Душанбеда таблиғчилар қамалди

Судланганларнинг адвокатлари ўз ҳимоячидаги кишиларнинг айблари исботланмагани таъкидламоқдалар.

Тожикистонда конституциявий тузумни ўзгартиришга оммавий тарғиб этишда айбланган “Жамоати таблиғ” ёки “Ад-даъва ват-Таблиғ” гуруҳи фаоллари уч йилдан олти йилгача қамоққа ҳукм қилинди.
“Жамоати таблиғ” гуруҳи устидан маҳкамага раислик қилган Тожикистон Олий суд судяси Нуриддин Расулов ҳукмни ўқиб эшиттираркан, судланувчилар жорий йил апрелида Файзобод туманидаги масжидларнинг бирида милиция ходимлари томонидан қўлга олинганини ва миллий хавфсизлик қўмитасига топширилганини маълум қилди.

Судянинг қайд этишича, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Индонезия мадрасаларида диний таълим олиб қайтган Зиёвулҳақ Ҳақдодов, Насриддин Муродов, Саидакрам Ҳақдодов, Саидмаҳмад Муҳаммадхўжаев ва Ҳидоятулло Алимовлар 2006 йили Олий суд қарори билан террористик ва диний-экстримистик ташкилот дея эълон қилиниб, фаолияти республика ҳудудида тақиқланган ташкилот фаоллари бўлган.

- Шуни назарга олган ҳолда, улар Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси билан айбдор деб топилган Насриддин Муродов ва Маҳмуд Муҳаммадхўжаев олти йилданга, Саидакрам Ҳақдодов, Зиёулҳақ Ҳақдодов ва Ҳидоятулло Алимов эса уч йилданга озодликдан маҳрум этилсин, дея ҳукм ўқиди Олий суд судяси.

Судянинг билдиришича, судланганлар Тожикистон барча ҳудудлари ва ҳатто Россия айрим шаҳарларидаги тожикистонликлар орасида тарғибот олиб борган ва уларни ўз сафларига қўшилишга даъват қилган.

Айблов хулосасида келтирилишича, “Жамоати таблиғ” гуруҳи раҳбарлари саналмиш Насриддин Муродов ва Маҳмуд Муҳаммадхўжаев бошчилигидаги жамоа ҳар ҳафта сешанба куни Файзобод масжидида тўпланиб, ўз раҳбарлари ҳузурида тарғиботлари натижаси борасида ҳисобот беришган ва келгусидаги режалари юзасидан турли топшириқлар олишган.

Маҳкама сўнгида сўз олган судланувчилар суддан жазони енгиллатишни сўрарканлар, ўзларига қўйилган айбларга иқрор эмасликларини ва ниятлари Ислом дини қадриятларини ёйиш ҳамда Худо йўлида хизмат қилиш бўлганини, аммо давлат сиёсатига қарши ҳеч қандай ёмон ниятда бўлмаганларини айтдилар.

Судланганлардан бирининг оқловчиси Юсуф Кавраков ҳукм ўқиб эшитилгандан сўнг журналистлар билан ўзаро суҳбат чоғида суд ҳукми адолатсиз экани ва судланганларнинг айблари исботланмаганини, шунинг учун улар ҳукм юзасидан Олий суд коллегиясига кассация тартибида шикоят аризаси билан мурожаат этажакларини билдирди.

Айни пайтда судланганлар қариндошлари “Ад-даъва ват-Таблиғ” жамоаси фаолиятининг ҳукумат томонидан расман таъқиқланганидан хабарсизликларини ва ўз яқинларининг фақат намоз ўқиганлари учун озодликдан маҳрум этилаётганини айтиб, норозилик билдиришди.

- Ахир булар бирор жиноят содир этмаган бўлса, фақат намоз ўқигани учун уч йилга кесиш адолатданми? Менинг тўрт нафар балоғатга етмаган фарзандим бор, ахир. Уларни ким боқади, дея зорланади судланганлардан бирининг аёли.

Судланган Насриддин Муродовнинг отаси Нажмиддин Муродов ўз ўғлининг давлат сиёсатига зид ҳеч қандай ҳаракат қилмаганини, у фақат Ислом дини қадриятларини ёйишга ҳаракат қилганини таъкидлайди.

- Ҳуқуқ-тартибот ходимлари тергов чоғида бирор марта масжидларга бормади, одамлардан мана шу “айбланаётганлар давлат сиёсатига қарши бирор иш олиб бораяптими-йўқми?” сўрашмади ҳатто. Бизнинг фарзандларимизни “террорист” деб қамашаяпти. Бу бирор қонунга тўғри келмайди, дейди Нажмиддин Муродов.

Тожикистонда “Ад-даъва ват-Таблиғ” жамоаси аъзоларининг қамалиши мамлакатдаги аксарият дин уламоларининг ҳам ташвишига сабаб бўлди.

Таниқли уламо Маҳмуджон Тўражонзода фикрича, бу иш республикада экстиремистик гуруҳларга қарши кураш муаммоларини ҳал қилмайди, аксинча кўп сонли мусулмонлар ғазабига сабаб бўлади.

- Бу ҳукм - золимона ҳукм. Улар мазҳабий ихтилофлар, давлат сиёсати билан иши бўлмаган мусулмонлар эди. Улар фақат Ислом фарзларига, Худонинг буюрганларига даъватдан бошқа иш қилмаган, дейди тожик жамиятида танилган дин уламоси.

Аснода Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари “Ад-даъва ват-Таблиғ” террористик ва диний экстримистик ташкилот дея топилганини, зеро мазкур ташкилот илгари сураётган ғоялар бу мамлакат қонунларига зид эканини таъкидлашмоқда.

Эслатиш жоизки, жорий йил апрелида Душанбе шаҳридаги Умар Форуқ масжидида 128 шахс мазкур ташкилотга аъзолик айби билан қўлга олиниб, ҳуқуқ-тартибот идораларига олиб кетилган эди.

Кейинчалик маълум бўлишича, улардан 60 нафари қўйиб юборилган ва 68 киши устидан эса “Жамоати таблиғ” гуруҳига алоқадорлик айбловлари билан жиноий иш қўзғатилган.

Яқин кунларда бу шахслар устидан ҳам маҳкама жараёни бошланиши кутилмоқда.