Денгиз қароқчилари қўлга олган Саудия Арабистонига қарашли улкан нефт танкери Сомалидаги қароқчилар порти яқинида сувга лангар ташлади.
"Сириус юлдузи" номли кема Саудия Арабистонининг Aramco нефт ширкатига тегишли бўлиб, унга 2 миллион баррел нефт ортилган. Бу Саудия Арабистони бир кунда қазиб чиқарадиган нефтнинг тўртдан бир қисмини ташкил этади ва у 100 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилмоқда. Бу шу пайтгача денгиз қароқчилари қўлга олган энг катта кемадир. Унинг экипажи 25 киши, жумладан, Британия, Польша, Хорватия, Саудия Арабистони ва Филиппин фуқароларидан иборат.
18 ноябр куни Афинада сўзлаган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Сауд ал-Файсал нефт танкерининг қароқчилар томонидан қўлга олинганига муносабат билдирди:
- Қароқчиларнинг ғазабни қўзғатувчи ушбу хатти-ҳаракати, менимча, Қизил денгиз соҳилида жойлашган давлатлар ва халқаро ҳамжамият томонидан қароқчиларга қарши курашиш кераклиги тўғрисида қатъий қарор қабул қилишга туртки бўлади. Қароқчилик терроризм каби ҳаммага қаршидир. Бу йўқ қилиниши зарур бўлган касалликдир, - деди Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири.