Касални яширсанг иситмаси ошкор этар

Марказий Осиë давлатлари матбуот эркинлиги бўйича жаҳон харитасида қоронғу ўлкалар сифатида тасвирланиб келмоқда.

Ўзбекистон ва минтақа оммавий ахборот воситалари ҳамда сўз эркинлиги дастуримиз диққат марказида.
Бугунги эшиттиришимиз мавзулари:

- Касални яширсанг иситмаси ошкор қилар. Наманган вилоятида болаларга ОИТС юқтириш ҳолатлари мустақил матбуотдан сир тутилмоқда

- Қирғизистонда президентни танқид этиш мумкин, кичикроқ давлат амалдорларни танқид қила кўрманг

- Президент Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев журналистлар махфий телефон сўзлашувларини ошкор қилди. Прокуратура бунга чек қўйишга ҳаракат қилмоқда

“Андижонда ҳам ОИТС касалида 2 та гўдак вафот этибди. Бу маълумот аниқ. Текшириб¸ суриштиришингиз мумкин. Бу менинг билганим. Биз билмаган ҳолатлар қанча!? Худо билади.”

Бу мактуб 15 ноябр куни “Озодлик” радиосининг электрон манзилига келди. Бу хабарни етказишга шошилган одам куни-кеча Намангандан олинган аянчли воқеалар кўлами анча кенглигини айтмоқчи бўлаётгандай.

Ўтган ҳафта қаторасига бир неча ахборот агентликлари Наманганда 40 дан зиёд болага ОИТВ вируси юқтирилгани ҳақида хабар тарқатди.

ОИТС муаммоси одам савдоси каби Ўзбекистонда бир қадар эркин гапириш мумкин бўлган мавзу ҳисобланади. Бироқ Намангандаги ҳолат ҳамон тўлалигича очилгани йўқ.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ОИТВ нинг ёш болаларга юқтирилгани ҳақида¸табиийки¸ оғиз очгани йўқ. Расмийлар ҳам бу ҳақда аниқ маълумотни бермади. Эҳтимол¸ шунинг учун воқеа атрофида турли фаразлар пайдо бўлаётгандир?

Бугунги “Тўртинчи ҳокимият” дастурида “Мазкур воқеаларни жамоатчиликдан яшириш ўринлими?” деган риторик саволга жавоб излаймиз.

ОИТВ юқтирилган болалар ҳақида дастлабки хабарлар пайдо бўлгач, аввал Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги кейин эса, Ўзбекистон бош прокуратураси уларни инкор қилди.

Бош прокуратура матбуот вакили Светлана Ортиқова:

- Бу гапларда ҳеч қанақа асос йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида текширишлар ўтказилган. Прокурорлар томонидан қонун ижроси устидан назорат олиб борилган. Шу назорат олиб бориш натижасида жиддий қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Шу бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги даврда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижонда ҳам ОИТСдан икки гўдакнинг вафот этгани ҳақида билдиришга шошилган тингловчимиз хабарини соғлиқни сақлаш мутасаддилари инкор этди. Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига сим қоқдик.

Озодлик: Ало, ассалому алайкум.

- Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Бу вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасими?

- Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Мен ким билан гаплашаяпман¸ кечирасиз?

- Бошлиқ ëрдамчиси Мамажонов билан.

Озодлик: Менинг исмим Алишер Сиддиқ. Мен сизга Озодлик радиосидан телефон қилаëтган эдим. Бизга Андижонда иккита гўдак ОИТСдан вафот этибди деган хабар келди. Шуни тасдиқлай оласизми? Умуман бу ҳақда нима дея оласиз?

- Хабар ким орқали борган билмадимку¸ лекин мен ўзим расман унақа хабарни эшитганим йўқ. Унақа хабар бўлса мен ҳам хабардор бўламан. Унақа нарса йўқ. Бўлса¸ айниқса¸ мен эшитишим керак эди.

Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг ёрдамчиси Мамажонов билан суҳбатимиз давомида Намангандаги воқеалар Андижонда ҳам акс-садо бергани маълум бўлди.

Озодлик: Андижон бўйича гўдакларга юқтириш ҳолатлари борми?

- Йўқ.... Гўдакларга юқтириш... умуман вазирликнинг буйруғи бўйича қон қуйиш мумкин эмас. Гўдакларга бир марталик нарсалар ишлатилади. Кўп марта ишлатиладиган нарсалар ишлатилмайди. Шу томонлари бор.

Озодлик: Лекин Намангандаги охирги воқеаларни эшитдингиз.

- Ҳа¸ хабарим бор. Биламан.

Озодлик: 40дан зиëд гўдакка ОИТС юқтирилгани ҳақидаги хабарлар.

- Энди у қуйилган препарат¸ доридан бўлган дейилаяпти ҳозирча. Наманганда бу 2007 йилнинг 12 ой давомида ва 2008 йил нинг 6 ойини энди якунлаганда содир бўлди. Шунинг учун вилоятда ҳаммасида текширув ўтказилган. Ўша препарат қуйилган беморлар болами ким бўлишидан қатъий назар¸ қайтадан қон олиб текширилган. У нарса бизда тасдиқланмади. Охирги натижалари Тошкентдаги республика лабораториясидан чиқиб келади. ОИТС вилоятда фақат гумон қилинади¸ холос. ОИТС деган ташхисни вилоятда қўя олмайди. Ҳатто ўлган куни ҳам унга қўя олмайди. Тошкентга боради ва 10 кунда республика лабораториясида натижаси чиқади.

Озодлик: Намангандаги воқеа сизларни хавотирга солдими?

- Ҳа¸ хавотирга солди. Гумон қилинган препарат таъқиқланди. Гумон қилинганларнинг касаллик тарихи очилиб¸ қайта текширилди. Бу бизнинг вилоят бўйича. Қолган вилоятларни мен билмадим. Бу нарса республика прокуратурасининг топшириғи билан қилинди. Керак бўлса¸ кечаси ухламасдан биз бу нарса билан шуғулландик.

Наманганда рўй берган воқеа борасида Ўзбекистондаги мустақил журналистлар ҳам маълумот олишга ҳаракат қилган. Интернет-журналисти Алексей Волосевич ўзининг барча уринишлари бесамар бўлганини айтади.

- Бу ҳақиқатми ёки ёлғон аниқлашга ҳаракат қилдим. Лекин уддасидан чиқмадим. Ҳамма жим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу хабарларни инкор этди. Лекин бу инкорлар бир тийинга қиммат. Уларга ишонч йўқ. Ўзбекистон ўта марказлашган давлат бўлгани учун ҳамма айб ҳукуматга ағдарилиши мумкин. Шунинг учун ахборот яширилади ёки инкор қилинади¸ - дейди Алексей Волосевич.

Наманганда болалар билан содир бўлган воқеа, Ўзбекистон ҳукуматининг матбуот эркинлиги фалсафаси борасида саволларни келтириб чиқарди. ОИТС ҳолатларини жамоатчиликка ошкор этиш тўғрими, ёки йўқ? Ушбу савол билан мен яна Андижон соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддисига мурожаат қилдим.

Озодлик: Биласиз Ўзбекистонда ОИТС муаммоси кўп вақт мобайнида ëпиқ муаммо ҳисобланган. Бу ҳақда гапирилмаган. Бу совет пайтидан қолган “Бизларда бунақа иллат йўқ” деб яшириш ғояси бўлган. Касални яширсанг¸ иситмаси ошкор қилади дейишади. Биз шу ҳолатларни яширишимиз керакми? Ўзбекистон матбуоти Намангандаги воқеаларни дейлик ëритгани йўқ. Ҳеч ким уни текшираëтгани ҳам йўқ. Сизнинг фикрингизча ОИТС ҳолатлари ошкор қилиниши керакми? Ëки буни яшириш керакми?

- Халқ уни тўғри қабул қила олса¸ қилиш мумкин. Агар ОИТС деган нарса ваҳима олиб келадиган бўлса¸ уни бошқача йўл билан тушунтириш керак. Бирон одам ОИТС билан касалланди дегандан кўра¸ ОИТС билан касалланишнинг ëмон томонларини миясига қуйиш¸ унинг қанақа қилиб юқиши¸ матбуотда айтилаëтган гаплардан кўра чуқурроқ кирган ҳолда тушунтириш мумкин. Гўдакларга юқтирибди¸ десангиз дарров тиббиëт ходимларига нисбатан¸ нима дейди¸ ëмон фикр уйғонади. Балки айб тиббиëт ходимларида эмасдир?

Мавзуга якун ясар эканмиз, Наманганда болаларга ОИТВ юқтирилганига ниҳоят тасдиқ топдик. Ўзбекистонда бундай ҳолатлар нима сабабдан сир сақланишини ҳам тушунгандек бўлдик. Бироқ барибир жамиятни қоронғуликда сақлаш сиёсати баттар ваҳимага сабаб бўлишини айтсак, яна ҳеч қандай янги гап айтмаган бўламиз.

Қирғизча матбуот эркинлиги

Қирғизистонда президентни танқид қилган газеталар бемалол фаолият юритаётган бир пайтда¸ кичик бир амалдор, масалан, туман солиқ назорати раҳбарини танқид қилган нашрларнинг босим остига олингани ҳолатларини кузатиш мумкин. Масалан, “Дефакто” газетаси туман солиқ инспекцияси раҳбарини, “Алиби” газетаси президентнинг жиянини танқид қилгани учун ёпилиб қолди. Президент Бақиевнинг аждарҳога ва қишлоқ раисига ўхшатиб чизилган карикатураларини босиб чиқарган газеталарнинг мушугини эса биров “пишт” демаётгандай таасурот қолдиради.

Бунинг сабаблари нимада? Мавзуни ҳамкоримиз Элмурод ўрганди.

Мавзу аввалида ушбу ҳафта қирғиз газеталари президент Бақиевни қай тарзда танқид қилганлари ҳақида тўхталиб ўтсак.

Масалан, “Репортер Бишкек” газетаси президент ҳақида “Кўринмас одам” сарлавҳали мақола чоп этган. Унда президентнинг Германияга бориб даволанишига қанча харажат кетгани, у қандай самолëт билан Германияга учиб боргани ҳақида гап кетади. Газета президент Бақиевни арзимас касалликни даволаш учун давлатнинг катта миқдордаги маблағини харжлаётганликда айблайди. Газетага кўра, бу касалликни анча арзон баҳода мамлакат ичкарисида ҳам даволаса бўлар эди.

“Очиқ сиёсат” газетаси эса “Бақиевнинг касали нега сир тутилмоқда ёки президент нега қирғиз медицинасига ишонмайди?” сарлавҳали мақолани нашр қилган. Мақолада президент қирғиз шифокорлари бемалол даволайдиган касални хорижда давлат бюджети ҳисобидан даволатаётганига норозилик билдирилади. Бундан ташқари президентнинг оиласи ҳам Германияга давлат ҳисобидан жўнатилгани танқид қилинади.

Бундан ташқари бошқа газеталарда президент Бақиевнинг турли карикатураларини учратиш ҳам мумкин.

Бироқ, мана шундай танқидий мақолаларни чоп этаётган нашрларга нисбатан ҳукумат, суд ёки прокуратура томонидан босимлар бўлаётгани сезилмаётир.

