Тутқуннинг бир куни

Ўтюраклар етакчиси Мўътабар Тожибоеванинг адолат ва ҳақиқат йўлидаги шижоатини қамоқхонадаги даҳшатлар ҳам синдира олмади.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли¸ икки йилу саккиз ой Қўйлиқдаги аëллар қамоқхонасида жазо ўтаган Мўътабар Тожибоева қамоқда кўрган кечирганларини Озодлик мухбирига гапириб берди. Германияга даволаниш учун келган Мўътабар Тожибоеванинг қамоқхона ҳикоялари талай. Қамоқхонанинг тош деворлари ортида нима бўлаëтганлигини эл билсин¸ дейди Мўътабар Тожибоева. Озодлик таҳририяти Тожибоеванинг ҳикояларини бир-бир эълон қилишни бошлади. Эътиборингизга ҳавола қилаëтганимиз илк ҳикоя ўзбек қамоқхонасидаги маҳбусанинг бир кунини акс эттиради.
Режим

Эрталаб соат олтида селектр орқали подëм эълон қилинади.

Подëм қилинган дақиқаларда ëмон смена бўлса, яъни маҳкумаларга нисбатан ҳайвоний муносабатда бўладиган ходимлар бор бўлган смена бўладиган бўлса, маҳкумалар ўн минут олдин ўринларидан туриб жойларини текислаб, тайëр қилиб туришади. Сабаби бу ëқдан подëм бўлади ва бу ëқдан кириб текширишганда агар жойлар текислаб қўйилмаган бўлса, маҳкумалар интизомий жазога тортилади.

Соат олти яримда ишлаб чиқариш зонасига ишловчилар ўтказилади.
Соат олти яримдан етти яримгача гигиена хонаси очиқ бўлади. У ерда 50, 55 тача умивалник бор. Бу умивалниклардан томчилаб сув оқади. Шу сув томчилаб оқадиган жойда бир, бир ярим соат давомида 1400та маҳкума ювиниб чиқиб кетиши керак.

Қамоқ ëвғони

Кейин эрталабки нонушта бошланади. Эрталабки нонуштага отрядлар навбатма-навбат чақирилади. Ҳар битта отряд чақирилган пайтда отряд вакиллари бештадан қатор бўлиб саф тортиб бориши керак. Охирги пайтларда халқаро қизил хочга муаммолар кўп айтилганлиги учун 18 яшар қизнинг ҳукуматни мадҳ этувчи “Эй она юртим жоним, ғуруримсан, оримсан” деб бошланадиган шеъри қўшиқ қилиб айтиб бориларди.

Ошхонага кирган пайтда ўнта отряд қисқа муддатда овқатланиб бўлиши керак. Овқатни олиб олдингизга қўйиб улгурмасингиздан маҳкумалардан иборат навбатчи отряд вакиллари “Туринглар ўринларингдан. Чиқинглар. Бўлди овқатланиб бўлдингизлар” деб бақиришни бошлайди. Овқат асосан сувда қайнатилган перловка ва сечка. Баъзан сувда қайнатилган қизилча берилади. Нонуштага асосан шулар.

Эрталабки нонушта тугагандан кейин соат тўққиз яримгача отрядлар ўз жойларини тозалашади. Қисқача айтганда тозалов ишлари олиб борилади.

Соат тўққиз яримдан ўн яримгача эрталабки текширув бўлади. Эрталабки текширувда ҳар битта отряд алоҳида Ўзбекистон гимнини айтиши керак. Ваҳҳобийлар деб аталувчи рўйхатда турувчилар, мен ҳам ваҳҳобийлар рўйхатида турар эдим, гимн айтиладиган пайтда олдинги қаторда туриши шарт эди.

Соат ўн яримдан кейин эрталабки информатика бўлади. Бу дегани барча маҳкумалар олдинги қаторга келиб ўтиради ва кимдир “Даракчи”, “Бекажон” каби кўнгилочар газеталарни ўқиб беради. Бу газетани эшитиб ўтириш керак. Бу пайтда ташқарига чиқиш ман қилинади.

