Эркин микрофон

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.
Пастдарғомлик тингловчимизнинг айтишича, Cамарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ишлайдиган ўқитувчилар "Пахтабанк"нинг тумандаги бўлимига бориб, ўз шартларини қўйганларидан кейингина ойлик маошларига эга бўлишган:

- Синглим ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ҳозир "пластик карточка" деган бир бало чиққан. Ойликнинг ярмини пластикка ўтказади. Шунчалик муаммо қилиб олди ўзимизнинг Пахтабанкдан, жанжал қилиб. Пластик карточкага май ойлиги билан бирга отпускнойларни 300 минглар атрофида уриб берди. 300 мингдан 60 мингини терминалга олиб қолиб¸ қанақа йўл билан бўлса¸ пул қилиб олди-да. Қолганини ҳам пул қиламиз, деб банкка бориб ëтиб олиб¸ “Поезд йўлни тўхтатамиз¸ банкингни ëқиб юборамиз” деб, 9-10 ларда пулини олиб келди. Билмадим, бу Ўзбекистон нима бўлаяпти? Озодлик каналида шунақаларни кўп эшиттиради¸ дейди пастдарғомлик тингловчимиз.

Шундан сўнг онахон дардларини тўкиб солди:

- Менинг гапим шундай-да¸ биз пастдарғомликлар газдан жуда қийналганмиз. Ўзи 2000 йил трубалар қўйилиб¸ газ улаган эдик. Шундан бери тўққиз йил бўлаяпти газимиз йўқ¸ ëнмаяпти. Лекин газларга пул олади.

Озодлик: 2000 йилдан бери умуман йўқми?

- Бизлардан юқори қишлоқларда ëнади. Уни ҳам моторчалар билан ëқади.

Озодлик: Газни қандай моторча билан ëқади?

- Моторчани қўяди¸ кам газ юборади¸ газ босими баланд эмас. Бизлардан олдинги қишлоқлар ëқади. Бизлар энди охирги қишлоқлар. Газ бизларга унча келмайди.

Озодлик: Қишлоқларнинг номи нима?

- Гўзалкент¸ Машъал¸ Чандир. Далалардан тезакларни териб келиб ëқади¸ дейди онахон.

***

10 йил Россияда ишлаб, уйига қайтган тошкентлик Муҳаммаджон ўзбек сўмининг қадрсизланиб кетганидан шикоят қилади. Унинг айтишича, ҳозир энг катта ўзбек сўми, яъни минг сўмликка битта тушлик ҳам қилиб бўлмайди:

- Ўзбекистонга келиб мен жуда ҳам ҳайрон бўлиб қолдим. Биринчи бўлиб нимасига денг? Ўзбекистонда эътибор беринг¸ энг катта пули 500 сўм ва 1000 сўм. Автобус 400-500 экан. Автобусга 500 бўлса¸ нима деган нарса бу? Мен жинни бўлиб қолдим. Мана ўзингиз ўйланг¸ автобус 400 сўм¸ маршрутка 500 сўм. Ўзбекистонда энг катта пул 1000 сўм-ку¸ дейди тошкентлик Муҳаммаджон.

***

Андижондан қўнғироқ қилган тингловчимиз эса Россия ҳарбий базасининг Ўзбекистон чегараси яқинига қурилаётганига хайрихоҳлик билдиради. У ўзининг иддаоларини мана бундай асослашга ҳаракат қилади:

- Қирғизистонга қурилаëтган база¸ менимча¸ тўғри бўлаяпти. Сабаби¸ сал бўлса ҳам Ўзбекистоннинг сиëсатига таъсир қилади. Нимага десангиз¸ ҳамма ëқни ўзлари ўзлаштириб олишган. Шундан озгина ҳадиксираб¸ ҳеч бўлмаса, Гулноранинг ишларига тўсқинлик қилади бу база. Россия базасини қураëтганига хурсанд бўлдим. Кўпроқ қуриш керак.

Озодлик: Россиянинг босқинчилик сиëсатидан қўрқмайсизми?

- Босқинчилик сиëсати дейсизми? Бу Ўзбекистонни ўзбек инсон бошқаришига ишонмайман. Чунки руслар бошқарганда озгина бўлса ҳам тартиб бор эди. Ўзбек халқи жуда содда¸ кўзи бекик. Шунда яхши бўлади. Бўлмаса ҳамма нарса минусга кетаяпти. Ҳамма соҳа¸ ҳамма жабҳа тўлиғича минусга кетаяпти. Охири жарлик. Бунақа билан ташлаб бўлмайди. Руслар босиши керак¸ русларнинг шабадаси келиши керак. Ўшанда ўнгланамиз. Ҳозир ҳамма кўр бўлиб бўлди. Қирғиз билан қозоқ даражасида эмасмиз ҳозир. Бизда аҳвол жуда чатоқ. Бундан бу ëғига иккиюзламачилик сиëсати бўлади. Ота-онаси Россияда бўлганларнинг боласи худди шуларга ўхшаган бўлади. Бемеҳр¸ иккита юзи бўлади¸ тили билан дили бошқа бўлади¸ дейди андижонлик тингловчимиз.

***

Азиз муштарий! Озодлик радиосининг эркин сўз микрофони сизлар учун доим очиқ. Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг.