Тбилисида намойишлар давом этади

Грузия мухолифати вакилларининг президент Михаил Саакашвили билан учрашуви натижасиз якунланганидан кейин мухолифатчилар норозилик намойишларини давом эттиришга қарор қилдилар.

Душанба куни президент билан бўлган учрашувда мухолифатнинг тўрт етакчиси, жумладан, собиқ ташқи ишлар вазири Саломе Зурабешвили ҳам қатнашди.

- Биз ҳозир кетаяпмиз ва бошқа изоҳни кечқурун соат олтида намойиш пайтида берамиз. Мен ҳозир Левон Гечечиладзенинг фикрини такрорлай оламан, холос: биз очиқчасига гаплашиб олдик, лекин, афсуски, мавжуд вазият, мавжуд бўҳронга турлича баҳо бераётганимиз аён бўлди, деди Грузия мухолифати етакчиси.

Учрашувда қатнашганлардан яна бири президентликка собиқ номзод Левон Гечечеладзе кейинроқ парламент биноси олдидаги намойиш иштирокчилари олдида қилган чиқишида норозилик акцияси янада “жадалроқ” тарзда давом этишини таъкидлади.

Президент Саакашвили эса телевидениеда қилган чиқишида, учрашув муросасиз якунланганига қарамасдан, муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

Саакашвилининг истеъфосини талаб қилаётган мухолифат тарафдорларининг намойишлари 9 апрелдан бери давом этмоқда.