Набукко эҳтимолдан воқеликка айланмоқда

Душанба кунги маросимда Туркия Бош вазири ва Европа комиссияси президенти қатори Грузия президенти ҳам иштирок этди.

Европа иттифоқининг тўрт аъзоси ва Туркия Каспий минтақаси ва Яқин Шарқ табиий газини Россияни четлаб ўтувчи қувурлар орқали Европага олиб келишни кўзда тутувчи Набукко келишувига қўл қўйдилар.
Душанба куни Анқарада имзоланган ҳукуматлараро Набукко келишуви Европа иттифоқини Россия газига қарамликдан қутқариш йўлида ташланган тарихий қадам сифатида кўрилмоқда.

Туркия¸ Болгария¸ Руминия¸ Венгрия ва Австрия ҳукумати раҳбарлари қўл қўйган мазкур ҳужжат узунлиги 3300 км ва қиммати 8 миллиард евро деб баҳоланаëтган Набукко лойиҳасининг қоғоздан ҳаëтга кўчишига йўл очади.

Венгрия Бош вазири Гордон Байнаи Набукко ҳукуматлараро келишувининг имзолангани 27 давлат аъзо Европа иттифоқи учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

- Набукко лойиҳаси оқибатлари шунчаки қувур ëтқизиб¸ уни газ билан тўлатишдан кўра анча узоққа боради. Бу лойиҳа иттифоқ ҳудудидаги барча фуқароларимиз учун иқтисодий¸ ижтимоий ва сиëсий соҳада ижобий оқибатларни келтириб чиқаради¸ деди Будапешт раҳбари Анқара маросимидан сўнг.

Набукко қувурлар лойиҳасининг 2014 йилга якунига етказилиши ва тўлиқ ишга тушгач¸ йилига 31 миллиард куб метр табиий газ ўтказиши назарда тутилмоқда. 2020 йилга бориб Набукко қувурлари орқали ЕИ истеъмол қиладиган табиий газнинг 5-10 фоизига қадарининг истеъмолчиларга етказилиши кутилмоқда.

Келишув имзоланиши жараëнига раислик қилган Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо кўпдан пайсалга солиб келинган Набукко лойиҳасининг бугунга келиб Европа ва Туркия ëнилғи хавфсизлиги учун ҳаëт-мамот масаласига айланганини таъкидлади.

- Бугунги келишув билан биз Набукко келажагига шубҳа билдириб келганлар¸ унга ишонмаëтганларни мушкул аҳволга солиб қўйганимизга самимий ишонаман. Бундан бироз аввал бу лойиҳанинг дунë юзини кўрмаслиги¸ бу борадаги музокараларнинг ўнглаб бўлмас даражада қотиб қолгани ҳақда гапираëтганлар кўп эди. Бугун имзоланган келишув эса¸ Набукко қувурларини шунчаки эҳтимолдан муқаррарга айлантирди¸ деди Европа комиссияси раҳбари.

Набукко лойиҳаси Европанинг Россияга газига нисбатан қарийб тўла қарамлигини камайтириши боис¸ муҳим сиëсий аҳамиятга эга.

Айни пайтда Анқарада имзоланган келишув¸ Набукко лойиҳасига рақиб саналган Россиянинг Қора денгиз остидан ўтувчи қувурлар орқали ўз газини тўғридан-тўғри Европага етказишни кўзда тутувчи Жанубий оқим лойиҳаси келажагини ҳам савол остига қўйди.

Шундай бўлса-да¸ Европа комиссиясининг ëнилғи масалалари бўйича матбуот вакили Ферран Тарраделлас¸ Набукко ҳукуматлараро келишувининг имзоланиши иттифоқнинг Россияга орқа ўгираëтгани белгиси эмаслигини таъкидлади.

- Набукко Европага газ олиб келишга ҳисса қўшади. Бу қувурлар бошқа манбалардан бошқа йўналиш орқали бизга газ олиб келади ва шу боис Европа ëнилғи бозорларига таъминот хавфсизлиги ва танлов эркинлиги беради. Аммо бу биз Россия билан бошқа ҳамкорлик қилмаймиз¸ дегани эмас. Аксинча¸ Россия бундан сўнг бизнинг асосий газ таъминотчимиз бўлиб қолади ва Набукко ҳеч қачон Россияга қарши лойиҳа бўлган эмас¸ деди Европа комиссияси расмийси.

Набукко қувурлар лойиҳасининг узоқ вақт пайсалга солинишига Озарбайжон ва Туркманистоннинг ўз газини Россиядан бошқа йўналиш орқали экспорт қилиш борасида аниқ қарор бермай келгани сабаб бўлган эди.

Аммо кейинги ойлар ичи ҳам Баку¸ ҳам Ашхобод бу борада қатъий қарор берди ва ўз гази экспортини турли йўналишлар орқали Европа истеъмолчиларига етказиш ниятида эканини маълум қилди.