Тбилиси Москвани фитнада айблади

Мухровани ҳарбий базасидаги исён кўтаргани айтилаëтган ҳарбийлар билан музокараларга шахсан президент Саакашвилининг ўзи келди.

Грузия ҳукумати мамлакатда ҳарбий тўнтариш уриниши фош этилганини эълон қилди. Бу иддао НАТО ва Грузия ўртасида режалаштирилган ҳарбий машқлардан бир кун олдин эълон қилинди.
Грузия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Шота Утиашвили Франс пресс ахборот агентлигига пойтахт Тбилисидан атиги 19 километр нарида жойлашган Мухровани ҳарбий базасидаги исён зўравонликсиз бартараф этилганини айтди.

Бу фитнанинг президент Михаил Саакашвили бошқарувидан норози бўлган базадаги ҳарбийлар томонидан амалга оширилгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, исёнчилар билан музокара ўтказиш учун Мухровани базасига Саакашвилининг шахсан ўзи борган.

Сешанба куни эрталаб телевидение орқали қилган чиқишида Грузия президенти халқни фуқаролар хавфсизлиги таъминланганига ишонтиришга уринди.

- Албатта¸ биз бунга жиддий муаммо сифатида қараймиз. Айни пайтда шуни таъкидламоқчиманки, бу алоҳида олинган воқеа. Бу бошқа ҳарбий қисмларга тарқалган эмас. Бошқа ҳарбий қисмлар юқори тайёргарлик ҳолатида. Ҳозир вазият нормал ва назорат остида, деди Михаил Саакашвили.

Грузия Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, базадаги ҳарбийлар билан музокаралардан сўнг муаммога ечим топилган.

Бу воқеа НАТО билан Грузия биргаликда қарийиб бир ойлик ҳарбий машқларни бошлашидан бир кун олдин содир бўлди.

Тбилиси расмийлари НАТО билан ҳарбий машқларга путур етказиш мақсадида исёнчилар Москва томонидан молиялаштирилганини иддао қилди.

Президент Михаил Саакашвили ўз чиқишида Россияга ишора қилиб, Грузия ҳар қандай “провокация”га қаршилик қилишини айтди.

- Мен шимолий қўшнимиздан ҳар қандай провокациядан ўзини тийишини талаб қиламан. Бундай фитналар Грузияда иш бермайди. Грузия халқи бундай иғво тўрига тушмайди, деди Саакашвили.

Россиянинг НАТОдаги доимий вакили Дмитрий Рогозин Интерфакс билан суҳбатда Грузия расмийлари иддаосини сафсата дея баҳолади.

НАТО 6 майдан 1 июнга қадар Грузияда кенг кўламли ҳарбий машқлар ўтказишни режалаган. Машқларда НАТОга аъзо бўлган ўндан ортиқ давлатнинг тахминан 1000 ҳарбийси қатнашиши режаланган. Аммо Россия НАТОнинг бу режасига кескин қаршилик билдириб келаётган эди.

НАТО матбуот котиби ўринбосари Кармен Ромеро 5 май куни Озодлик радиосига НАТО расмийлари Грузиядаги воқеаларни диққат билан кузатиб келаётганини айтди.

- Мен Россия ёки грузияликлар нима деяётганини шарҳлай олмайман. НАТО томонидан шуни айтишим мумкинки, биз Грузияда бугун эрталаб юз берган воқеаларни кузатиб бораяпмиз. Биз Грузия томони билан алоқадамиз.

НАТО машқлари ҳақида шуни аниқ айтиш керакки¸ бу НАТО эмас¸ балки НАТО ва ҳамкорлари бирга ўтказадиган машқлардир. Чунки бу Тинчлик учун ҳамкорлик дастури доирасидаги машқлар ва у Грузияда режада белгиланганидек ўтказилади, деди НАТО вакили.

Айни пайтда Ромеро бу машқлар Россия ва Грузия ўртасида бўҳрон юз беришидан анча олдин режалаштирилганини алоҳида урғулади.

- Бу машқлар анча олдин¸ ҳатто Россия ва Грузия ўртасида бўҳрон юз беришидан олдин режалаштирилган. Россия НАТОнинг ҳамкорларидан бири бўлгани учун НАТО буни Россиядан сир тутмаган, деди НАТО матбуот котиби ўринбосари Кармен Ромеро Озодлик радиосига.