Демократия ëки хавфсизлик?

Таҳлилчилар¸ дунëнинг чор тарафидан туриб Барак Обамага умид кўзи билан қараëтганларни¸ янги Вашингтон раҳбарининг ҳам асосан АҚШ манфаатларини ҳимоя қилажагидан огоҳлантирмоқдалар.

Янги президент Барак Обама қарашлари Жорж Бушникидан кескин фарқ қилса-да, Обама даврида ҳам АҚШ нинг Ўзбекистон сиёсати ўзгаришсиз қолиши мумкин.
Обаманинг сайлов олди шиорига айланган “Ўзгариш қиламиз” ибораси ҳозирда “Ўзгариш ясаш - сизнинг қўлингизда” деган иборага алмашди.

Ҳамон Барак Обама сиёсатига катта умидлар боғланмоқда. Хусусан АҚШ нинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё борасидаги сиёсатини самаралироқ қилиш учун Обама Бушдан фарқли ўлароқ нималарни қилиши лозим?

Бушнинг 8 йиллик президентлиги даврида Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари икки қарама-қарши қутбни бошидан кечирди.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг Афғонистондаги толибон режимига қарши уруш очган президент Буш Марказий Осиёнинг авторитар раҳбарлари билан мисли кўрилмаган даражада яқинлашди.

Минтақада АҚШ ҳарбий ҳаво базалари пайдо бўлди-ю, инсон ҳуқуқлари вазияти абгорлигича қолаверди.

2005 йил 13 май куни Андижондаги намойиш қонли бостирилганидан сўнг, Тошкент режими АҚШ билан муносабатларни деярли тўхтатиб қўйди. Мамлакатда АҚШ нинг деярли барча нодавлат ташкилотлари фаолияти таъқиқланди. Хонободдаги ҳарбий ҳаво базасидан америкаликлар чиқариб юборилди.

Ҳар иккала ҳолат учун Бушнинг ташқи сиёсатини айблаганлар бўлди. Ниҳоят бугунги кунда АҚШ расмийларининг баъзан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ҳатто мақтаб чиқаётгани бундан-да жиддий эътирозларга сабаб бўлаётир.

Марказий Осиёга нисбатан бундай сиёсат дебочасини террорчиликка қарши курашни демократия ва инсон ҳуқуқларидан кўра устун қўйган Буш маъмурияти очиб берди¸ дейди Марказий Осиё давлатлари бўйича етакчи экспертлардан бири Алишер Илҳомов.

- АҚШ нинг аввалги сиёсатидан Марказий Осиёда ўтиш даври ўз самарасини бермаётир қабилидаги пессимистик бир хулоса ясаш мумкин эди. Шу боис минтақани жанубий Осиёга қўшиб, бу ерда кўпроқ хавфсизлик масалаларини устун қўйишга қарор қилинди.

Буни Буш маъмуриятининг хатоси деб ҳисоблайман ва Обама даврида Марказий Осиёда демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари масаласига устуворлик берилади деб умид қиламан¸ дейди Алишер Илҳомов.

Унга кўра, Обама даврида АҚШ нинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларида инқилобий ўзгаришларини кутиб бўлмайди.

Британиялик тадқиқотчи Ширин Акинер бунинг сабабларини Обама олдида Марказий Осиёдан кўра муҳимроқ муаммолар тургани билан изоҳлайди.

- Барибир тан олиш зарур, Марказий Осиё ҳозирги кунда Обама кун тартибидаги асосий масалалар қаторида эмас.

АҚШ нинг янги маъмурияти олдида турган энг асосий масалалар Ироқ ва Афғонистондаги уруш ҳамда жаҳон иқтисодий бўҳрони экани ҳаммага маълум.

Марказий Осиёда АҚШ нинг энг мураккаб ҳамкори саналган Ўзбекистон билан муносабатларга келсак, бу муносабатлар бир қадар яхшиланди ва бу жараён давом этса керак.

Чунки Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун АҚШ Ўзбекистон орқали амалга ошириладиган юк ва ҳарбийлар транзитига муҳтож¸ дейди Акинер хоним.

Буш маъмуриятининг Марказий Осиё бўйича сиёсатини Акинер хоним “оппортунистик” сиёсат деб атади ва Бушдан фарқли ўлароқ Обама изчилроқ ва босиқроқ сиёсат юритиши кераклигини таъкидлади.

Президент Буш Оқ уйни Обамага бўшатиб берар экан, АҚШ нинг Тошкентдаги элчиси Ричард Норланд ўз лавозимини сақлаб қоладиган кўринади.

Элчихонанинг расмий вакили Кэрол Фаҳардонинг айтишича, Ўзбекистон билан алоқаларни яхшилаш элчи Норланд кун тартибидаги асосий масала бўлиб қолаверади.

- Биз икки давлат ўртасидаги муносабатлар аста-секин яхшиланишига доимо умид қиламиз¸ деди элчихона расмийси.

Обама даврида қандай ўзгаришларни кутиш мумкин деган саволимизга жавобан:

- Америка орзулар ушаладиган давлатдир. Биз орзуларимизни атрофимиздаги барча одамлар билан баҳам кўришни истаймиз.

Келажакда нима бўлар экан деб, АҚШ га умид кўзи билан қараётганлар янги ҳукуматда ўзлари учун жозибали ва ишонишга арзигулик хислатларни¸ албатта¸ топади, дейди АҚШ расмийси.