Назрандаги портлашдан 20 киши нобуд бўлди

АҚШ президенти Барак Обама Ингушетияда террористик ҳуруж амалга оширилгани тўғрисидаги хабарни эшитиб, "чуқур қайғургани" тўғрисида баёнот берар экан, воқеа қурбонларининг яқинларига, Россия ҳукумати ва халқига ҳамдардлик изҳор этди.

Европа Иттифоқи номидан унинг жорий раиси Швеция ҳам Россия ҳукуматига ҳамдардлик билдирди.

Душанба куни эрталаб Назран шаҳри ички ишлар бўлими биноси олдида амалга оширилган портлашдан 20 киши нобуд бўлди, 138 киши тан жароҳати олди.

Хабарларга қараганда, вайрон бўлган бинолар остида яна 20га яқин киши бўлиши мумкин.

Ҳуқуқ-тартибот органлари тарқатган маълумотларга кўра, икки жонкечди портловчи модда ортилган машина билан ички ишлар бўлими ҳовлиси дарвозасини бузиб кириб, портлатиб юборган.

Ингушетия бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилинди.