нисбатан заиф сиёсати, сиёсий ўзгаришлар талаби мамлакат ичкарисидан янграмаётгани билан изоҳланишини айтади.
“Сўз эркинлиги учун жамиятнинг ўзи курашиши керак. Агар жамиятнинг ўзи эркин матбуот бўлиши учун ҳеч нарса қилмаётган бўлса, халқаро ташкилотларнинг қўлидан ҳам ҳеч нарса келмайди”, дейди Панфилов.
Маркази Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ташкилотининг раҳбари Надежда Атаеванинг фикрича, ЮНЕСКО ҳам Ўзбекистонга қарши кескин чиқиш қилмаётган БМТ нинг бошқа агентликлари ва яна бир қатор етакчи ташкилотлар каби Ўзбекистонга нисбатан кутиш позициясини тутмоқда.
“ЮНЕСКО офиси бошқа халқаро ташкилотлар каби, кутиш позициясини эгаллаб турибди. Чунки улар Каримов режими шароитида сўз эркинлигининг бўлмаслигини англаб етмоқда”, дейди Надежда Атаева.
“Тўртинчи ҳокимият” дастури минтақамиздаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳақидаги лавҳалар билан давом этади.
Қўшни Қозоғистонда журналистларнинг ўткир қалами туфайли уларнинг яқинлари жабр кўрмоқда. Мисол учун Қозоғистондаги “Олмаота-Инфо” газетаси бош муҳаррирининг укаси, журналист акасининг касбий фаолияти учун озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳолатни изоҳлаган кузатувчиларга кўра, ҳозир Қозоғистон ҳукумати номақбул журналистлардан ўч олиш мақсадида, уларнинг яқинларини таъқиб қилиш ва жазолаш каби репрессив чораларни қўлламоқда.
Қозоғистондаги “Олмаота-Инфо” газетасининг бош муҳаррири Рамазон Есергеповнинг укаси Мукатай Есергепов, Шарқий Қозоғистондаги электр-энергия таъминоти компанияларининг бирида ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган. Ҳозирда Шарқий Қозоғистон вилоят суди журналистнинг укасини порахўрликда айблаб, уч йилга озодликдан маҳрум қилди.
Бироқ, журналистнинг ўзи ва бу ишни кузатиб бораётган экспертлар фикрича, “Олмаота-Инфо” газетаси бош муҳаррирининг укаси акасининг касбий фаолияти учун жазога тортилган.
Аниқланишича, бундан аввал газета бош муҳаррири Рамазон Есергепов, Қозоғистон президенти Назарбоевнинг қочқинликдаги собиқ куёви Роҳат Алиевнинг Олмаотада истиқомат қилаётган отаси Мухтор Алиевга нисбатан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилаётган босим ва тазйиқларга қарши чиқиб, ўз газетасида бу борада қатор танқидик мақолалар чоп қилган.
Айнан шу воқеа, газета бош муҳаррири ва унинг оила аъзоларининг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари қора рўйхатига тушишига сабаб бўлган.
Бундан аввал Қозоғистонда амалдаги режимга ёқмаган касбий фаолиятлари учун бир неча мухолифатдаги журналистларнинг нафақат ўзларига, балки яқинларининг ҳаётларига ҳам хавф-хатарлар пайдо бўлгани кузатилган эди.
Мухолифатдаги йирик “Свобода слова” газетасининг бош муҳаррири Гулжон Ергалиеванинг оила аъзолари ҳам унинг касбий фаолияти туфайли катта зарар кўрганлар. Ергалиеванинг ўз газетасида юқори лавозимли амалдорлар ва президент оиласини қаттиқ танқид остига олгани натижасида, унинг турмуш ўртоғи номаълум кишилар томонидан калтакланиб, оқибатда бир умрга ногирон бўлиб қолганди. Газета бош муҳаррири ўша воқеаларни эсларкан, бундай босим ва таҳдидлар одатий ҳолга айланиб қолганини айтади.
“Бу умуман олганда, биз учун кундалик меъёрга айланиб қолган. Мен буни бир нохуш воқеадан иккинчисигача давом этадиган ҳолат деб айтмоқчи эмасман. Асабларимиз ҳар доим ҳам таранг. Таҳдидлар муттасил бўлиб туради”, дейди “Свобода слова” газетасининг бош муҳаррири.
