Тил ривожи халқнинг ўзига боғлиқ

Ўзбек тилига давлат мақоми берилганидан буён орадан 20 йил ўтганига қарамасдан, ўзбекистонликлар, айниқса, шаҳар аҳли орасида атрофдагилар билан рус тилида мулоқот қилишни афзал билувчи ёшлар ҳали ҳам кўплаб топилади.

20 йил аввал давлат тили мақоми берилган ўзбек тили, қай бир ўзбекистонликларга кўра, мамлакатда расмий мулоқот тилига айланиб бўлди. Аммо бу фикрга қўшилмайдиган ўзбекистонликлар ҳам анчагина.
Пайшанба, 23 июл куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, хабарларга қараганда, мамлакат парламентига давлат тили тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини тақдим этди.

24 июл куниёқ Россия оммавий ахборот воситаларида мана бундай сарлавҳалар пайдо бўлди:

“Время новостей” газетаси: “Тожикистон рус тилидан воз кечмоқда”.

“Независимая газета”: “Тожикистон рус тилининг ваколатларини чекламоқда”.

“Эхо Москви” радиоси: “Тожикистонда давлат идоралари билан рус тилида мулоқот қилишни таъқиқлаб қўядилар”.

Бундай сарлавҳаларни яна келтириш мумкин. Бу сарлавҳалардан улар остида берилган мақолалар мазмуни ва руҳини уқиш қийин эмас.

Ҳа, нима, россиялик журналистлар емай-ичмай, ҳамма нарсани унутиб, тунларни бедор ўтказиб тожиклар нима қилаяптийкин, деб кузатиб ўтирибдими?

Бу қадар тезкорлик боиси нимада?

Гап шундаки, Тожикистон куни кеча давлат тили тўғрисидаги қонуннинг 20 йиллигини нишонлади.

Санага бағишланган маросимда республика президенти нутқ сўзлади.

Нутқ матнини ҳозиргина синчиклаб ўқиб чиқдик.

Тожикистон президенти Раҳмон бўладими, бошқасими – ҳар қандай давлат раҳбари айтиши мумкин, айтиши керак бўлган гаплар.

"Давлат тили қонуний мақомига эришсин, бунинг учун мана бу ишни қилайлик, ана у ишни қилайлик" қабилидаги кўрсатма ва истаклар.

Агар шу гапларни айтмаса, президент Раҳмонни тожиклар тушунмаган бўларди.

Айтувди¸ ўрислар тушунмади. Ҳатто 23 июл куни Давлат Думаси депутатлари ҳам ваҳима қилди.

Миллий давлат раҳбари номи мамлакат номига асос бўлган миллат тилини ривожлантирайлик, деса нима учун 2-3 девор наридаги бошқа миллат ваҳима қилиши, бошидан тупроқ сочиб, сочини юлиши керак?!

Фикри ожизимизча, ҳамма гап сиёсатда, Москва билан Душанбе муносабатларининг чигаллигидадир.

Лекин бу бошқа мавзудир.

Ҳозир эса Ўзбекистонга ўтамиз.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам бу йил 20 йил тўлади.

20 йил аввалги гапларни кузда “20 йил” эшиттиришида гапирамиз.

Ҳозир эса, бугунги гаплар.

Ўзбек тили қонунда белгилаб қўйилган мақомига кўтарила олдими?

Бу саволни уч зиёлига ҳамда боши тирикчилик ташвишидан чиқмаётган, тили давлат тилими, нодавлат тилими – бу билан иши йўқ уч оддий ўзбекка бердик.

Зиёлиларнинг гаплари деярли бир жойдан чиқди. Шоир ва журналист Ёқубжон Хўжамбердиев ҳам, “Маърифат” газетаси ходими Шарифахон ҳам, бирликчи Ҳамдам Сулаймон ҳам тил тўғрисидаги қонуннинг ижроси ёмон эмас, деган фикрда деярли якдил.

Лекин шуниси қизиқки, сиёсий-ижтимоий масалалардан узоқроқ оддий ўзбеклар масаланинг зиёлилар кўрмаётган қирраларини кўра олишларини намойиш қилди.

Аввал Бирлик халқ ҳаракати партияси Фарғонадаги етакчиси Ҳамдам Сулаймон билан суҳбатлашдик.

Озодлик: Қонуннинг Фарғона вилоятидаги ижроси қандай? Ўзбек тили давлат тили мақомидами ëки ҳали ҳам рус тили устунлик қиладими?

