Хитой Робия Қодир яқинларига босим қилмоқда

Сургунда фаолият юритаётган Жаҳон уйғурлари конгресси раиси Робия Қодир яқинларининг айтишича, Хитой расмийлари улардан Урумчидаги уйларини тарк этишни талаб қилган.

30 кишидан иборат оила-аъзоларининг сўзларига кўра, расмий Пекин уларга тегишли уйларни ва Робия Қодирнинг Урумчида қолган иккита савдо марказини вайрон қилиш ниятида.

Бу ҳақдаги баёнот Жаҳон уйғурлари конгресси томонидан ёйинланди. Бироқ мустақил манбалар ва Хитой расмийлари мазкур маълумотларни тасдиқлаганларича йўқ.

Хитой ҳукумати Робия Қодирни яқинда Урумчида этник уйғурлар ва ханлар ўртасида рўй берган тартибсизликларни уюштирганликда айблаган. Расмий маълумотларга кўра, ушбу тартибсизликларда 200 га яқин одам нобуд бўлган, 1600 киши тан жароҳати олган.