Эрон ядровий дастурдан воз кечмоқчи эмас

Президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Эрон ўзининг мунозарали ядровий дастурини давом эттиражаги ва бу борадаги “муқаррар” ҳаққи борасида ҳеч қандай музокаралар олиб бормаслигини маълум қилди.

Айни пайтда¸ Теҳронда ўтказилган матбуот анжуманида гапирган Аҳмадийнажод расмий Теҳрон ўз дастури борасида Атом энергияси халқаро агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилишини билдирди.

- Эроннинг ядровий изланишлари Атом энергияси халқаро агентлиги талаблари доирасида боради ва бу жараён давом этмоқда. Ядровий ёнилғига эга бўлган барча давлат халқаро агентлик билан ҳамкорлик қилади. Биз ҳам белгиланган талаблар доирасида агентлик билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бироқ агар агентлик сиёсий қарорларга берилса, биз бунга қарши чиқамиз, деди Эрон президенти.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ва Германия музокараларни бошлаш учун Эронга сентяб ойи якунига қадар муҳлат берган.