Айни пайтда, кичик амалдорларни танқид қилган газеталарга нисбатан эса босимлар бўлаётганини кўпроқ кузатиш мумкин. Бу ҳақда гапирар экан¸ жалолободлик журналист Абдумўмин Мамараимов мана буларни айтди:

- Карикатуралар билан чиқаришаяпти¸ катта айбловлар қўйишаяпти¸ айрим ҳолатларда ҳақорат деб қабул қилса бўладиган нарсалар ëзилиб кетаяпти. Демак¸ газета қандайдир қора рўйхатга тушаяпти. Вақти келиб ўша газетага нисбатан қандайдир чора кўрилади. Шундай қилиниши керакки¸ президентни танқид қилгани учун ëпилиб кетди деган гап чиқмаслиги керак. Мен шундай деб тушунаман.

Айрим кузатувчиларга кўра, президентни танқид қилиб туриш мамлакатда сўз эркинлиги мавжуд деган иддаони тасдиқлаш учун керак. Шу мақсадда ҳам президентни танқид қилган нашрларга босим кўрсатилмайди.

Кузатувчиларнинг айтишларича,агар газета мухолифат тарафига ўтса, ҳукумат уни турли йўллар билан йўқ қилишга ҳаракат қилади.

Масалан, “Дефакто” газетаси туман солиқ инспекцияси бошлиғини “порахўр” деб танқид қилгани учун ёпилиб қолди. Қирғиз парламенти депутати Бақит Бешимов суд ҳукми билан ёпилган мухолифатдаги “Дефакто” газетаси масаласи кўрилган парламент йиғилишида бу ҳақда мана буларни айтган эди:

- Коррупция ва қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида бир кунда қирғиз газеталари ўнлаб мақолаларни чоп этадилар. Нега энди ҳуқуқ тартибот тузилмалари уларга эътибор бермайдию, айни “Де факто” газетасидаги мақола юзасидан жиноят иши очади? Бунинг сабаби аниқ: прокуратура мухолиф газеталар фаолиятини тўхтатиш ҳақида ҳукуматнинг сиёсий буюртмасини олган, - деди Бақит Бешимов.

Ўшлик журналист Алима Шарипова эса бундай фикрларга қўшилмайди. Унга кўра, агар нашрлар ўз танқидий чиқишларини далиллар билан исботлай олсалар, газетага ҳеч қандай босимлар бўлмайди. Қирғиз газеталарида эса кўпинча асоссиз танқид ва ҳатто туҳматни ҳам кузатиш мумкин, деб ҳисоблайди журналист.

- Эркинлик, энг аввало танқидий мавзуларда мақолалар ёзувчи мухбирларнинг масъулиятли бўлиши, демакдир. Масалан¸ президент Бақиевнинг Германияда даволаниши танқид қилинди. Лекин у ҳам ҳамма фуқаролар каби даволаниш ҳуқуқига ёки даволаниш жойини танлаш ҳуқуқига эга. Бу ҳақиқатни ҳам унутмаслигимиз керак. Айни пайтда¸ танқид туҳмат шаклида ҳам бўлмаслиги лозим. Агар мана шу икки тушунчани бир-биридан ажрата олсак, нашрларимизга ҳеч қандай босим кўрсатилмаган бўлар эди, -деди Алима Шарипова.

Манъ этилган суҳбатлар

Ўтган ҳафтада Қозоғистон Бош прокуратураси Роҳат Алиев томонидан тақдим этилаётган телефон сўзлашувларини чоп этган нашрлар фаолиятига тўсиқ қўйишини маълум қилди. Журналистлар эса прокуратурани қонун ижросини назорат қилиш ўрнига сиёсий буюртмани бажараётганликда айбламоқдалар.

Тафсилотлар Олмаотадаги ҳамкоримиз Комила Собирова лавҳасида.

