Покистон Обама қарорини олқишлади

Расмий Исломобод АҚШ президенти Барак Обаманинг Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш тўғрисидаги фармойишини олқишлади.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Обаманинг мазкур қарори қонун устиворлигини таъминлаш йўлида олдинга ташланган қадам бўлиб ҳисобланади.

Покистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Покистоннинг 68 та фуқароси АҚШнинг Кубадаги қамоқхонасида бўлган ва улардан беш нафари ҳозирги кунгача у ерда сақланмоқда.

23 январ куни Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳам АҚШ президенти Барак Обаманинг Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш тўғрисидаги фармойишини олқишлаган эди.