"Ғарб демократияни биздан ўргансин"

Яқинларгача Американи рангли инқилобларни экспорт қилаëтганликда айблаган Тошкентдагиларга¸ Обаманинг АҚШ бирор давлатга демократик тузумни мажбуран олиб кириш фикридан йироқлиги ҳақдаги гапи жуда хуш ëққан кўринади.

Ўзбекистонга ташриф буюрган Европа Иттифоқи ҳайъати мамлакатдаги инсон ҳақлари вазияти ҳақда фикр ўрганган 8 июн куни ўзбек матбуоти¸ президент Обаманинг АҚШ бошқа давлатларга демократияни тиқиштирмайди¸ деган баëнотини олқишлаб чиқди.
Учрашувда иштирок этган инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромовга кўра¸ тадбирга Чехия ҳукумати вакиллари Европа Иттифоқи номидан мезбонлик қилишган.

Суръат Икромов: Учрашув бўлди. Европа Иттифоқи делегациясининг таркибида беш киши бор экан. Ўзбекистондаги элчихона вакиллари ҳам иштирок қилди.

Озодлик: Қайси элчихона вакиллари иштирок этди?

- Германия ва Полша элчихонасининг вакиллари иштирок этди¸ дейди Суръат Икромов.

Учрашувда бизнинг назаримизда муҳим бўлган сиëсий масалалар муҳокама қилинди¸ деб давом этади Икромов.

- Уларни Ўзбекистондаги аҳвол¸ айниқса инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳвол жуда қизиқтирди. Уларнинг ҳамма берган саволларига биз жавоб бердик¸ дейди Суръат Икромов.

Тадбирда иштирок қилган Полша республикасининг Тошкентдаги элчихонаси вакили Себастян Озелнинг айтишича¸ учрашувда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти муҳокама қилингани таҳсинга лойиқ иш бўлган.

- Албатта¸ таҳсинга лойиқ. ЕИ нафақат ҳукумат ва бизнес вакиллари билан¸ балки инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан ҳам учрашмоқда. Бу эса ЕИ нинг инсон ҳуқуқлари ва демократия устуворлиги борасидаги тамойилдан чекинмаганига ишоратдир¸ дейди Себастян Озел.

Айни пайтда иқтисодий бўҳрон билан юзма-юз қолган ЕИ¸ Марказий Осиëни ҳам¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ҳам унутиб¸ фақат манфаатлар доирасида мулоқот қилмоқда¸ деган танқидий фикр ҳам бор.

- Мен расман бу фикрга қўшилмайман. 8 июн куни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти муҳокама қилинганининг ўзи ЕИ учун демократия ва инсон ҳуқуқлари устувор эканлигини англатади¸ дейди Себастян Озел.

Себастян Озелга кўра¸ жуда кўп ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Полшада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш¸ фуқаровий жамият асосларини қуриш каби соҳаларда таҳсил олишган.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия университети домласи¸ сиëсатшунос олим Раҳмон Фармоновга кўра¸ шарқий Европа мамлакатларининг демократия борасидаги тажрибаси ўрганишга арзийди.

- Миллий ҳиссиëт¸ ватанпарварлик¸ мустақиллик¸ миллий онгнинг юқори даражада туриши¸ бундан ташқари сиëсий нуқтаи-назардан ҳамма нарсага жиддий эътибор қаратилиши¸ фаоллиги биз учун бу мамлакатларнинг ўрганиладиган жойлари.

Мана битта мисол келтиришим мумкин. Мана ўтган йили Латвиянинг президенти келган эди. Талабалар¸ домлалар томонидан савол берилди. У “Бизда терроризм йўқ” деди.

Мен жуда қойил қолдимки¸ дунëда терроризм бор экан¸ аммо Болтиқ бўйида терроризм йўқ экан. Шунинг учун ўрганадиган жойи кўп¸ дейди Раҳмон Фармонов.

Ўзбекистонга ташриф буюрган Европа Иттифоқи ҳайъати сешанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинди.

ЕИ расмийлари минтақадаги энг репрессив режим деб таърифланган Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатларни яхшилашга астойдил ҳаракат қилаётгани ЕИ аллақачон мулоқот йўлини танлагани тасдиғидир.