Бош прокуратура баёнотида Алиев шахсига алоҳида эътибор қаратилган. Унда президентнинг собиқ куёви уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилиб, бу гуруҳ ёрдамида стационар ва мобил телефонлар орқали юритилаётган суҳбатларни ёзиб оладиган техник ускуналарни ноқонуний йўл орқали қўлга киритгани урғуланади. Жиноятчи Алиев томонидан тақдим этилаётган телефон сўзлашувлари ноқонуний ёзувларини чоп этган ОАВ лари эса мамлакат “ОАВ лари ҳақида”ги қонунга зид равишда иш тутганликда айбланиб, қаттиқ жазога тортилиши уқтирилади.

Бош прокуратура ўз баёнотида мамлакатда мухолифат нашри сифатида танилган иккита газета, яъни “Свобода слова” ва “Тасжарған”ни прокуратура огоҳлантиришларини менсимаётганликда ҳам айблади.

“Тасжарған” газетаси журналисти Ермурод Бапи мазкур баёнот юзасидан “Озодлик”ка мана буларни айтди:

- Бизнинг газета ҳукумат яратган аппарат ёки машина эмас, бизни тепадан туриб бошқариб бўлмайди. Биз ўқувчига турли таом таклиф қиламиз, у шулар орасидан танлаб, истаганини истеъмол қилиши мумкин. Газетамизда турли мазмундаги мақолалар чоп этилган ва бундан буён ҳам шу қабилда давом этади. Роҳат Алиев томонидан тақдим этилаётган телефон сўзлашувларининг ёзувлари ўқувчиларимизга қизиқарли экан, биз улар ҳақида ёзаверамиз, дейди журналист.

“Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи ташкилот раисаси Тамара Калеева эса¸ Бош прокуратура баёнотини ҳукуматнинг сиёсий буйруғи сифатида баҳолайди:

- Агар бу телефон сўзлашувларининг мазмуни хусусида гапирсак, унда кишининг шахсий ҳаётига алоқадор гапни деярли учратмаймиз. Бу асосан одамлар тақдирига билвосита ёки бевосита алоқадор бўлмиш давлат сиёсатини белгиловчи йирик мансабдорларнинг сўзлашувларидир. Одамларни нималар кутаётгани, уларни ким бошқараётгани ва мансабдорлар одамлар манфаати учун қандай ишлар қилаётганлари ҳақида жамият билишга ҳақли, дейди Калеева.

Мустақил журналист Сергей Дуванов эса Бош прокуратуранинг ўзи қонунни бузаяпти, деб ҳисоблайди:

– Оммавий ахборот воситалари Роҳат Алиев ёки бошқа бир киши телефон ёзувларини чоп этмасликлари шарт, деб ҳеч жойда айтилмаган. Бировнинг бегона одамлар суҳбатини яширинча эшитиши - бу масаланинг аҳлоқий жиҳати. Бундай одам ўз виждони олдида жавоб бериши керак. Қонун нуқтаи назаридан эса ОАВга бу каби нарсаларни чоп этишни ман қиладиган модданинг ўзи йўқ, дейди Сергей Дуванов.

Қайд этиш жоизки, маҳаллий матбуот чоп этган телефон сўзлашувларида мамлакат раҳбари Нурсултон Назарбоевдан тортиб, мухолифат вакиллари ҳамда йирик топ-бизнесменларнинг очиқ-ойдин телефон суҳбатлари акс этган.

Роҳат Алиевнинг таъкидлашича, ўзи томонидан тақдим этилаётган бу телефон сўзлашувлари ёзмалари ҳақиқий ва суҳбатларни Қозоғистон ҳукуматидаги кишиларнинг асл юзини фош этмоқчи бўлган мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитасидаги офицерлар ёзиб олганлар.

Алиевга кўра, бу суҳбатлар элга ошкор этилганидан сўнг¸ Миллий хавфсизлик қўмитасининг ахборот бўлимини бошқарган ва ушбу телефон ёзмаларини Алиевга етказиб берган Жўмарт Мажренов юқоридан келган топшириқ асосида Миллий хавфсизлик қўмитаси қамоғида зўрлаб ўлдирилган.