Электр ҳам қимматлади

Янги қонунга мувофиқ¸ яна қимматлаган электр энергияси истеъмоли устидан назорат ҳам¸ жавобгарлик ҳам кучаядиган бўлди.

Ўзбекистон парламенти электр ўғирлаганлик учун маъмурий жазони жиноийга айлантирганидан саноқли кун ўтиб¸ 1июлдан бошлаб мамлакатда электр энергияси тарифлари яна оширилди.
Бу ҳақда Ўзбекистонда электр энергияси тақсимоти билан шуғулланувчи “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компаниясининг расмий сайтида эълон қилинди.

Наманган вилоят “Электр тармоқлари” идораси ходими аҳоли фойдаланадиган электр энергияси учун янги белгиланган нархларга тўхталади.

- Эски нарх 62 сўм 20 тийин. Ҳозир 64 сўму 80 тийин бўлди. Бу 1 июлдан ошди. Аҳоли эски нарх бўйича 15 июлгача қарзларни тўлаши керак. Аҳоли эски нархда 1 июлгача истеъмол қилганини тўлайди.

1 июлдан бошлаб янги нархда тўлайди. Масалан, 1 июл куни беш киловатт ишлатса, ўшани янги нархда тўлайди. 1 июлгача бўлганини эски нархда, деди Наманган вилоят “Электр тармоқлари” идораси ходими.

Биз электр нархининг оширилиш сабаблари билан ҳам қизиқдик.

- Бу Молия вазирлиги томонидан қабул қилинади. Буни электросет қабул қилмайди. Давлат томонидан регулировка қилинади.

Озодлик: Масалан¸ ўша ҳолатда нималар ҳисобга олинади?

- Биринчиси ёнилғи. Бунга мазут, кўмир, газ киради. Ўшанинг таннархи ошгани учун электрнинг нархи параллел равишда ошади, деди Наманган вилоят “Электр тармоқлари” идораси ходими.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Комрон Алиев фикрича, кейинги пайтда ҳукумат томонидан турли хизматлар ҳақларининг пешма-пеш оширилаётгани молиявий бўҳрон билан боғлиқдир.

-Ўзбекистонда фақат электр энергиясининг нархи кўтарилаëтгани йўқ. Халқ истеъмол молларидан кўпчилик товарлар ҳам кўтарилиб бораяпти. Масалан, куни кеча буханка ноннинг нархи оширилди. 300 сўмдан 350 сўмга етди.

Демак, энг керакли маҳсулотлар ва халқнинг пули энг кўп кетадиган жойлар – масалан, электроэнергия ва бошқа хизматларнинг ошишини дунë бўйлаб кузатилаëтган кризис билан тушунтириш мумкин. Яъни давлатнинг маблағлари камайиб кетган¸ четдан келаëтган пуллар камайиб кетган¸ бозорлардан тушаëтган оборотлар кам.

Мана шуларнинг натижасида ҳукумат бюджетни тўлдирадиган қанақадир йўлларини қидираяпти, дейди Комрон Алиев.

Қашқадарёлик Муҳаммадсолиҳ Раимовга кўра, электр энергиясининг қимматлаши камбағал оилалар зиммасидаги қарз юкини янада оғирлаштириб юборади.

- Ўзи-ку ҳозир шундай ҳам одамлар бир амаллаб амал-тақал қилиб кунини ўтказаяпти. Қарийб бир йиллаб¸ олти ойлаб электрдан қарзини тўлай олмай юрганлар бор. Яна буни тўрт фоизга кўпайтиришга ақлим бовар қилмай қолди. Бу нарсани “ўлганнинг устига тепган”, дейди.

Билмадим, оддий халқимиз бунга қандай қилиб бардош берар экан. Оддий халқ қандай шароитда, қандай вазиятда бўлса ҳам “бир амаллаб қорнимни тўйдирсам” деб юрган бир пайтда¸ бу нарсанинг яна бўлиши жуда қийин нарса. Халқни ўйлайдиган бирорта раҳбар қолмади, деса ҳам бўлаверади, дейди Муҳаммадсолиҳ Раимов.

Ўзбек расмийлари электр нархини кўтариш билан бирга электрдан ноқонуний фойдаланганлик учун жазо чораларини кучайтираяпти.

24 июн куни Ўзбекистон парламенти қабул қилган янги қонунга мувофиқ, эндиликда электр ва иссиқлик тармоқларига ноқонуний йўл билан уланганлик учун маъмурий эмас, жиноий жазо қўлланиладиган бўлди.

Кўпчилик бу каби тадбирлардан кейин электр билан боғлиқ муаммолар ҳам барҳам топса яхши бўларди, деган фикрда. Чунки кейинги йилларда мамлакатнинг деярли барча жойларида электр энергиясида узилишлар бўлаётгани маълум.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси маълумотига кўра, ташкилотга келаётган шикоятларнинг 25 % айнан электр энергияси муаммолари билан боғлиқ бўлиб, қиш мавсумида мамлакатнинг деярли барча вилоятларида кунига 14 соатдан чироқ ўчириб қўйилаётгани аниқланган.