Обама Гуантанамони ёпмоқчи

Гуантанамо қамоқхонаси АҚШ нинг халқаро нуфузига жиддий путур етказиб келаётир.

Хабарларга кўра, АҚШ янги президенти Барак Обама маслаҳатчилари Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш режасини тузмоқда. АҚШ ҳуқуқий тизимидан ташқарида бўлган Гуантанамо маҳбуслари мамлакатнинг нормал қамохоналарига жойлаштирилади.
Обама маслаҳатчилари ҳозирча Гуантанамо борасида сўнгги қарор қабул қилинмаганни билдирди. Айни пайтда АҚШ жамоатчилиги ўртасида террорчиликда гумон этилаётган шахсларни қай тарзда жазога тортиш масаласида баҳсу мунозаралар қизиб бормоқда.

Барак Обама сайловолди компанияси давомида АҚШ сайловчиларига Гуантанамодаги қамоқхонани ёпиш ваъдасини бериб келди.

Гуантанамо қамоқхонаси АҚШ ҳуқуқий тизимидан ташқаридаги муассаса бўлиб, унинг мавжудлиги инсон ҳуқуқларини тарғиб этадиган АҚШ нинг халқаро нуфузига жиддий путур етказиб келаётир.

Гуантанамо маҳбуслари АҚШ фуқаровий ва ҳарбий қонунларида кўрсатилган ҳуқуқлардан маҳрумдир.

Ҳозирда Гуантанамо қамоқхонасида 255 нафар маҳбус қолаётир. Бу ердаги барча маҳбуслар Ал-Қайда ва бошқа террорчи ташкилотларга аъзоликда гумон қилиниб, Афғонистон, Ироқ ва бошқа давлатлардан тутиб олиб келинган.

Буш маъмурияти Гуантанамодаги кўпчилик тутқинларни жуда хавфли деб ҳисоблаб, уларни ҳеч қандай маҳкамасиз террорчиликка қарши уруш мобайнида шу ерда сақлашга аҳд қилган эди.

Маҳбуслардан 80 нафарини Гуантанамода ташкил этилган ҳарбий трибунал суд қилиши керак.

Гуантанамо маъмурияти 50 нафар маҳбусни озод қилишга қарор қилди. Бироқ улар ҳамон панжара ортида қолаётир. Чунки, бир томондан Вашингтон расмийлари хавфли террорчиларнинг ўз Ватанларида озод этилишидан қўрқмоқда, бошқа томондан айрим давлатлар ўз фуқароларни қабул қилишдан бўйин товламоқда.

Оқ уй матбуот вакили Дана Перино Буш маъмуриятининг ҳам Гуантанамони ёпишга мойиллигини билдирар экан, бунинг тўғри йўлларини топиш ҳозирча муаммо бўлиб қолаётганини таъкидлади.

"Бу масалалар мураккабдир. Ҳозир уларни ҳарбий трибуналда маҳкамага тортиш бўйича бошланган жараён иш берса ажаб эмас,” – деди Перино.

Обама гуруҳи ишлаб чиқаётган режага биноан Гуантанамо маҳбуслари АҚШ ҳуқуқий тизими доирасида маҳкама тортилади. Уларга нисбатан қийноқлар билан тенглаштирилган сўроқ қилиш усуллари қўлланилмайди ва уларга нисбатан АҚШ конституциясига мувофиқ тарзда муносабат қилинади. Гуантанамони ёпиш режасини ишлаб чиқаётган гуруҳ вакилларига кўра, президент Барак Обама энг мураккаб жиноят ишларини кўриб чиқадиган махсус суд тизимини жорий этишни таклиф этади.