Обама иқтисодий муаммоларни ҳал этмоқчи

АҚШ президентлигига сайланган Барак Обама мамлакатни молиявий бўҳрондан олиб чиқишни ўзининг биринчи галдаги вазифаси этиб белгилади.

АҚШ президентлигига сайланган Барак Обама ўзининг илк матбуот анжумани чоғида асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилишини билдирди.

Барак Обама матбуот анжумани чоғида журналистларга кўп ҳазил гаплар айтди. Айниқса, Обаманинг сайловда ютган тақдирда қизларига кучук ваъда қилиб қўйгани ва улар шу кучукча билан январ ойида Оқ уйга кириб боришлари ҳақида айтган гаплари журналистлар кулдириб юборди.

Лекин Обама чиқишининг асосий қисми жиддий масалаларга қаратилди. Оқ уйнинг янги соҳиби президентлик вазифасига киришиши билан иқтисодий муаммолар билан шуғулланишини айтди.

- Президент курсисига ўтиришим биланоқ молия бозорида юзага келган бўҳронга қарши туриб, меҳнаткаш оилаларга ёрдам бериш, аҳоли равнақи ва фаровонлигини тиклаш йўлида лозим бўлган ҳар қандай чорани кўрамиз, - деди Барак Обама.

Матбуот анжуманидан олдин Американинг бўлғуси президенти Барак Обама ва бўлғуси вице-президенти Жо Байден ўзларининг 17 экспертдан иборат иқтисодий маслаҳатчилари билан мажлис ўтказганлар. Мажлисда Билл Клинтон маъмуриятида молия вазири лавозимларида ишлаган Лэрри Саммерс ва Роберт Рубин, президенти Жимми Картер ва Роналд Рейган даврида АҚШнинг бош ғазначиси бўлган Пол Уолкерлар қатнашган.

Матбуот анжуманида Барак Обама мамлакатни иқтисодий бўҳрондан олиб чиқиш осон кечмаслигини ҳам тилга олиб ўтди.

- Ишонаманки, агар биз партиявий эҳтиросларни ва сиёсий келишмовчиликларни четга суриб, биргаликда ишласак, мақсадга эришамиз, - деди Обама.

Жума куни АҚШ Меҳнат вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, шу йилнинг октябр ойида мамлакатда 240 минг одам иш жойини йўқотган. Бутун мамлакат бўйлаб эса ишсизлар сони 1 миллион 200 мингга етган.


Яқин фурсатда Барак Обама янги молия вазирини тайинлаши кутилмоқда. У аллақачон президент Клинтоннинг собиқ маслаҳатчиси Рам Эммануэлни ўз маъмурияти раҳбари лавозимига таклиф этган.

Жаноб Обама қасамёд қабул қиладиган 20 январгача етакчи расмийларни сайлаб бўлиши керак. АҚШнинг жорий президенти Жорж Буш ҳокимият алмашиши пайтида Барак Обамани қўллаб-қувватлашга ваъда берган.


Ҳозирда янги сайланган президент иш бошласа, ўзгаришлар қилиш бўйича ўз ваъдаларини бажаради, деган умидлар катта. Унинг президент сифатида илк ўринда бажариши керак бўлган вазифаси ҳозирги молиявий инқироз муаммосини ҳал этишдир.


Ҳозир барча янги президент давлатнинг бош ғазначиси сифатида кимни танлар экан, деб кузатмоқда. Чунки айнан ана шу шахс мавжуд инқирозни бартараф этишда Барак Обамага асосий мададкор бўлади. Ҳозирда бу лавозимга Клинтон маъмуриятида ишлаган Ларри Саммерс ёки Ню Йорк Федерал тизими раҳбари Тимоти Гейтнер тайинлаши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.


Айни пайтда Барак Обама АҚШдаги демократик партия фракцияси етакчилари билан мамлакат иқтисодини изга тушириш йўлларини ишлаб чиқмоқда. Ўртача ва паст ойлик оладиган ишчилар солиғини камайтириш, ишсизларга бериладиган нафақалар миқдорини ошириш, молиявий инқироздан зарар кўрган штат ва шаҳарларга ёрдам кўрсатиш шулар жумласидандир.

Душанба куни Барак Обама Оқ уйда президент Жорж Буш билан учрашиб, мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни муҳокама этади.