Эрон журналист қамалганини оқламоқда

Эрон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотларни Теҳронда қамалган америкалик журналист ишига аралашмасликка ундади.

Рухшона Собирий АҚШ фойдасига жосусликда айбланиб, ўтган ой 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

28 апрел куни “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг бир нечта ходими Собирийнинг озод этилиши талаби билан очлик эълон қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳасан Қашқавий журналист устидан олиб борилган маҳкама жараёнининг холис бўлганини айтиб, ушбу қонуний жараёнга аралашишга бўлган ҳар қандай уриниш халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканини таъкидлади.

Расмий Вашингтон ҳам Собирийга қўйилган айбловларни асоссиз, дея баҳолаб, журналистнинг озод этилишини талаб қилмоқда.