Британиялик фуқаро Гуантанамодан қайтди

Британияда доимий яшаб келган Биням Муҳаммад Гуантанамо қамоқхонасидаги тўрт йиллик тутқинликдан сўнг Лондонга қайтди.

Асли эфиопиялик Биням Муҳаммад тутқунликдаги даврида террорчиликда айбланиб, қийноққа солинганини айтди.

Муҳаммад 2002 йилда Покистонда ҳибсга олинган эди. Ўз баёнотида у ҳибс этилганидан сўнг Покистондан Марокашга махфий тарзда олиб ўтилгани, Афғонистон ҳамда Гуантанамога олиб ўтилишидан олдин қийноққа солинганини билдирган.

Қўшма Штатлар Биням Муҳаммадни Америка худудида "ифлос бомба" портлатиш уринишида айблаган, аммо ўтган йили бу айбловни бекор этган.

АҚШ президенти Барак Обама Гуантанамо қамоқхонасини ёпишга буйруқ берганидан сўнг Муҳаммад ушбу қамоқдан озод этилган биринчи маҳбус бўлди.

Гуантанамодаги қамоқхонада ўзбекистонлик маҳбуслар ҳам бор, аммо улар Ўзбекистонда қайта қамоққа олиниши ва қийноққа солиниши хавфи бўлганлиги боис ўзга мамлакатлардан бошпана изламоқда.