АҚШ генерали Тошкентга келди

Кузатувчилар фикрича, расмий Бишкек қирғиз-ўзбек чегараси яқинида Россия ҳарбий базасини ташкил этиш арафасида турган бир пайтда АҚШ генерали Дэвид Петреуснинг Тошкентга келиши алоҳида аҳамият касб этади.

18 август куни АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Дэвид Петреус президент Ислом Каримов қабулида бўлиб, минтақа хавфсизлигига оид масалаларни муҳокама қилди.
ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, учрашув давомида президент Каримов Ўзбекистоннинг АҚШ билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратаётганини айтган.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси расмий вакили Молли Стивенсон Дэвид Петреуснинг Ўзбекистонга келиши бу мамлакатнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан алоҳида ўрин эгаллаётгани билан боғлиқ эканини айтди.

- Ўзбекистон орқали Афғонистонга бизнинг ноҳарбий юкларимиз ўтмоқда. АҚШ ҳукумати Афғонистон ва минтақада xавфсизликни таъминлаш йўлида Ўзбекистоннинг муҳим ўрин тутишда давом этаётганини олқишлайди, деди Молли Стивенсон.

Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий амалиётлар бошлиғи Дэвид Петреусни Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларига юк етказиб бериш масаласи кўпроқ қизиқтираётган бўлиши табиийдир. Генерал Петреуснинг ўтган йилги ташрифидан буён бу масала деярли ҳал этилгандай. АҚШнинг бу мақсадлари учун Ўзбекистон Навоийдаги аэропортни, ўз темирйўл ва автойўлларини таклиф этди.

Вашингтондан таҳлилчи Абдуманноб Пўлатовнинг фикрича, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келганда, Вашингтон ва Тошкент ўртасида янги уфқлар пайдо бўлиши мумкин.

Абдуманноб Пўлатов: Менинг фикримча¸ Қарши-Хонобод базасини қайтадан очиш тўғрисида очиқ бўлмаган музокаралар кетаяпти. Ўзбекистон ҳукумати аввалгига қараганда каттароқ нарсаларни талаб қилаëтган бўлиши мумкин, деб ўйлайман.

Озодлик: Қайси маънода каттароқ нарсалар? Кўпроқ пул талаб қилаëтган бўлиши мумкинми?

Абдуманноб Пўлатов: Фақат пул эмас. Биринчи навбатда, Қирғизистонга ўхшаб албатта пул. Маълумки¸ 2001 йил 11 сентябрдаги террористик ҳужумлардан кейин Афғонистонда уруш бошланиши олдидан Қарши-Хонобод базаси текин берилган. Кейинчалик арзимаган ҳақ беришлар бошланган. Катта ва жиддий ҳақ тўлашни Ўзбекистон ҳукумати талаб қилади, биринчидан.

Иккинчидан¸ фақат бу масалада эмас. Хавфсизлик ва ҳарбий масалаларда яқин ҳамкорлик¸ Ўзбекистонга бериладиган ëрдамни тиклаш. Чунки АҚШнинг Ўзбекистонга берадиган ëрдами деярли йўққа чиққан. Бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати таклифлар билан чиқаяпти. Бу ҳаммаси менинг фаразларим.

Озодлик: Мана, яқинда Россия Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош вилоятларидан бирига ўз ҳарбий базасини жойлаштириш режаси ҳақида эълон қилди. Мана шу вазиятда Петреуснинг минтақага сафари ўз вақтида қилинаяпти, деб ўйлайсизми ва бу вазиятда Каримов АҚШга кўпроқ нарсани таклиф этиши мумкинми?

Абдуманноб Пўлатов: Албатта. Фарғона водийсининг шундай чегарасида¸ Боткенда¸ баъзи фаразлар бўйича ҳатто Ўшда Россия ҳарбий базасининг очилиши Ўзбекистон миллий манфаатларига зид. Бу АҚШ¸ Европа Иттифоқи¸ НАТО манфаатларига ҳам зид. Ҳеч ким¸ мен АҚШ¸ Европа Иттифоқи ва НАТОни назарда тутаяпман¸ Россиянинг Марказий Осиëдаги¸ Фарғона водийсидаги ўрнининг кучайишини истамайди. Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, Каримов Америка билан музокара олиб бораëтганда ҳарбий хавфсизлик юзасидан бироз кўпроқ мойиллиги кучайиши мумкин.

Озодлик: 2001 йилда Толибон ҳаракатига қарши фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланган пайтда¸ айнан АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги бутун муносабатларни белгилаб берди. Бугун ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг локомотивига айланиши мумкинми?

- Айланиши мумкин¸ лекин аввалги даражада бўлмаса керак. Ҳарбий масалаларда ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилишга икки томоннинг манфаатларда яқинлик бор. Инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласида фикрларда жиддий фарқ бор. Шунинг учун яқин ҳамкорлик тўғрисида умид қилмаса бўлади. Лекин хавфсизлик¸ ҳарбий ва Афғонистон масаласида АҚШнинг ҳам¸ Ўзбекистоннинг ҳам манфаатлари анча яқин¸ дейди Абдуманноб Пўлатов.

Генерал Дэвид Петреус Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафар қилишда давом этмоқда. Ўз сафарини Петреус Туркманистон ва Қирғизистондан бошлаган эди.