2005 йил Андижон воқеаларидан кейин иттифоқ санкъиясига учраб¸ халқаро майдонда яккаланиб қолган Тошкент билан мулоқот қилиш ғояси илк бор 2006 йилда Германия мулозимлари тилидан янграган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ЕИ нинг Тошкентга нисбатан босимни юмшатаëтгани учун Брюсселни танқид қилиб келмоқда. Аммо иттифоқнинг Марказий Осиë стратегияси муаллифи бўлмиш Германия мулозимлари ўзбекистонлик бир неча инсон ҳуқуқлари фаолларининг озод қилинишини бу мулоқот самараси сифатида кўради.

Ўзбекистонга ташриф буюрган Европа Иттифоқи ҳайъати инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон расмий матбуотида Барак Обама нутқи муҳокама қилинмоқда.

4 июн куни Қоҳирадан туриб жаҳон мусулмонларига қарата қилган мурожаатида Обама ўз мамлакатининг ҳеч бир ўлкага демократияни зўрлик билан киритиш нияти йўқлигини айтган эди.

Мурожаатнинг айни шу ўрни¸ расмий Тошкент таъбига ëққан кўринади¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

- Ўзбекистонда 2004 йилдан бери АҚШ Ўзбекистондаги ва бошқа давлатлардаги инсон ҳуқуқлари ва демократия борасидаги аянчли аҳволни танқид қилиб¸ вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилади¸ деган қўрқиш бор.

Эсингизда бўлса¸ 2004 йилда собиқ Ташқи ишлар вазири¸ ҳозирги пайтда сенатнинг қўмита раиси¸ Содиқ Сафоев бир интервью берган эди. У ўшанда “демократик фундаментализм” деган бир терминни ишлатган эди. Яъни ҳукумат назарида демократия ҳам фундаментализм.

Демократиядан¸ инсон ҳуқуқларидан чекинмаган ҳолда ташқи давлатлардан¸ жумладан Ўзбекистондан вазиятни ўнглашни талаб қилишни Ўзбекистон ҳукумати фундаментализм деб баҳолаган эди. Бу¸ менимча¸ ҳозирги пайтда худди шундайлигича қолаяпти.

Авторитар ўзбек ҳукумати учун вазиятни сақлаш бу устувор масала. Шунинг учун АҚШнинг “Дунëдаги давлатларнинг ички ишларига олдинги администрация даражасида аралашмаймиз. Республикачилар қилган хатоларни такрорламаймиз” дейиши Ўзбекистон ҳукуматига жуда ҳам ëқиб тушган нарса. Чунки Ўзбекистон ҳукумати вазиятдан ҳақиқатда ҳам хавотирда.

Агар Ўзбекистонда биргина сўз эркинлиги бўладиган бўлса¸ ҳозирги режимнинг ағдарилиш эҳтимоли жуда ҳам катта. Обама томонидан АҚШ имижини ўнглаш учун қилинаëтган чекинишларни ўзбек ҳукумати жуда ҳам олқишлаб қабул қилаяпти¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистон ташқаридан демократия киритиладиган жой эмас¸ бизнинг ўз демократиямиз бор¸ дейди сиëсатшунос олим Фармонов.

- Бундан бир неча йил олдин Жорж Буш Ўзбекистонни сиз савол берганингиздай ўшанақа мамлакатлар қаторига киритган эди. Лекин бу унга нисбатан Американинг бир ëқлама қараши бўлган эди.

Ўзбекистонда янги демократия шаклланаяпти. Демократия бутун дунë миқëсида фақат Ғарбдан келиб чиққан нарса эмас. Демократия бутун жаҳон бўйлаб юрган бўлса¸ Шарқда¸ шу жумладан Ўзбекистонда¸ Марказий Осиë давлатларида шаклланаяпти.

Биз мана сайловлар арафасида турибмиз. Декабр ойида Олий мажлисга сайловлар бўлиб ўтади. Бизнинг мамлакатимиз ҳалиги айтган нималарга тўғри келмайди. Аксинча¸ демократик жамият қураëтган истиқболдаги мамлакат деб ҳисобласак бўлади.

Демократия деганда биз бошбошдоқликни тушунмаймиз. Барак Обаманинг 4 июн кунги Қоҳирадаги чиқишига эътибор бериб қарайдиган бўлсак¸ АҚШ ўзининг ўтмишдоши бўлган Жорж Бушнинг хатоликларини бевосита ëки билвосита айтиб ўтаяпти. Бу нарсаларни тан олиб эътироф этиб турибди. АҚШнинг сиëсати 180 даражада ўзгармайди¸ дейди сиëсатшунос олим Фармонов.

Фармоновга кўра¸ Ғарб Ўзбекистон билан мулоқотдан самара олмоқчи бўлса¸ аввало стереотип қуюшқонларидан воз кечмоғи лозим.