Танқиднинг жазоси калтак... ми?

Озодлик радиоси қозоқ хизмати ходими Ермек Бўлтаев сўнгги пайтларда кўпроқ иқтисодий мавзуларда танқидий мақолалар ёзиб келаëтган эди.

Қозоғистонда сўнгги пайтларда мамлакатда журналистларни калтаклаб кетиш, танқидий материаллар учун уларни жаримага тортиш каби ҳодисалар кўп кузатилмоқда.
Кузатувчилар 2009 йил Қозоғистонда фаолият юритаётган мустақил нашрлар ҳамда маҳаллий журналистлар учун қийин келганини қайд этмоқда.

16 январ куни Олмаота шаҳрининг Медеу туман судида парламент депутати Ромин Мадиновнинг мухолифат нашри бўлмиш “Тасжарған” газетаси ва унинг журналисти Алмас Кушербоевга нисбатан даъво аризаси кўриб чиқилди.

Газета таҳририяти ва унинг ходимини парламент депутатини таҳқирлашда айбдор деб топган суд даъвогарга маънавий зарар етказгани учун нашр ва журналистга нисбатан 3 миллион қозоқ тангаси, яъни қарийб 30 минг АҚШ доллари миқдорида жарима тайин қилди.

Бироқ кузатувчилар мазкур мақоланинг мамлакатда содир бўлаётган иқтисодий ва сиёсий муаммоларни таҳлил қилиш ва унга фикр билдириш нуқтаи назарида ёзилганини таъкидламоқдалар.

Журналист Алмас Кушербоев қозоқ суди бу ҳукмни журналистларни чўчитиб қўйиш ниятида чиқарди, деган фикрда:

- Бу суд бўлиб ўтдими, демак, журналистларни қўрқитув аппарати ишга тушди. Бу каби ишлардан одам ваҳимага туша бошлайди.

Бундан буён журналистлар мамлакатда содир бўлаётган сиёсий ва иқтисодий жараёнларга қарши фикр билдирмасликка, “оч қорним, тинч қулоғим” қабилида иш тутишларига тўғри келади, - дейди мухолифатчи журналист.

Қайд этиш жоизки, ўтган йил сўнгида Қозоғистондаги яна бир мухолифатчи журналист Артем Миусов номаълум кишилар томонидан пичоқлаб кетилганди.

Кузатувчилар эса бу ҳодисани барча мухолифатдаги нашрларга бўлган бир огоҳлантириш сифатида баҳолагандилар:

- Бу ҳукумат тепасида ўтирган амалдорлар томонидан журналистларга қарши амалга оширилаётган иш, деб ўйлайман, деган эди мухолифатдаги журналист Ермурод Бапи музкур воқеага муносабат билдираркан.

“Немис тўлқини” радиосининг Қозоғистондаги журналисти Анатолий Вайскопф эса охирги пайтларда мамлакат расмийлари журналистларга ҳукумат билан “сен-мен”га бормаслик бўйича ишора-огоҳлантиришлар бераётганлари ҳақида гапиради:

- Ҳозир ҳукумат журналистларни “муайян чизиқдан ўтсангиз, кўнгилсизликларга дучор бўласиз” қабилида огоҳлантира бошлади. Яхшиямки огоҳлантиришаяпти, авваллари шу ҳам йўқ эди, дейди “Немис тўлқини” радиосининг Қозоғистондаги журналисти.

Ҳозир Қозоғистонда нафақат маҳаллий, балки хорижий ОАВлари ходимлари ҳаётига бўлган хавф ҳам ортиб бораётганини кузатиш мумкин. Ўтган якшанба куни Олмаотада “Озод Европа/Озодлик” радиосининг қозоқ хизмати журналисти Ермек Бўлтаев номаълум кишилар томонидан калтаклаб кетилди.

Сўнгги вақтларда Қозоғистонда иқтисодий муаммолар мавзуида танқидий мақолалар ёзиб келган Ермек Бўлтаевга ҳужум юзасидан Олмаота шаҳар полицияси ҳозирда жиноий иш очган.

Қизиғи шундаки, журналистнинг боши шиша билан урган 5 киши унинг ёнидаги пул ва бошқа буюмларга тегмаган. Шу сабабли ҳам Бўлтаевга нисбатан уюштирилган ҳужумни унинг касбий фаолияти билан боғламоқдалар.

Бу ҳодиса юзасидан баёнот берган Озодлик радиоси президенти Жеффри Гедмин, радио ходимига бўлган ҳужум айнан Ермек Бўлтаев бажараётган иш орқали Озод Европа/Озодлик радиосига бўлган ҳужум эмас, балки Қозоғистондаги матбуот эркинлиги ва мамлакатдаги тараққиётга бўлган ҳужум сифатида баҳолади.