Соат ўн бир яримдан биргача иссиқ сув очилади. Ўша пайтда кир ювиши керак бўлганлар кирини ювади. Соат бирда тушлик бошланади. Тушликка биринчисига карам шўрва, иккинчисига перловка ëки сечка берилади. Ўнта отряд сафга тузилиб бориб келади. Баъзан шунақа бўладики, қишнинг совуқ куними ëки ëзнинг жазирама иссиғими фарқи йўқ нариги отряд кириб овқатланиб чиққунча ярим соат кутиб туришади.

Соат учларга бориб тушлик тугайди. Соат ўн бешта кам тўртда иккинчи текширувга тайëргарлик бошланади. Иккинчи текширув ўтказилгандан кейин яна информатика бошланади.

Кечки олти яримлардан бошлаб кечки овқат бошланади. Яна ўша тартибда бориб овқатланилади. Ўнта отряд овқатланиб бўлгунча соат саккиз, саккиз ярим бўлиб боради.

Тунги назорат

Соат тўққизда учинчи текширув бўлади.
Битта ҳайратланарли жойи шуки, умумий режимдаги маҳкумалар фақат бир марта текширувдан ўтказилиши керак бўлса, аëллар колониясида кунига уч мартадан текширув. Бу дегани аëллар қанақа об-ҳаво бўлишидан қатъий назар кунига уч соатдан ташқарида туришади.

Менга энг ëмон таъсир қилгани¸ дейлик эрталабки текширув пайтида бизнинг отрядимиз гимнни айтиб турган пайтда, айни бошқа отряднинг қувватсизлик туфайлими ҳушидан кетган маҳкумасини медсанчастга олиб ўтишади. Қаранг-да “Олтин бу водийлар жон Ўзбекистон” деб мадҳ этиб турилган пайтда, бир ночор маҳкума бечорани тўртта маҳкума кўтариб олиб ўтиб кетади.

Текширувлар пайтида очликдан, қувватсизликдан ҳушидан кетишлар жуда кўп бўлади. Кечки текширув тугагандан кейин ўнта кам ўнда ëтишга биринчи гудок чалинади. Иккинчиси соат ўнда чалинади. Шунда ҳамма маҳкумалар ëтиши керак. Ҳар куни маҳкумалар икки соатдан тунги навбатчиликда бўлишади. Улар қайси маҳкума қайси пайтда ташқарига чиққанини ва қайси пайтда қайтиб келганини ëзиб олишади.

Маҳкума қулми?


“Бу кўтарилиши керак бўлган муаммо. Асосан¸ Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан ўтказиладиган тадбирларда ишлатиладиган байроқлар ва қатнашувчиларга кийимлар тикилади. Бунақа тадбирларга менинг билишимча, бюджетдан жуда катта маблағ ажратилади. Ўзбек маҳкумалари қулдек ишлатилади. Ойига 400, 500 сўм ойлик иш ҳақи тўланади. Тадбир яқинлашиб қолган пайтда у хоҳ қиш бўлсин, хоҳ ëз бўлсин аëллар 18, 24 соатлаб ишлайди. Лекин қўшимча озиқ-овқат ëки бошқа нарсалар берилмайди. Ҳатто иссиқ сув ҳам берилмайди. Ҳарбийлар учун бушлатлар ва бошқа кийимлар тикилади. Матрас, ëстиқлар тикилади. Матрас ва ëстиқларнинг қилиниши чанг билан боғлиқ оғир иш.

Ишлаб чиқариш зонасида ишловчи аëлларга ойлик маош жуда оз тўланади. Лекин дневалный деб аталадиган жойларда ишловчиларга яъни медсанчастда ëки дизода санитаркалар, ҳаммомда ишловчиларга яхши ойлик тўланади. Бу ерлар точка деб аталади.

Аëллар ҳаммоми

Ҳаммомга ҳафтада бир марта кирилади. Унга ҳам навбат билан отряд бўйича кирилади. Дейлик бизнинг 200 кишилик отрядимиз бир кунда киради. Агар отряддаги маҳбуслар сони 120, 150 атрофида бўлса, у ҳолда иккита отряд бир кунда киради. Ҳаммом эрталаб соат ўн яримдан ўн икки яримгача, кечки пайт олтидан саккиз яримгача ишлайди. Шу муддатда отряддаги ҳамма кириб чиқиши керак.