Ҳамдам Сулаймон: Ҳозирги кунда Фарғона вилоятида ҳамма йиғилишлар¸ мажлислар ҳаттоки селекторлар ҳам ўзбек тилида олиб борилади. Рус тилида чиқадиган газеталар ҳам бор¸ лекин ҳамма газеталар ўзбек тилида. Аризалар ҳам ўзбек тилида ëзилаяпти. Умуман, Фарғона водийсида рус мактаблари анча қисқариб кетган. Битта шаҳарда иккита ëки учтадан қолди.

Озодлик: Рус тили қайси соҳаларда қолди?

- Рус тили кўпроқ “Нефтгазхолдинг” компанияси системасида қолган. Ҳали русча директивалар дейдими¸ кўрсатмалар русча келади. Мисол учун, прокуратура системасида ўзбекча¸ суд системасида ўзбекча¸ 99 фоиз ўзбекча¸ дейди бирликчи Ҳамдам Сулаймон.

Демак¸ Ҳамдам аканинг айтишича, Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот органларида иш тўла ўзбек тилида олиб борилади.

Бироқ Сирдарёнинг Оқ олтин туманида истиқомат қилувчи суҳбатдошимизнинг гапларига қараганда, мамлакат бўйлаб вазият бир хил эмас. Мухбиримиз у кишидан давлат тили тўғрисидаги қонун бажариляптими, деб сўради:

- Йўқ. Бу тўғрида умуман гап бўлиши мумкин эмас. Ҳаммаси русча¸ ҳамма ëқда эски русча нималар билан. Тергов ишини ҳам русча олиб боришди. Капитан 50-60 нафар одам билан келиб¸ тинтув эълон қилиб¸ зўрлик билан тинтув қилишди. Ҳаммаси русча.

Озодлик: Русча бўлган пайтда: “Нимага русча, давлат тили ўзбек тили-ку” деб талаб қилган вақтларингиз бўлганми?

- Талаб қилсангиз¸ қайтанга... Мисол учун терговчи олиб борганда: “Менга ўзбекча гапиринг” десам¸ ўзларича таржимон қилгандай бўлади¸ ишқилиб, баҳона сабаби кўп¸ дейди суҳбатдош.

Гап суҳбатдошимизнинг уйи тинтув қилингани, тергов қилингани тўғрисида эмас ҳозир.

Эътиборингизни бошқа нарсага: Ўзбекистонда жавобгарликка тортилган ўзбекни таржимон орқали тергов қилганларига қаратмоқчимиз.

Журналист Шарифахон ҳам давлат тили тўғрисидаги қонуннинг ижроси тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Шарифахон: Ўзбек тилини "давлат тили бўлди" дея олишимиз ҳам мумкин¸ дея олмаслигимиз ҳам мумкин. Чунки¸ биринчидан, кўп жойларда ҳамма ҳужжатлар русча ëзилади. Масалан¸ шифохоналарга борсангиз¸ врачлар ташхисни русча ëзиб беради. Уни ўзбекча ëзса ҳам бўлса керак. Кўп жойларда ҳужжатлар русча тўлдирилади. Паспорт столга борсангиз ҳам шундай. Лекин мана мактабларда¸ коллежларда¸ лицейларда ҳамма нарса ўзбекча бўлиб¸ секин-секин давлат тили мақомига ўтаяпти, деб ўйлайман.

Озодлик: Шунинг сабаблари нимада дейсиз?

- Одамларнинг ўзида, деб ўйлайман. Одамлар боргандан кейин ҳақини талаб қилишни билмайди. Масалан¸ бир хил жойларда ўзбек тилини билмайдиган одамлар¸ мансабдор шахслар¸ ишини ҳал қилиб берадиган одамлар ўзбек тилини билмайдиган бўлса¸ қийналиб бўлса ҳам русча мулоқот қилишга ҳаракат қилади¸ дейди журналист Шарифахон.

Шу ўринда ўзингиз дуч келган вазиятларни эслаб кўринг: неча марта у ёки бу идорада ўзбекча гапирмайдиган ходим, ходимкалар билан мулоқотда русчага ўтмай, ўжарлик билан ўзбекча гапириб туравергансиз?

Энди сўз навбатини яна бир оддий ўзбекка берайлик.

- Боя мен Машъал спорт радиоси деб айтдим-ку. Шунда¸ масалан¸ Пахтакорнинг мураббийи Виктор Жалиловга ўхшаган руслар гапиради-ку. Ўшаларнинг гапи ўзбекчага таржима қилинмасдан берилади. Мен шунга ҳайронман.

Озодлик: Демак¸ радио ва телевидениеда рус тилида берилади ва ўзбек тилига таржима қилинмайди, демоқчисиз?

