Икром Ёқубов қийноқлардан баҳс этди

Аввалроқ Озодлик радиосига гапирган Икром Ёқубов ўзининг асосий мақсадларидан бири Ислом Каримов жиноятларини фош қилиш эканини айтганди.

“Ньюснайт” - Би-Би-Си телеканалининг энг нуфузли кундалик дастурларидан бири собиқ жосус назари билан Ўзбекистондаги қийноқлар кўламини фош этишга уринди.
Би-Би-Си 2 телеканалининг “Ньюснайт” дастурининг довруғи ҳақида Ўзбекистон расмийлари ҳам билса ажаб эмас. Ушбу телешоуда энг долзарб муаммоларнинг чуқур таҳлил этилиши, томошабинлар кўз ўнгида нуфузли сиёсатчиларнинг шавқатсиз сўроққа тутилиши уни Британиядаги “Тўртинчи ҳокимият” тимсолига айлантирган.

“Ньюснайт” дастури прайм-тайм вақтида¸ яъни аксар телетомошабинлар зангори экран олдида йиғилган кечки соат 22.30 да эфирга узатилади. 11 август куни Ўзбекистондаги қийноқлар кўлами ҳақида гапирган Ўзбекистон махфий хизматининг собиқ зобити Икром Ёқубов “Ньюснайт” дастурининг қаҳрамонига айланди.

“Икром Ёқубов Ғарбга қочиб келган ўзбек махфий хизматининг биринчи зобитидир... Ёқубовнинг айтишича, у доимо президент Ислом Каримовнинг тўғридан-тўғри буйруқларини бажарган”¸ дейди ўз лавҳасида Би-Би-Си мухбири Питер Маршал.

14 минутлик лавҳа давомида Икром Ёқубов президент Каримов буйруғи билан мамлакатда қийноқ қўллаш амалиёти ҳақида гапирди.

- Агар у кимнидир ўз душмани деб билса, ўша одамни ўлдиришга, йўқ қилишга буйруқ беради. Унинг буйруғини бажариш мажбурийдир¸ дейди Икром Ёқубов.

Интервью давомида Ёқубов ўзи шоҳиди бўлган даҳшатли қийноқларни тасвирлайди.

- Албатта¸ айбсиз одамлар ўзларининг айбни ўз бўйнига олиб кўрсатма бергиси келмайди. Шундан сўнг, махфий хизмат зобитлари ёки терговчилар уларни қийноққа тутади. Бундай ҳолатлар мунтазам доимий равишда рўй беради.

Мен махфий хизмат ходимларининг бир одам бошидан газниқобни ечганини кўрганман. Газниқоб унинг терисига ёпишиб кетган эди. Чунки унинг устидан қайноқ сувни қуйишган... Менимча¸ бу усулда қийноққа солиш оқибатида кўплаб одамлар ўлдирилган¸ дейди Ёқубов дастур давомида.

Ёқубовнинг Британиядаги нуфузли “Ньюснайт” дастурида айтганлари унинг аввалги даъволаридан жиддий фарқ қилмайди. Аммо бу гал у ўзининг ҳам ҳамкасблари томонидан қийноққа тутилганини даъво қилди.

Бир йил аввал Икром Ёқубов Ўзбекистондан Британияга қочиб борганида бу ҳақда биринчи бўлиб “Озодлик” радиоси хабар қилган эди. Ўшанда собиқ жосус ўзи хизмат қилган Каримов режимини фош этиш орқали қандай мақсадларни кўзлаётганини айтган эди.

- Аввало ўзимни нафақат отам ва онамнинг фарзанди деб¸ балки ўзбек халқининг фарзанди деб ҳисоблайман ва шунинг учун ҳам ҳаëтим учун таҳдидли бўлган¸ қариндош-уруғларим учун таҳдидли бўлган баëнотни беришга қарор қилдим. Ноқонуний равишда Ўзбекистонда давлат ҳокимиятини эгаллаб олган Ислом Каримовнинг жиноятларини қайсидир маънода фош қилиш мақсадида бу ердаман¸ деган эди Икром Ëқубов.

Ёқубов иддаолари борасида ҳамон кўплаб шубҳалар мавжуд. www.uznews.net интернет сайтининг бош муҳаррири Галима Бухoрбoева унинг Ўзбекистон хавфсизлик тузилмасида ишлаганини инкор этмаса ҳам, унинг бевосита президент Каримовдан буйруқ олиш мақомида бўлганини савол остига қўяди. Бухорбоева фикрича, унинг ҳеч қандай далилсиз оммавий ахборот воситалари орқали қилаётган иддаолари ўз аҳамиятини йўқотмоқда.

- Мен уни ўзи даъво қилаётгандай муҳим одам эмас, деб ўйлайман. Мен унинг МХX да ишлаганини биламан, аммо унинг иддаолари кулгилидир. У Каримовга яқин бўлганини исботловчи бирорта далилни ҳам келтира олмайди.

Унинг Каримовдан қандай буйруқларни олганини билмоқчиман. Мисол учун, у кимнингдир қийноққа солинганига гувоҳ бўлганини айтди. Менга эса у одам ким бўлгани қоронғу қолмоқда¸ дейди журналист Галима Бухорбоева.

Таниқли журналист Шоҳида Ёқуб Икром Ёқубов шахси борасидаги шубҳалар четга суриб қўйилса ҳам унинг “Ньюснайт” дастурида пайдо бўлганининг ўзи катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди . Унга кўра, Ёқубов ҳақидаги дастур Ўзбекистонга нисбатан сиёсат юритаётган Европа Иттифоқи сиёсатчиларини ҳам бефарқ қолдирмайди.

- Менимча¸ шу дастурнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Чунки Би-Би-Сининг “Ньюснайт” дастури энг обрўли дастурлардан бири. Бу дастур ҳар кун чиқади ва уни кўплаб Британия фуқаролари кўришади. Нафақат Британия фуқаролари¸ уни Европа Иттифоқида ҳам кўп кўришади. Менинг билишимча¸ Европа Иттифоқининг бюрократларининг кўплари Би-Би-Сининг “Ньюснайт” дастурини кўришади. “Ньюснайт” ва “Панорама” деган икки катта дастур бор. Бу кўрсатадики¸ Британияда Ўзбекистон ичидаги вазиятга¸ айниқса қийноқларга жуда катта аҳамият берилаяпти¸ дейди Шоҳида Ëқуб.

Икром Ёқубов ҳақидаги лавҳа продюсери Ҳенриетта Фостер Ўзбекистондаги қийноқлар кўламини ўрганишга ҳаракат қилган кунидан бошлаб, ўзининг бу ҳақда албатта жамоатчиликка билдириш лозим деган аҳди кучайиб борганини айтади.

- Бу лавҳанинг таъсири қандай бўлади - билмайман. Умидим шуки, бу лавҳа Ўзбекистон ичида бўлаётган қийноқлар борасида жамоатчиликни кўпроқ хабардор қилади.

Лавҳани тайёрлаётган вақтимизда Ўзбекистон элчихонаси билан боғландик. Аммо улар изоҳ беришни истамади. Ўзбекистон режими қийноқларни тўхтатадими - билмайман. Аммо Би-Би-Си телевидениесининг Ўзбекистондаги болалар меҳнати борасида тайёрлаган лавҳаси нишонга бориб текканини биламиз, бунинг натижасида кўплаб компаниялар Ўзбекистон пахтасини сотиб олмасликка қарор қилган эди.

Каримов режими жуда ҳам зулмкор ва оғир режимдир. Ундан қутилиш осон бўлмайди. Аммо бир кун келиб ўзбек халқи унга қарши овоз чиқаришга журъат қиладилар, деб умид қиламан¸ дейди Ҳенриетта Фостер.