Қозоқлар Наврўзни уч кун байрам қилади

Бу йил қозоғистонликлар Наврўз байрамини аввалгидек 22 март куни эмас, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби 21 март куни кутиб олдилар.
Қозоқ парламентининг Наврўз байрамини шу йилдан эътиборан 3 кун давомида нишонлаш ҳақида 10 март куни қабул қилган қарори айрим жамоатчилик вакиллари томонидан олқишланмоқда. Уларга кўра, бу байрамнинг давлат байрами сифатида нишонланиши қозоқ халқининг унутилган урф-одат ва анъаналарини қайта тиклашга ёрдам беради.

“Алға, Азаттиқ” жамоат бирлашмасининг раиси Жасарал Қуванишалин Совет ҳукумати даврида Наврўз барча Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қозоғистонда ҳам таъқиқланган байрамлардан бири бўлгани ва Қозоғистон мустақилликка эришган илк кунлариданоқ бу байрамга катта эътибор қаратиши лозим бўлганини айтади:

- Наврўз байрами Қозоғистон халқи учун аҳамиятли байрам бўлиб ҳисобланади. Наврўзни нишонлаш учун одамлар орасида ортиқча ташвиқот юргизишга ҳам ҳожат йўқ.

Қозоғистон янги йил байрамини расман бир неча кун нишонлайди. Шу сабаб Наврўзнинг ҳам уч кун давомида нишонланиши ўринлидир.

Аслида мен байрамлар иложи борича камроқ бўлиши ва уларга кўп эътибор қаратилмаслиги керак, деган фикрдаман. Аммо Наврўз қозоғистонликлар учун катта аҳамиятга эга бўлгани боис, у қозоқ халқи ҳаётида муносиб ўрин эгаллашга лойиқ, дейди Жасарал Қуванишалин.

Наврўз байрамига давлат мақоми берилиши ҳақидаги ташаббусни ўтган йилнинг май ойида президент Нурсултон Назарбоев олға сурганди.

“Миллат тақдири” жамоат ҳаракати раҳбари Дўс Қўшим Қозоғистонда байрамлар борасидаги баҳслар ҳанузгача давом этаётгани, кўп ҳолларда у ёки бу санани байрам қилиш мамлакат президентнинг хоҳиш-иродасига қараб қолаётганини айтади:

- Тақвимда қозоқлар тарихи билан боғлиқ бирорта ҳам дам олиш куни йўқлиги жуда ачинарли.

“Миллат тақдири” жамоатчилик ҳаракати қозоқ халқи рус подшосига қарши исён кўтарган кунни, бундан 23 йил аввал Совет ҳукумати сиёсатига қарши бош кўтарган талабалар қўзғолони кунларини тақвимда қизил кун сифатида белгиланиши таклифини илгари сурганди. Афсуски, биз бундай кунларни нишонламаймиз.

Менинг билишимча, Бастилия қўлга киритилган кун Франция учун энг катта миллий байрам ҳисобланади. Французлар республика ташкил қилганларидан сўнг бу байрам умумдавлат байрами сифатида нишонлана бошланди.

Қозоғистонда эса бунга ўхшаш бирорта ҳам байрам йўқ. Бу ачинарли. Мамлакатда миллий байрамлар билан боғлиқ муаммо ҳал қилингани йўқ, дейди Дўс Қўшим.

Мухолифатчи Маржон Аспандиёрова эса Наврўз сўзсиз ажойиб баҳорий байрам экани, бироқ бу йилдан бошлаб мазкур байрамни 3 кун нишонлаш қарори остида мамлакат расмийларининг муайян мақсадлари яширинганини таъкидлайди:

- Гап шундаки, ҳозир байрамлар нишонлаш пайти эмас, балки катта ва жиддий ишларни амалга ошириш мавриди.

Парламентнинг Наврўз байрамини 3 кун мобайнида нишонлаш ҳақидаги қарори машҳур “Титаник” фильмининг кема чўкаётган пайтда юқори қаватда жойлашган биринчи тоифадаги йўловчилар палубасида оркестр мусиқа чалаётгани саҳнасини ёдимга солди.

Қозоғистон юқори палубасида ўтирганлар аслида мамлакатдаги вазиятни яхши англаб етмаяптилар чоғи. Мен буни “вабо пайтидаги базм” деб атаган бўлардим.

Қозоқ парламентининг Наврўз байрамини уч кун давомида нишонлаш ҳақидаги қарорини мен қозоғистонликларни молиявий бўҳрон юзага келтирган муаммолардан чалғитиш уриниши сифатида баҳолайман, дейди Аспандиёрова хоним.

Совет даврида, аниқроғи, 1926 йилдан эътиборан Наврўз байрами мусулмонлар байрами ўлароқ тан олиниб, Марказий Осиё республикаларида уни нишонлаш таъқиқлаб қўйилганди.

Қозоғистонда Наврўз 1988 йилга келиб қайта тикланди. Олмаотада 1986 йил декабрида ёшлар қўзғолони бўлиб ўтгач, Қозоғистон компартиясининг ўша пайтдаги биринчи котиби Геннадий Колбин халқнинг бироз кўнглигини кўтариш мақсадида Наврўзни қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилганди.