Жиззах вилоятининг Арнасой туманида кичик фермерлар ерларини қисқартириш ҳисобига катта фермер хўжаликлари ташкил қилиш ҳақидаги Президент фармойиши қўпол равишда бузилмоқда.
Бу ҳақда Арнасой туманидаги “Бухоро” сувдан фойдаланиш уюшмаси раҳбари ва фермер Оязимхон Хидирова Озодлик радиосига маълум қилди.
Фермер аёл сўзларига кўра, Арнасой туманида президент фармойиши тескарисига бажарилмоқда. Кичик ерли фермерлар қолиб, катта ерли фермерларнинг ерлари олиб қўйилаяпти. Фермер бунга иккита мисол келтиради:
- “Бухоро” сувдан фойдаланиш уюшмасига қарашли “Тўппосдавлат” фермер хўжалигининг умумий ер майдони 86 гектар. Шунинг 35 гектарига пахта эккан, қолган 45 гектарига ғалла эккан. Ғалла режасини 135 фоизга¸ пахтасини 110 фоизга бажарган. Раҳбари Хўжанов Акром деган одам, - деди Оязимхон Хидирова.
Демак, Хўжанов Акром раҳбарлигидаги “Тўппосдавлат” фермер хўжалиги давлатга пахта ва ғалла сотиш режаларини ортиғи билан бажарган. Ери 86 гектар бўлса-да, бу хўжалик тугатиладиган бўлди.
Хўш, бунга нима асос қилиб кўрсатилди?
- 2009 йилги ғалла ҳосилини ўз вақтида экмаганлиги учун, йиғилишларга келмаганлиги учун ëпилаяпти, - деди фермер.
Бу фермер хўжалиги барча режаларни уддалаб қўйганига қарамай¸ бу йил кузги дон экиш ишларига улгурмаган. Мана шу гуноҳи учун фермер 86 гектар еридан ажради-қолди.
“Майли, шундай ҳам дейлик, лекин бор-йўғи уч гектар ери бор бўлган «Ёғар ёмғир» фермер хўжалиги раҳбари эса ҳоким ўринбосарига яқин одам бўлгани учун унинг ери сақланиб қоляпти”, дея куйинган фермер аёл бунинг адолатсизлик эканини таъкидлайди.
- Уч гектар пахтаси бор одам пахтани сотиб олиб режани бажараяпти. Умуман йиғилишга¸ пахта теримига чиқмаган фермерникини туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича биринчи муовини очиб бераяпти. Мен: “Сувнинг раҳбари бўлиб ишлашимнинг нима фойдаси бор? Сиз 80 гектар ерни ëпаяпсиз-да, уч гектари бор одам сизга пул бераяпти-да, уникини очиб қўяяпсиз. Бу оқсоқол мўлтиллаб турибди. “80 гектар ерим бор¸ бунинг бўлса уч гектар ери бор - ҳақиқат қани”¸ деяпти. Нима қилиш керак? Президентимиз бундай деяëтган бўлса”, деб айтдим, - дейди Оязимхон Хидирова.
Арнасойлик Хидирова сўзларига кўра, гарчи туман ҳокими йиғилишларда фермерлар ерларининг йириклаштирилиш жараёни адолатли бўлишини талаб қилиб турган бўлса ҳам, ҳоким ўринбосари Мунаввар Собиров ўз билганича иш юритмоқда. Унинг эътирофича, бундай ҳолатлар туманнинг бошқа хўжаликларида ҳам кузатилмоқда:
- Бошқа совхозларда ҳам шундай ҳодисалар бўлиб ëтибди. Ҳар битта совхоздан ўзига қарашли учта-учта фермерларни очиб юбораяпти. Ҳақиқатнинг бўлганими шу, ака? - дея савол ташлайди фермер аёл.
Жиззах вилоятидаги фермерлар муаммоларини кузатиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Маъмуржон Азимов бундай ҳолатлар бўлаётганини таъкидлар экан:
- Асталик ва усталик билан иш олиб боришаяпти жуда ҳам, - деди.
“Хўш, ўша усталик билан деганингизнинг тагида не гап бор?” сўраймиз Маъмуржон Азимовдан.
- Ўзбекистонликларнинг ўзлари жуда яхши тушуниб олишади “асталик ва усталик билан” деган гапимни, - деди Маъмуржон Азимов тагдор қилиб.
Биз бу масалага ҳокимликнинг фикрини олиш мақсадида Арнасой тумани ҳокимиятига сим қоқдик.
Лекин телефон гўшагини кўтарган ходим масала моҳиятини изҳор қилганимиздан сўнг биз билан гаплашишни истамади ва гўшакни шарақлатиб қўйиб қўйди.