Ҳаммомнинг эни беш метр, узунлиги ўн беш метр. Учтагина крантидан сув оқади. Ўзи крантлар тўртта лекин биттаси ишламайди. У ерга кийим илиш учун элликта атрофида мих қоқиб қўйилган. Умуман гигиена борасида муаммолар жуда кўп. Ҳаммомнинг ичида блотной деб аталадиган яъни интизомий жазо олавериб ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бўлиб қолган ва амнистиядан, жазони енгиллашишидан умидини узган маҳкумалар, жойларни эгаллаб олишади. Ҳамма жуда ҳам қисқа вақтда чўмилиб бўлиши керак. Лекин бу блотнойлар бошқаларнинг крантдан иссиқ сув олишларига йўл қўйишмайди. Мен чўмилиб бўлганимдан кейин оласан, дейишади. Улар навбат қилиб олишади. Бири чиқиб кетгандан кейин ўрнига бошқаси, бири чиқиб кетгандан кейин ўрнига бошқаси. Янги келган маҳкумалар эски маҳкума билан бирга кирса, эски маҳкума сув олиб бериши мумкин”.

Эркакшодалар

“Асосан аëллар колониясида аëлларнинг аëллар билан яшаши кўп кузатилади. Сиëсий маҳкумалар қилмаган иши учун жазоланиб изоляторга ташланса, нима учундир лесбиянкаларга нисбатан имкониятлар жуда яхши. Ҳаттоки уларнинг бемалол учрашишлари учун хоналар ҳам қилиб берилган. Сбродова Светлана бошчилик қилган пайтида лесбиянкаларнинг яқинлик қилишлари учун алоҳида хоналар мавжуд эди. Лесбиянкалар кўпроқ отряд завхози, отряд активи бўлишади. Яъни улар отряддаги маҳкумаларни тарбияловчилар ҳисобланишади”.

Диндор маҳкумалар

“Мусулмон аëллар ички тартиб-қоидаларга риоя этишлари шарт. Эрталаб соат уч, уч ярим, тўртларда назоратчилар жуда ҳам қаттиқ ишлашади. Яъни таҳорат қилиш учун ташқарига чиққанларнинг рўйхатини олишади. Яна отрядма отряд юриб намоз ўқиëтган маҳкумаларни ҳужжат қилишади. Кўпинча бу изоляторга қамаш билан якунланади. Диний эътиқод билан қамалган маҳкумаларнинг намоз ўқишларига тўсқинлик қилиш учун лесбиянкалар ва "злостный нарушител" деб аталувчи маҳкумалар кучларидан фойдаланилади. Муассасага хизмат қилувчи "коза"лардан (қамоқхона тилида шундай дейилади) фойдаланилади”.

Синдирилган руҳ

“Масалан¸ мен ҳозир бирор нарсадан озгина сиқилиб қолсам ëки озгина жоним оғриса, албатта шу куни тушимга қамоқхона киради. Миям дам олмасдан ажойиб ғалати бир ҳолатки, масалан ярим кечаси ëмон туш кўраëтганим учун уйғониб кетиб, қайтиб ëтсам яна ҳалиги туш келган жойидан давом этади.

Нимага? Сабаби у ерда аëллар доимо оч, доимо ҳақорат ва камситилишга дучор. Аëллар ўзи нозик хилқатку. Икки ойда оладиган ўн килограммлик озиқ-овқатини ҳисобга олмаганда ҳеч қандай витаминли озиқ-овқат бермайди. Масалан¸ мен бир йилу ўн бир ой аëллар колониясида ўтирган бўлсам, шу муддат ичида бир марта бир тилимдан қовун, бир тилимдан тарвуз едим. Бир тилик эмас, бир тилим”.

P.S. Қамоқхона ҳикоялари давомида Мўътабар Тожибоева ўзига зулм ўтказган нозирлар исмини бирма-бир тилга олади¸ карцердаги ҳаëт¸ қамоқхона барзангилари зўравонлиги ҳақида гапиради. Озодликни тинглаб¸ ўқиб боринг....