Буш Бағдодда эркин жамиятни кўрди

Пойафзал ҳужуми чоғида Ироқ бош вазири ўз олий мартабали меҳмонини иккинчи пой туфлидан ҳимоя қилишга уринди.

Якшанба куни сўнгги хайрлашув ташрифи билан Бағдодга борган АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ бош вазири билан қўшма матбуот анжумани ўтказди.Унда қатнашган бағдодлик журналист Бушга Ироқ билан унутилмас видолашув уюштирди.
Телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган матбуот анжуманида Президент Буш сўз навбатини Ал-Маликийдан қабул қилиб олар экан, араб тилида “Шукран жазилан” дея миннатдорчилик билдирди.

Шу онда залда ўтирган журналистлардан бири ўрнидан туриб, “Мана сенга ироқликлар ҳадяси ва хайрлашув бўсаси, кўппак” дея иккала пойафзалини президент Бушга қарата улоқтирди.

Президент Буш чап бериб қолмаганида¸ пойафзалдан камида биттаси унинг бошига тегар эди. Бушни пойафзали билан нишонга олган журналистнинг Ал-Бағдадия телевидениесининг маҳаллий мухбири Мунтағар Аз-Зайдий экани маълум бўлди.

Бир зумда хавфсизлик хизматининг ўнга яқин ходимлари унга ёпирилиб, бошини бураб, оёғини ерга теккизмасдан ташқарига олиб чиқди. Бу ҳаракат чоғида фақат журналистнинг оғриққа чидай олмасдан қилган дод-войини эшитиш мумкин бўлди¸ холос.

Бушга қилинган пойафзал ҳужуми ушбу видеолавҳада акс этган. Лавҳани кўриш учун суратни босинг..

Бир муддатдан сўнг матбуот анжумани яна давом эттирилди. Табиийки¸ авваламбор журналистлар Бушнинг бўлиб ўтган ҳодисага муносабати билан қизиқди.

Президент Буш бу воқеани ўзи билан содир бўлган энг ғалати воқеа бўлганини эътироф этар экан, воқеани норозилик билдиришнинг бир кўриниши дея оқлашга ҳаракат қилди.

- Буни митинг пайтида одамларнинг сизга бақиргани билан, кўчада кетаётганингизда одамлар сизга бир бармоғини кўрсатгани билан таққослаш мумкин. Эркин жамиятда бундай ҳолатлар бўлиб туради, одамлар шу тариқа ўзларига эътибор қаратишга ҳаракат қилади. Шубҳасиз¸ бу одам ҳам ўзига анча эътиборни қарата олди¸ – деди Жорж Буш.

Ироқ удумларига кўра, бир кишига қарата пойафзал отиш, унга нисбатан нафрат ифодасини англатади.

Кўпчилик¸ Ироқ собиқ диктатори Саддам Ҳусайннинг ҳайкали бузиб ташланганида¸ ироқликларнинг ҳайкал олдига келиб уни ўз калиши билан урганини ҳамон яхши эслайди.

Қолаверса¸ куни кеча Бушнинг Бағдодга ташрифидан аввал уюштирилган норозилик намойишида АҚШ президентининг улкан сурати кўчага осиб қўйилиб, намойишчилар унга қарата пойафзал улоқтиришган эди.

Президент Буш журналистнинг бевосита ўзига қарата пойафзал отгани Ироқ халқининг муносабатини акс эттирмаслигини айтиб, бу қилмишдан ўзининг мутлақо таҳқирланмаганини билдирди.

Ироқ уруши борасида Ғарбда ҳам сиёсатчилар кўп бора таҳқиромуз норозиликларга дучор бўлишган.

Икки йил аввал қўлини қонга ўхшатиб алвон рангга бўяган аксилуруш фаолларидан бири, “Сен уруш жиноятчисисан, қўлинг қон ва уни ювиб ташлолмайсан” дея Конгресс эшитувларида АҚШ давлат котиби Кондолиза Райсга бақира кетган эди.

Кейин эса¸ Сидней университетида рўй берган худди шундай ҳодисага жавоб берган Кондолиза Райс:

“Бир кун келиб Бағдод ва Кобул университетларига ҳам демократия кириб боришидан хурсандман”- деган эди.

2004 йилда Британия парламентида Ироқ борасидаги саволларга жавоб берган пайтида собиқ бош вазир Тони Блейрга презервативга солиниб¸ қизғиш рангга бўялган ун бомбачаси отилган эди.

Бироқ Бағдодда рўй берган сўнгги ҳодиса журналист томонидан содир этилди ва унинг кейинги тақдири номаълум қолмоқда.

Ал-Бағдадия телевидениеси ўз мухбирини “ўта ватанпарвар” дея оқлаб¸ унинг дарҳол озод қилинишини талаб қилмоқда.

Бағдоддаги Озодлик мухбири Одил Маҳмуд ироқликларнинг муайян гуруҳлари учун журналист Мунтағар Аз-Зайдий қаҳрамонга айланганини айтади.

- Жамиятимиз айрим жўн урф-одатлардан холи эмас. Айримлар учун бундай нарсалар жуда кўп нарсани англатади. Шундай менталитетга эга одамлар буни ҳатто байрам қилиб нишонлайди. Бу одамнинг ишини террорчилар ҳам қўллаб-қувватлайди. Аслида эса¸ бу бир мағлубиятни тан олиш билан баробардир¸ - дейди Одил Маҳмуд.

Бағдод ташрифи давомида президент Буш АҚШ қўшинларининг бундан кейинги Ироқдаги мақомига оид келишувга имзо қўйди.

Ушбу келишувга мувофиқ АҚШ қўшинлари ҳеч қандай шартсиз уч йил ичида Ироқ ҳудудини мутлақо тарк этишлари керак.