- Ҳа. Масалан, ўзбекча хабарлар берилади¸ лекин орасида руслар гапирса¸ беш минут гапирса ҳам¸ 10 минут гапирса ҳам шу таржима қилинмайди¸ дейди оддий ўзбек суҳбатдошимиз.

Муштарийсининг бу гапини Ўзбекистон радиоларидаги, телевидениеларидаги ҳамкасбларимиз инобатга олиб қўйса ёмон бўлмасди.

Яна бир суҳбатдошимиз шоир ва журналист Ёқубжон Хўжамбердиев.

- Энди бевосита ушбу қонуннинг амалга оширилиши ҳақида гап кетганда¸ тўғрисини айтиш керак¸ бу борада анча-мунча ишлар қилинди. Масалан¸ жуда кўп кўчаларнинг номи ўзгарди¸ жойларнинг номи ўзгарди. Ҳатто мен баъзан¸ шу даражада номлар кўп ўзгардики¸ биз юзлаб кўчаларимизни ўзбек халқига умуман алоқаси бўлмаган исмлар билан¸ номлар билан аталишига қандай чидаб юрган эканмиз, деб ўйлаб қоламан¸ дейди Ëқубжон Хўжамбердиев.

Лекин, Ёқубжон аканинг эътироф этишича, ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам йўқ эмас.

- Бевосита қонуннинг бажарилиши идоралар ўртасидаги ëзишмаларга ҳам боғлиқ-да. Мана шулар ҳақида гапирганда, айтиш керакки¸ бу борада мақтангудек ишлар йўқ. Чунки шу бугунгача ташкилотлар ўртасидаги ëзувларни тўлиғича ўзбек тилимиз эгаллаб олгани йўқ. Баъзан ҳайрон бўламан. Нега бундай бўлаяпти¸ деб одам ўйлаб қоласан.

20 йилда идоралар ўртасидаги хатларни ëзаëтган одамларнинг¸ бир-бирига маълумот жўнатаëтган одамларнинг жуда кўпчилиги ўзбек тилини ўрганиб олишгани йўқ. Агар 20 йилда ўрганиб олмаган бўлса¸ менимча¸ “бундан кейин улар ўрганадими ëки йўқми?” деган савол ҳам чиқиб қолади-да¸ дейди Ëқубжон Хўжамбердиев.

Хўш, нима учун шундай? Яна Ёқубжон Хўжамбердиевдан эшитамиз.

- Менинг назаримда¸ бу масалаларда қонуннинг ўзиëқ етарли эмас. Инсоннинг инсонлигини англатадиган¸ улуғ¸ мўътабар ҳодисада бу. Унинг яшаши¸ ривожланиши учун ана шу тилга мансуб бўлган халқнинг ўзи ҳам ҳаракат қилиши керак экан-да. Тан олиб айтиш керакки¸ хақлимизда¸ қишлоқ жойларда ва бошқа жойларда бу нарсага эътибор кам-да¸ дейди Ëқубжон Хўжамбердиев.

Ёқубжон аканинг гапларидан кейин у киши айтаётган узоқ қишлоқлардан бирида Сурхондарё вилоятида яшовчи мана бу онахоннинг гапларини ҳам ўқиб қўйинг.

- Энди нима дейин мен. Ҳозирги болалар на рус тилини яхши билади¸ на ўзбек тилини яхши билади. Қандайдир бир тилни киргизган...

Озодлик: Лотин алифбосини.

- Лотин тилини. Бизлар ўқий олмаймиз. Болалар шу лотин тилини зўрға эплаяпти.

Озодлик: Лотин алифбоси бу.

- Шу-да¸ дейди Сурхондарë вилоятида яшовчи онахон.

Бугунги ўзбек ёшлари бу кекса онахон зорланаётгандай “на у тилни билади, на бу тилни билади” эмасдир.

Ҳар ҳолда фарғоналик суҳбатдошимиз Ҳамдам Сулаймон ҳам, тошкентлик суҳбатдошимиз Шарифахон ҳам ёшларнинг илғор қатлами кейинги йилларда чет тилларни ҳам ўрганишга интилаётгани, уларнинг сўзлашув тилида инглизча унсурлар ҳам пайдо бўла бошлагани тўғрисида гапирдилар.

Лекин бугунги суҳбатлардан бир нарса маълум бўлди: иккита ёзув орасида қолган ўзбек ҳануз иккита тилнинг орасида.

На у тилни мукаммал билади, на бу тилни.

Одам, одатда, яхши билмаган нарсасининг қадрига етмайди.

Тил қадрини кафолатлайдиган қонун эса бу йил 20 га киради.