Покистон ёрдам пули оладиган бўлди

Донор мамлакатлар келаси икки йил ичида Покистонга беш миллиард долларлик молиявий ёрдам кўрсатишга ваъда бердилар. Бу ҳақдаги қарор Покистонга ёрдам бериш мавзуида Токиода иш бошлаган халқаро анжуман чоғида қабул қилинди.

Япония ва АҚШ ҳукуматлари Покистонга ҳар бири 1 миллиард доллардан, Саудия Арабистони 700 миллион, Европа Иттифоқи 640 миллион ва қолган мамлакатлар ҳам бир неча юз миллион доллардан ажратишларини маълум қилдилар.

Анжуманда чиқиш қилган Покистон президенти Осиф Али Зардорий мамлакат хавфсизлигига таҳдид қилаётган жангариларга қарши курашни тўхтатмасликка ваъда берди:

- Биз курашга тайёрмиз. Фарзандларимнинг онасидан айрилган бўлишимга қарамай, Покистон президенти сифатида, Покистон халқ партияси раҳбари сифатида мен бу чақириқни қабул қилиб, мамлакатни оғир аҳволдан қутқаришга тайёрман, дер экан Зардорий ўз мамлакати халқаро ҳамжамият кўмагидан умидвор эканини айтди.