Сватдаги амалиётлар тез кунда тугаши мумкин

Покистоннинг Афғонистонга чегарадош қисмида Толиблар билан ҳукумат қўшинлари ўртасида яна тўқнашувлар бўлди.

Ўтган тунда қарийб 8 соат давом этган жанг ҳаракатлари натижасида ҳукумат қўшинларининг қўли баланд келиб, қирққа яқин жангари ўлдирилгани хабар қилинмоқда. Шунингдек, 4 аскар ҳам қурбон бўлган.

Бироқ қурбонлар ҳақида ҳукумат берган бу маълумотлар ҳозирча бошқа манбаларда учрагани йўқ. Айни пайтда Покистон Мудофаа вазири Саид Атҳар Али Сват водийсидаги ҳарбий амалиётлар икки-уч кун ичида якунланишини қайд этди.

- Сват водийси ва унга қўшни вилоятлардаги амалиётлар ўзининг деярли тўлиқ муваффақиятли якунига етмоқда. Бажарилиши лозим ишнинг 5-10 фоизигина қолди.

Умид қиламанки, кейинги 2-3 кун ичида тўқнашув бораётган ҳудудлар тозаланади ва кейин қочқинлар учун уйга қайтиш имкони пайдо бўлади, дейди Покистон Мудофаа вазири.