Баҳсли ҳудудларда қазилган хандақлар кўмилмоқда

Ўзбекистон ўзбек-қирғиз чегарасининг баҳсли ҳудудларида қазилган хандақларни расмий Бишкек талаби билан кўма бошлади.

Бу ҳақда 12 июн куни Қирғизистон Чегара хизмати Бош штаби бошлиғи Қубанич Сарибоев маълум қилди.

-Ўзбекистон томони баҳсли ҳудудларда қазилган траншеяларга қирғиз томони билдирган норозиликни қабул қилди ва хандақларни қайта кўма бошлади, - деди Қубанич Сарибоев.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати, чегара хизмати ва маҳаллий ҳокимиятлар вакилларидан иборат мутахассилар гуруҳи Ўзбекистон томонидан қазилаётган хандақлар қирғиз чегарасини бузиб ўтмаслигини назорат қилмоқдалар.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида баҳсли бўлиб турган 60 га яқин ҳудуд бор. Ўзбекистон ва Қирғизистон мана шу ҳудудлар аниқланиб, чегара тўлиқ демаркация бўлмагунига қадар чегара чизиғида турли иншоот ва истеҳкомлар қурмаслик тўғрисида келишувни имзолаган эдилар.