Тошкент- Москва яна синов босқичида

Россия матбуотига кўра¸ Тошкент сафари давомида Медведев Каримовнинг қай манзилни кўзлаëтганини англашга уринади.

Ўзбек матбуоти Медведевнинг Тошкент сафари борасида қисқа расмий хабар билан чекланган бўлса, Россиянинг аксар нашрлари учун бу сафар етакчи мавзуга айланди.
“Тошкентда Дмитрий Медведев Ислом Каримовни ақалли нимагадир имзо қўйишга кўндиришга ҳаракат қилади”- деб ёзди Коммерсант газетаси.

Коммерсант шарҳловчиси Владимир Соловъев Москва ва Тошкент муносабатлари инқирозга юз тутаётганини айтар экан, ташриф арафасида томонларнинг ҳатто имзоланажак ҳужжатлар рўйхати борасида келиша олмаганини маълум қилади.

“Ўзбекистон орқали Тожикистонга Россия ҳарбий юклари транзитини амалга ошириш имконини берувчи ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши мавҳум қолаётир.

Шунингдек Каримовнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг ҳарбий таркибини кучайтиришга оид Москва ташаббусини қўллаб- қувватлаши ҳам аниқ эмас”- дейилади “Коммерсант” газетасида.

“Красная звезда” газетаси Тошкент-Москва муносабатларини яхшилашга Ғарб халал бераëтганини даво қилади.

“АҚШ ва Европа Иттифоқи Ғарб билан муносабатларини яхшиламоқчи бўлаётган Тошкентга ЕврАзЭС ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотларидан чиқишни шарт қилиб қўйган кўринади” – деб ёзди газета мухбири Олег Горупай.

“Правда” газетаси Медведевнинг ташрифи борасида ҳозирча Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида пайдо бўлган ягона хабарга ҳам чалкашлик киритади.

Ўзбекистон расмий хабарида Медведевнинг Каримов таклифига биноан Тошкентга ташриф буюргани айтилган бўлса, “Правда” га кўра, Медведев Каримов сўзлашувлари Россия томонининг ташаббуси билан ўтказилмоқда.

“Тошкент ўз сиёсий ориентациясини яна ўзгартириши мумкинлигини Москвага аниқ-тиниқ кўрсатди. Бунга эса йўл қўйиб бўлмайди.

Гап шундаки, Ўзбекистоннинг бир заиф томони бор. Бу мамлакат Россия ҳудудида ишлаётган юз минглаб фуқаролари жўнатаётган валютага муҳтож.

Иқтисодий бўҳрон шароитида 2008 йил охирида Каримовнинг Москвадан ўз фуқароларининг Россияда қолиб ишлашига имкон берилишини илтимос қилгани бежиз эмас. Ўзбекистон Россияга ён босса¸ бу масала ҳал бўлиши мумкин”- деб ёзади “Правда” газетаси.

Ниҳоят¸Рейтер ахборот агентлигига муносабат билдирган Москвадаги Карнеги марказининг таҳлилчиси Алексей Малашенко жорий иқтисодий бўҳрон шароитида Ўзбекистон учун Ғарб давлатлари жозибалироқ кўринаётганини таъкидлайди.

“Ғарбда бўҳрон тезроқ тугайди ва Россиядан кўра, Ўзбекистонга Ғарб давлатларидан тезроқ пул кела бошлайди”- дейди таҳлилчи.