Каримова: “Эрим ва ўғлимни қийнашаяпти”

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги айрим маҳбуслар ўзларига нисбатан қўлланилаëтган ноинсоний қийноқлардан Каримов ва Иноятовнинг хабари йўқ¸ деган ўйда президент ва МХХ раҳбарига қопга ëзилган мактуб ҳам йўллаган эдилар.

Тошкентлик Нодира Каримова ўзбек расмийларидан қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган эри ва ўғлига нисбатан қийноқлар тўхтатилишини талаб қилмоқда.

Нодира Каримованинг турмуш ўртоғи 45 ёшли Миразиз Каримов 2001 йилнинг май ойида ҳибсга олиниб, Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди қарорига кўра, Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш, таъқиқланган диний адабиётларни тайёрлаш ва тарқатиш, шунингдек, Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига алоқадорликда айбланиб¸ 13 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

"Эримнинг ўндан бири қолибди"

Айни пайтда Қаршидаги қамоқхонада сақланаётган Миразиз Каримов қийноқларга солинаётгани ҳақида хабар қилади унинг рафиқаси Нодира Каримова.

- Озиб¸ мазаси бўлмай, асабий бўлиб қолган. Психологик тарафдан ҳам жуда катта босим бўлганда унга. Ўндан бир қисми қолган, - деди маҳбуснинг хотини.


"Ўғлимни бориб кўрарга пулим йўқ"

Ҳозирда Нодира Каримованинг 23 ёшли ўғли Бекзод ҳам қамоқ жазосини ўтаётир. Бекзод 2003 йил ҳибсга олиниб, худди отаси сингари Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш, таъқиқланган диний адабиётларни тайёрлаш ва тарқатиш, шунингдек, "Ҳизбут-Таҳрир" ташкилотига алоқадорликда айбланиб¸ саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳозирда Бекзод Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаяпти.

Яқинда ўғли билан учрашиб қайтган Нодира Каримованинг Озодликка билдиришича, доимий қийноқлар натижасида ўғлининг соғлиги ёмонлашган.

- Боламни бир ярим йил деганда кўриб танимадим. Озиб¸ суяги қолган. Кеча яна хабар эшитдим. Жаслиқда яна тўполон бўлибди. Уларда ҳатто зулм кучайгани учун очлик эълон қилишибди, деб ҳам эшитдим. Ўшанга ҳозир юрагим сиқилиб ўтирибди. Борай десам пулим йўқ. Аҳволи роса ҳам ëмон экан ҳозир, - деди Каримова.

Нодира Каримова эри ва ўғлига нисбатан бўлаётган қийноқлар тўхтатилишини талаб қилар экан, ёрдам сўраб бир қанча ташкилотларга мурожаат қилган.


"Каримовлар касалманд бўлиб ётишибди"

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи” раҳбари Суръат Икромов ота-бола Каримовлар тақдири билан боғлиқ вазиятдан яхши хабардорлигини айтади:

- Улар у ерда қийноққа учратилиб¸ касалманд бўлиб ëтишибди. Менга маълум бўлишича¸ ҳозир диний эътиқод¸ 159-модда ва 244-модда билан айбланиб қамалганларнинг биронтасига нисбатан ҳали амнистия қўлланганини эшитганим йўқ, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Суръат Икромовга кўра, Ўзбекистонда ота-бола Каримовлар сингари қамоқхонада қийноқларга дучор бўлаётган маҳбуслар жуда кўпчиликни ташкил қилади.

Тошкентлик 14 ёшли собиқ маҳбус Шерзод Ҳайитматов ҳам орган ходимлари томонидан қийноқларга учрагани ҳақида бир ойча аввал “Озодлик” радиосига маълум қилганди.

- Оëғимга уришди. Кейин дубинка билан товонимга ва бошимга уришди, - деганди Шерзод Ҳайитматов.


"Маҳбуслар сиёсий қарашларни синдириш учун қийноққа солинаяпти"

Яқинда Бекободдаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров қийноқларга чидай олмай ўзини ўлдирмоқчи бўлгани ҳақида хабар тарқалганди. Шунингдек, қамоқхоналарда қолаётган Юсуф Жума, Норбой Холжигитов, Санжар Умаров, Аъзамжон Фармонов, Аъзам Турғунов сингари жуда кўплаб мухолифатчи ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан ҳам қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида хабар қилади “Эзгулик” жамияти.

Ташкилот раҳбари Васила Иноятовага кўра, сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши орқасида ҳукуматнинг аниқ мақсадлари яширинган.

- Шунақа бир қийноқлар қўлланилаяптики¸ мен бу ҳаракатларни кейинчалик уларни руҳан синдириш¸ бугунги тузумга бўлган сиëсий қарашларини синдириш¸ ҳатто уларни инсон сифатида дунë қарашларини ўзгартиришга қилинаëтган ҳаракат, деб биламан.


Ўзбекистон қамоқхоналарининг матбуот учун ёпиқ ҳудуд эканлиги кўпчиликка маълум. Шу боис ҳам мамлакат қамоқхоналаридаги аҳвол юзасидан мутасаддилардан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон қамоқҳоналаридаги қийноқлар бўйича мониторинг ўтказаётган ҳуқуқ фаолларига кўра, уларнинг қийноқлар борасидаги чиқишлари маҳаллий ва халқаро ташкилотлар томонидан деярли эътиборсиз қолдирилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса мамлакатда қийноқлар қўлланилишини ҳар доим инкор қилиб келади.