Яна бир мухолифатдаги қозоғистонлик журналист Ермурод Бапининг касбий фаолияти туфайли, унинг яқинлари зарар кўриш хавфи остида қолганлар. Журналистнинг танқидий мақолалари учун номаълум кишилар, унинг қизи ўтирган машинага портлаш мосламасини ўрнатиб кетгандилар.
“Машина тагида мослама портлаб кетди. Машинани автомобиллар тўхташ жойидан нарироқ силжита бошлаганларида, ярим метр юрар-юрмас, мослама портлаб кетди. Мослама машина жойидан силжиши билан электр заряди ишга тушиб, портлаб кетадиган тарзда профессионал ясалган. Шундай ҳам бўлди. Мослама портлаши билан автомобилнинг тагига бензин найчасини ўт олдириб юбориш мақсадида ўрнатилган бўлиб, кейин навбат билан бак портлаши керак эди. Бироқ қўлбола портлаш мосламасининг бир ускунаси ишламай қолгани туфайли бензин найчаси портлашга дош берган”, дея эслайди ушбу нохуш ҳодисани журналист.
Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина эса, бу йили мухолифатдаги журналистлар ва уларнинг оила аъзолари ҳаётига бўлган хавф, аввалги йилларга нисбатан анча кўпайганини айтади. Бироқ унга кўра, бу ҳаракатлар буюртма суиқасдлар эканини ҳеч ким исботлай ололмаётганини таъкидлайди.
“Ўтган йил мобайнида 7 киши автомобиль ҳалокатига йўлиқдилар. Буларнинг буюртма қотиллик экани ҳали бирор маротаба ҳам исботлангани йўқ. Аммо уларнинг ҳаммаси кишида катта шубҳа уйғотади”.
Айни пайтда, айрим кузатувчилар кейинги пайтда журналистлар ва улар яқинларига нисбатан бўлаётган бу каби таъқиб-тазйиқлар ва мамлакатнинг сўз эркинлиги даражаси бўйича жаҳонда сўнгги ўринларда экани ҳам, Қозоғистоннинг 2010 йили ЕХҲТ каби нуфузли ташкилотга раислик қилишига тўсиқ бўла олмаганини алоҳида таъкидламоқдалар.
Дастурмизга Афғонистондан олинган бир хабар билан якун ясаймиз. Куни кеча Афғонистон ҳукуматини танқид қилган “Ормоне миллий” газетасининг бош муҳаррири Саййид Ҳайдар Мутаҳар қамоққа олиниб, Толибон жангарилари билан бир камерага жойлаштирилган. Унинг қамоққа олиниши газетада чоп этилган “Карзай фитна уюштирди” сарлавҳали мақоласи билан боғлиқ экани айтиляпти.
“Ормоне миллий” газетасининг бош муҳаррири Ҳайдар Мутаҳар “Озодлик” билан суҳбати давомида ўзининг миллий хавфсизлик идорасига чақиртирилиб, тергов қилинганини айтди. Мени сўроққа тутишганидан кейин, жангари толиблар ва давлатга қарши “Ҳизби Исломий” гуруҳи вакиллари билан бир камерага ташладилар, дейди Мутаҳар.
“Қонун бўйича хатога йўл қўйган ҳар қандай журналист авваламбор ОАВ ни назорат қилувчи ҳайъатга чақиртирилиши керак. Аммо Афғонистон маориф вазири Фаррух Вардак томонидан қилинган шикоят асосида мени прокуратура идораси тергов қилди”.
Унинг айтишича, Афғонистон ҳукумати таркибидаги уч нафар вазир “Ормоне миллий” газетасида чоп этилган мақоладан ғазабга келган.
“Карзай фитна уюштирди” сарлавҳаси остида чоп этилган мақола муаллифи Давлат Шоҳий Карзай ўз кабинетидан чиқмасдан, Афғонистоннинг бир вилоятидан бўлган учта одамни вазир лавозимига тайинлаганини танқид қилган.
Вардак вилоятидан бўлган уч кишининг вазир лавозимига тайинланганини қоралаган “Ормоне миллий” газетаси мамлакатда миллий нифоқ қўзғатишга уринганликда айбланмоқда. Мутаҳарнинг сўзларига кўра эса, сўз эркинлигидан фойдаланиб ҳукумат хатоларини фош этишнинг миллий нифоқ қўзғатишга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Афғонистонлик журналистлардан бири бугунги кунда мамлакатда кучли ҳомийси бўлган журналистларгина сўз эркинлигидан фойдаланаётганини айтди.