Саакашвили Каримовдан миннатдор

Бир йил аввал МДҲ устига тупроқ тортилганини айтиб¸ ҳамдўстликдан чиқиб кетган Саакашвили табригининг ўзбек матбуотида босилиши¸ Тошкентнинг Москвага йўллаган яна бир огоҳлантируви сифатида кўрилмоқда.

"Aтиргул инқилоби" гулбаргида ҳокимиятга келган гуржи президенти Ўзбекистон президентига йўллаган байрам табригида Грузияни оғир дамларда қўллаб-қувватлагани учун Ислом Каримовга ташаккур изҳор қилди.
Муҳим саналар арафасида президентлар номига табриклар келади ва кимдир буни одатий дипломатик протоколдан ўзга нарса эмас¸ дейиши мумкин.

Аммо Ўзбекистон пропаганда машинаси бундай одатий удумни жамоатчиликка президент Каримов бошчилигидаги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда юқори эътироф этилаётганининг далили сифатида тақдим этади.

1 сентябр Мустақиллик байрами ва Тошкентнинг 2200 йиллик юбилейи тантаналари арафасида Каримов номига Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатлардан табрик мактублари ёғилди. Бироқ Грузия президенти Михаил Саакашвилидан келган ва ҳукумат газетасида чоп этилган табрик мактуби расмий Тошкент сиёсатидаги навбатдаги эврилиш даракчисидек кўрилмоқда.

“Биз дўстлик ришталаримизни юксак қадрлаймиз ва давлатимиз энг оғир дамларни бошдан кечираётган пайтда бизни қўллаб- қувватлаганингизни ҳеч қачон унутмаймиз. Аминманки, мустаҳкам асосга эга ва халқларимиз ўртасидаги дўстона ва биродарлик алоқаларига таянган Ўзбекистон-Грузия муносабатлари келажакда ҳам мустаҳкамланиб икки халқ манфаатлари йўлида ривожланиб боради” – дейилади президент Саакашвили мактубида.

Бу мактубда ўтган йили Грузия ва Россия ўртасида бўлиб ўтган беш кунлик уруш ва ундан сўнг Грузия тушиб қолган “оғир вазият” ҳақда гап бораётгани аён. Аммо хатдан Ўзбекистоннинг Грузия раҳбариятини қай тарзда қўллаб қувватлагани англашилмайди. Грузиянинг Ўзбекистондаги элчиси Георгий Куболашвили табрикда урғуланган қўлловга изоҳ бераркан¸ Ўзбекистон Грузияни сиёсий ва маънавий қўллаб-қувватлаганини айтади.

- Бу ерда гап Грузиянинг ҳудудий дахлсизлигини қўллаб-қувватлайдиган Ўзбекистон раҳбарияти ва президент Каримовнинг аниқ-тиниқ ва анъанавий позицияси ҳақида бормоқда. Биз буни юксак қадрлаймиз ва энг оғир дамларда бундай позиция биз учун жуда муҳим аҳамият касб этди”дейди Георгий Куболашвили.

Бир йил аввал Москва билан муносабатларни жиддий мураккаблаштиришни истамаган президент Каримов¸ албатта¸ Украина ва Болтиқбўйи давлатлари раҳбарлари каби Россия ҳатти-ҳаракатларини очиқчасига қораламаган ва уруш авжига чиққан паллада Тбилисига сафар ҳам қилмаган эди. Аммо Грузия аксар МДҲ давлатлари қаторида расмий Тошкент позициясини ҳам Кремлга сўзсиз-садосиз норозилик сифатида талқин этди. Бир йил давомида Москва билан муносабатларни шундоқ ҳам мураккаблаштирган Тошкентга эса¸ айни дамларда бундай талқин ёқиб тушгандай.

Президент Саакашвилининг табрик мактуби Ўзбекистон ҳукуматига қарашли “Правда Востока” газетасида нашр этилди ва бу билан расмий Тошкент Грузияни қўллаб-қувватлаганини Кремлдан яширмаётганини, аксинча уни очиқ намойиш этаётганини кўрсатди.

Бу эса¸ кузатувчиларга кўра¸ Тошкентнинг Москвадан узоқлашувидан дарак берувчи навбатдаги қадамидир.

Тўрт йил аввалги Андижон воқеалари юзасидан халқаро босим камайиб Россиянинг сиёсий таянчига эҳтиёж сезмаётган, жаҳон иқтисодий бўҳрони шароитида эса Россия сармояларига ортиқча умид қилмаётган расмий Тошкент Кремлнинг ҳарбий амбицияларидан ташвишга тушган. Кремлнинг “шахсий душмани” га айланган президент Саакашвили билан кўзланаётган яқинлашув эса¸ Москва ҳовлисига отилган яна бир тош бўлиши мумкин.

Ўз хатида Грузия раҳбари президент Каримов билан яқин орада учрашишга умид қилаётганини ҳам билдириб ўтган.

“Муштарак саъй-ҳаракатларимиз билан давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш учун янги рағбат бера оламиз”¸ дейилади Саакашвилининг байрам табригида жумладан.

Элчи Коболашвили икки президент учрашуви ҳозирча режалаштирилмаганини айтса-да¸ икки томон ҳам ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш учун рағбат кўрсатаётганини маълум қилди.

- Мен алоҳида таъкидламоқчиманки, биз икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун мавжуд барча имкониятларни ишга солишни жиддий ният қилганмиз¸ дейди элчи Коболашвили.

Аммо Саакашвили ва Каримов ўртасидаги шахсий муносабатларнинг аввал бошданоқ силлиқ кечмагани айтилади. “Рангли инқилоб” ғоясига қарши бўлган президент Каримов Грузия собиқ президенти Эдуард Шеварнадзенинг Михаил Саакашвили томонидан ҳокимиятдан четлаштирилишини қўллаб қувватламаган эди.

Бунинг устига¸ 2004 йилда Михаил Саакашвилли МДҲ доирасидаги ўз дебютини Тошкентни ҳақорат қилишдан бошлаган эди, дея эслайди Грузиянинг МДҲ даги собиқ элчиси Зураб Хонелидзе.

Собиқ дипломатнинг яқинда “Политра недели” газетасига айтишича, 2004 йилда Михаил Саакашвили МДҲ га аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида бир неча бор “биз ўзбекмасмиз-ку”¸ дея Каримовга кесатган.

Зураб Хонелидзенинг эслашича, МДҲ давлатлари раҳбарларининг қўшма матбуот анжуманида президент Каримов Саакашвилининг сўзини бўлиб, “у ҳали ёш ва ўзининг қаерда ўтирганини билмайди” дея кесатиққа кесатиқ билан жавоб қайтарган.