Индаганлардан яна бири қамалди

Дилмурод Саййиднинг фуқаролик кийимидаги одамлар томонидан ҳибсга олиниши¸ мобил телефонида ўз аксини топди.

Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари ва журналистларни уюштирилган айблар асосида қамаш давом этмоқда - 22 феврал куни Тошкентда журналист ва “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Дилмурод Саййид ҳибсга олинди.
2005 йилда журналистик фаолияти туфайли тазйиққа учраган Дилмурод Саййид сўнгги йиллар давомида ўзини ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида синаб кўрди ва бу жабҳада ҳам яна ҳукумат босимига учради.

Журналистнинг рафиқаси Барно Жуманова якшанба куни унинг ҳибсга олиниш тафсилотларини ҳикоя қилади.

- Биз уйимизга келдик. Охирги подъездда турамиз. Эшикни очиб мен кирдим¸ қизим кирди¸ орқасидан хўжайиним кирсалар кимдир келди ва шундай ëқасидан ушлаб¸ кўчага судраб олиб чиқиб кетди. Ҳайрон бўлиб чиқдим. Қизим чириллаб йиғлаб қолди.

Йўлда турган гавдали одам хўжайинимнинг ëқасидан маҳкам ушлаб турибди. Хўжайиним ҳам ҳайрон бўлиб қолдилар. “Нима қилаяпсиз¸ кимсиз¸ нимага ушлайсиз¸ ордерингиз борми?” деса¸ “Биз билан борасан. Мен бошлиғимнинг буйруғини бажардим” дейди.

Хуллас Солиқ ва валютага қарши департамент дедими¸ шунақа бир бўлимдан экан. Тошкентда Лабзакда экан. Кейин гувоҳномасини кўрсатди. Фақат исми эсимда қолди. Зуҳриддин экан¸ дейди Дилмурод Саййиднинг турмуш ўртоғи Барно Жуманова.

Дилмурод Саййид Тошкентда кечки пайт машинага босиб олиб кетилгач¸ тунги соат бирда уйига телефон қилди. Эртаси куни эрталаб эса Самарқанд вилоят прокуратурасининг тергов изоляторига ташланди.

- Кечқурун хўжайиним телефон қилиб¸ “Қорним жуда оч қолди¸ ҳам совқотаяпман” дедилар¸ дейди Барно Жуманова.

Айтилишича¸ вилоят прокуратураси қошидаги Солиқ ва валюта жиноятларига қарши кураш департаменти, бир аёл аризасига кўра, Саййидни товламачиликда гумон қилмоқда.

Ҳуқуқшунослар эса ўз ҳатти-ҳаракатлари билан вилоят амалдорлари ошига пашша туширган Дилмурод Саййиднинг уюштирилган туҳмат қурбони бўлганлигидан хавотирда. Адвокат Руҳиддин Комилов Дилмурод Саййидни ҳимоя қилиш учун Самарқандга етиб борган.

- Менимча¸ у кимнингдир думини босган. Шунақа ҳам бўлиши мумкин. Энди бунга ҳали аниқлик киритамизку. Шу кимдандир туҳмат аризаси тушган. Шу модага айланиб қолди ҳозир. Гапнинг очиғи¸ ҳозир ўшандан қўрқиб турибман. Хоҳламасдим шунақа бўлишинию¸ лекин шунақа хавф бор¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Дилмурод Саййиднинг ҳибсга олиниш сабабларини прокуратура мулозимлари ҳозирча тушунтиргани йўқ. Бироқ Барно Жуманова турмуш ўртоғининг ҳибcга олинишини унинг Жомбой туманида бошлаган ишлари билан боғлайди.

- Охирги пайтда Дилмурод ака Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги машина трактор парки раисининг ишини олган эдилар. Ўша ердаги 10 тача фермернинг ишончли вакили эди бу киши.

У ерда МТП нинг тракторлари сотилиб кетган¸ катта-катта суммалар йўқ бўлиб кетган. Бир марта ëза-ëз бўлгандан кейин Жомбой прокуратураси ишни ëпиб юборган.

Тошкент орқали яна жиноят иши қўзғалгандан кейин ноқонуний сотилган ерлар ҳам унинг орқасидан очилиб кетиб қолган. Ҳосилдор ерлар¸ тутзорлар тутлари кесилиб¸ ҳеч қандай фармонсиз сотилиб кетган экан.

Хулоса қилаяпманки¸ буни МТП нинг раиси Аслиддин Ўринбоев уюштираяпти¸ дейди Барно Жуманова.

2005 йил охирида Дилмурод Саййид ўз журналистик фаолияти туфайли илк бор тазйиққа учраган эди. Ўшанда уни “Адвокат-пресс” газетасида эълон қилинган “Йўқ ҳақидаги бадиҳа” мақоласи туфайли ишдан ҳайдашган, тез орада газетанинг ўзи ҳам ёпиб қўйилган эди.

Ўз мақоласида журналист президент Каримовнинг “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” шиорини аянчли ҳаёт асосида шубҳа остига олган эди. Ўтган муддат давомида Дилмурод Саййид ўзининг интернетда пайдо бўлган танқидий мақолалари сабабли ҳукумат босимига учраб келаëтган эди.

Озодлик радиосига берган охирги интервьюсида Дилмурод Саййид ўз журналистик бурчига содиқ қолажагини айтган эди.

- Бугун мен кўриб туриб индамасам¸ бошқа биров кўриб туриб индамаса. Бу нарсаларга кимдир муносабат билдириши керакку! Биринчи галда журналистлар муносабат билдириши керак¸ деб ҳисоблайман мен. Агар журналист¸ ижодкор¸ шоир индамаса¸ билмадим ундан кейин ким гапиради бу нарсани¸ деган эди Дилмурод Саййид.

Дилмурод Саййиднинг ҳибсга олиниши ўтган йилда халқаро ҳамжамият хавотирларига сабаб бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов ва журналист Солижон Абдураҳмоновга нисбатан қўзғатилган жиноят ишларини эслатади.

Кўп ўтмай бу иккала ҳуқуқ фаоли ҳам уюштирилган айбловлар билан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди¸ халқаро ҳамжамиятнинг уларни озод қилиш ҳақдаги тинимсиз сўровлари эса¸ Тошкент томонидан очиқчасига беписанд қолдирилмоқда.