Инсон ҳуқуқлари баҳс марказида

Айрим мустақил кузатувчилар¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг БМТ кенгашида муҳокама этилиши¸ халқаро ҳамжамият диққатини Ўзбекистондаги асл вазиятга қаратишига умид қилмоқдалар.

11 декабр куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши илк бор Ўзбекистондаги вазиятни муҳокама этади. Ушбу муҳокамалардан сўнг кенгаш бу масалага фақат тўрт йилдан сўнг қайтиши мумкин...
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистондаги вазият танқид этилган ўнлаб ҳужжатлар ҳамда расмий Тошкент томонидан тақдим этилган ҳисоботга таяниб¸ мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш бўйича ўз тавсияларини беради.

БМТ нинг икки йил аввал таъсис этилган ушбу кенгаши жорий йилдан бошлаб янги механизм асосида ишлаяпти.

Жорий йилдан бошлаб кенгаш истисносиз барча давлатлардаги инсон ҳуқуқлари вазиятини бирма-бир кўриб чиқишни бошлади.

Бу эса дастлаб жорий этилган тартибдан мутлақо фарқ қилади ва 2007 йилдагидай Ўзбекистон ва Эрон каби давлатлардаги инсон ҳуқуқлари вазияти муҳокамасини четлаб ўтишга имкон қолдирмайди.

2007 йилда ёпиқ тартибда ишлаган БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистон ва Эрондаги инсон ҳуқуқларига оид текширувни тўхтатишга қарор қилиб, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини таъжублантирган эди.

“Кенгаш аъзолари мазкур давлатларга оид махфий қарорлар ва материалларни ошкор этишга ҳақли эмас” – дея эълон қилган эди ўшанда Инсон ҳуқуқлари кенгаши президенти Луис Альфонсо Де Алба.

Ушбу қарордан сўнг АҚШ БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари кенгашининг самарасиз тузилма эканини яна бир бор таъкидлаган эди.

- АҚШ нинг бу қарордан жуда ҳафсаласи пир бўлди. Кенгаш бу давлатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аянчли вазиятни кўриб чиқишга қодир бўлмаётганидан афсусдамиз. Бу янги кенгашнинг ҳафсалини пир қилувчи тузилма эканига яна бир далилдир – деган эди Женевадаги АҚШ миссияси вакили Брукс Роббинс кенгаш қарорини изоҳлай туриб.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий идораси ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари кенгаши таркибига демократик қадриятлар ва инсон ҳуқуқларидан йироқ давлатлар ҳам кирган.Шу ўринда¸ Ўзбекистон ва Эрондаги вазият муҳокамасининг Озарбайжон, Зимбабве ва Бангладеш томонидан тўхтатиб қолинганини эслаш кифоя.

АҚШ нинг бу давлатларни кенгаш таркибидан чиқариб ташлаш талаби ҳамон амалга ошмай қолмоқда. Кенгашни бойкот қилаётган АҚШ иштирокисиз эса, бу тузилма жиддий халқаро таъсирга эга бўлолмайди.

Кескин танқидларга жавобан БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши тўрт йил давомида дунёнинг барча давлатларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятини бирма-бир кўриб чиқишни назарда тутувчи “Умумжаҳон даврий ҳисоботи” тартибини киритди.

Ушбу тартиб асосида Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 1- 12 декабр кунлари бўлиб ўтадиган учинчи сессиясида Ўзбекистон билан бир қаторда Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил, Буркина Фасо ҳамда Люксембургдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи муҳокама этилади.

Ҳозирча муҳокамалардан аввалги тайёргарлик қизғин кетмоқда.

Шу кунга қадар кенгаш 17 та ташкилотнинг Ўзбекистонда фуқароларнинг деярли барча фундаментал ҳуқуқлари поймол этилаётгани акс эттирилган ҳисоботларни қабул қилиб олди. Ўз ҳисоботини тақдим этган гуруҳлар орасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи етакчи халқаро ва маҳаллий ташкилотлар бор.

11 декабр куни Женевада халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида Тошкент расмийлари билан баҳс этадилар. Ушбу мунозараларни БМТ нинг Инсон ҳуқуқлар кенгашига аъзо Никарагуа, Миср ва Индонезия вакиллари кузатади ва кейинроқ ўз муросавий хулоса ва тавсияларини эълон қилади.

Бу жараён Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига жиддий таъсир этмаса-да¸ ушбу муҳокамалар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига дунё жамоатчилиги эътиборини қаратишга хизмат қилади¸ дейди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари маркази таҳлилчиси Алишер Илҳомов

- Бу муҳокамалар жамоатчилик фикрига таъсир этиши мумкин. Кейинчалик Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан берилган тавсияларни қанчалик бажараётганини кузатиб¸ бу борада унга жамоатчилик орқали босим ўтказиш имкони пайдо бўлади¸ - дейди Алишер Илҳомов.

Мустақил кузатувчилар¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг кундан-кунга ëмонлашиб бораëтганидан бонг ураëтганига қарамай¸ БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 11 декабр муҳокамасидан сўнг Ўзбекистондаги вазият масаласига фақат тўрт йилдан кейингина қайтиши мумкин.