Таҳлилчи журналист "мақсадга мувофиқ эмас"

Журналистнинг ҳар бир сўзи ўзи учун тузоқ бўлган Ўзбекистондаги матбуот иқлимида сал бўлса-да ўзгариш қилиш уриниши Тошкент томонидан душманлик ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги АҚШ элчихонасининг маҳаллий журналистлар учун “давлат сиёсатини” таҳлил этиш масаласига бағишланган семинар - машғулот ўтказишига¸ ортиқча изоҳсиз¸ рухсат бермади
“Ўзбек томони Ўзбекистон журналистлари учун дипломатик миссия томонидан уюштириб берилаётган профессионал семинар-трейнингни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайди” дейилади 15 май куни АҚШ элчихонага юборилган Ташқи ишлар вазирлиги нотасида.

Бир ярим ой аввал АҚШ элчихонаси “Таҳлилий журналистика” семинар-трейнинги ҳақида эълон тарқатди ва унда иштирок этиш истагида бўлган 20 нафар маҳаллий журналистни танлаб олди.

18-22 май кунлари ушбу трейнингни ўтказиб бериш учун украиналик мутахассислар таклиф этилган эди.

АҚШ элчихонаси тарқатган эълонда айтилишича, беш кунлик трейнинг ўзбекистонлик журналистларининг “давлат сиёсатини” таҳлил этиш ва ҳукуматнинг жамият муаммоларни ҳал этишга қаратилган чораларига тўғри баҳо бериш малакасини оширишга йўналтиришни мақсад қилган.

АҚШ томони¸ ушбу трейнинг ёрдамида Ўзбекистонда журналистика сифатини яхшилашга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида бўлганини айтмоқда.

Ушбу тадбирнинг уюштирилишини "мақсадга мувофиқ эмас", дея бекор қилган Ўзбекистон томони ўз қарорига изоҳ беришни лозим топмади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили “Озодлик”ка бу борада изоҳ берилмаслигини таъкидлади.

АҚШ элчихонаси расмийси Кэрол Фаҳардо АҚШ томони трейнингнинг бекор қилишини борасида ҳозирча баёнот бермаслигини айта туриб¸ 22 май куни АҚШ элчихонасида ушбу масала маҳаллий журналистлар, украиналик мутахассислар ва вашингтонлик дипломатлар ўртасида видео-кўприк воситасида ўзаро муҳокама этилишини қўшимча қилди.

Ўзбекистон ҳукумати матбуотни эркинлаштиришга қаратилган ҳар қандай ташқи уринишларга ўта шубҳа билан қарайди.

Ўтган йили Европа Иттифоқи ҳомийлигидаги медиа-семинар бир неча бор кечиктирилгач¸ ниҳоят ўтказилган¸ аммо унда иштирок этган инсон ҳуқуқлари, демократия ва сўз эркинлигини тарғиб этувчи етакчи Ғарб ташкилотлари вакиллари Ўзбекистон расмийлари билан мулоқотнинг мутлақ бесамар бўлганини билдирган эдилар.

ЕИ семинари Тошкентда уюштирган семинарда қатнашган “Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи” нинг матбуот эркинлиги бўйича таҳлилчиси Эндрю Стролайн, ўзбек журналистлари учун машғулот ўтказишга оид АҚШ элчихонаси ташаббусининг рад этилганидан ҳайрон бўлмаганини айтди.

- Улар мамлакат ичида кимнингдир ахборот эркинлиги ғоясини тарғиб этишини хоҳламайди. Чунки улар даҳшатли ҳақиқатнинг ошкор этилиши мумкинлигидан қўрқади. Келинг¸ ҳақиқатни айтайлик, уларнинг матбуот эркинлигидан қўрқиши ўзлари қилган жиноятларининг фош бўлиш эҳтимоли билан боғлиқдир¸ дейди Стролайн.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич атиги 20 нафар журналистнинг хориж мутахассислари уюштирадиган ўқув машқларда қатнашишига руxсат этилмаганига истеҳзо билан муносабат билдиришни ўринли деб топди.

- Таъқиқлаб тўғри қилишипти, давлат оммавий ахборот воситаларида ишловчи журналистларга мутлақо мия керак эмас. Уларга бирор бир ёмон нарсани ўргатиб қўйишса, таҳлил қила бошлайдилар. Ҳозир ана ишлашсин, мақтасин ортиқча нарсалар ҳақида ўйлашмасин. Ҳукумат трейнингни таъқиқлаб¸ уларнинг тинчини ўйлаган ва уларга ғамхўрлик қилган¸ дейди киноя билан мустақил журналист Волосевич.

Ўзбекистонда кўплаб мустақил журналистларнинг ўз дадил чиқишлари туфайли таъқиб этилгани инобатга олинса ушбу аччиқ мулоҳазада жон бордек.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид сўнгги ҳисоботида, Ўзбекистон ҳукуматининг сўз эркинлигини қаттиқ бўғиб қўйганини эътироф этади.

Ўзбекистон АҚШ муносабатларининг яқиндан бошлаб илий бошлаши, америкаликларга Ўзбекистон орқали Афғонистонга ўз ноҳарбий юкларини ташиш имконини берди. Ҳукуматнинг бундай яхши ният ишорасини АҚШ томони озгина демократияни тарғиб этишга ижозат деб тушунган бўлса ҳам ажаб эмас.

Бироқ “Уруш ва тинчликни ёритиш институти” нинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Жон МакЛеод фикрича, маҳаллий журналистларга трейнинг ўтказилишини таъқиқлаб қўяр экан, Ўзбекистон ҳукумати демократияни тарғиб этиш масаласида АҚШ га ўз ўйин қоидаларини уқтиришга ҳаракат қилмоқда.

-Албатта¸ ҳозирда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда қандайдир илиқлашув жараёни давом этаяпти. Лекин Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги масаласида мулоқотга борса, бу мулоқотларнинг ўз шартлари асосида бўлишига ҳаракат қилади. АҚШ элчихонасининг трейнинг ўтказиш каби кичкина ташаббусини бекор қилиш орқали Ўзбекистон томони бу масалада ўз позицияси қатъий эканини кўрсатмоқда¸ дейди Жон МакЛеод.