Хитой бозорининг ҳам баланд-пасти бор

Савдогарларнинг айтишларича, хитойликлар кимга қанақа мол кераклигини яхши биладилар.

"Танганинг орқаси" рукнининг бу галги суҳбатдошлари Хитой моллари ҳақидаги стереотипларнинг хато экани ҳақида баҳс этдилар.
“80 фоизи Хитой моллари. Паст бозорнинг ҳам¸ катта бозорнинг ҳам 80 фоизи Хитой моллари”.

Тошкентнинг “Чорсу” бозорида кийим-кечак билан савдо қиладиган Анвар ака эди. У киши билан суҳбатга бироздан кейин қайтамиз.

Бугунги суҳбатимиз Ўзбекистон-Хитой иқтисодий алоқалари мавзусида бўлади.

7 сентябр куни Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон ва Хитой тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, савдо-саноат палатаси ҳамда Хитойнинг автомобил техникаси экспорти ва импорти бўйича савдо палатаси томонидан ташкил этилган анжуманда икки давлатнинг турли соҳаларда фаолият юритувчи ўнлаб йирик ширкатларининг вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар¸ инвестициялар ва савдо вазирлигининг матбуот вакили Татьяна Орлова Озодлик радиоси билан суҳбатда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бораётганини ва 7 сентябр кунги форум айни муддао бўлганини айтди.

- Ўзаро алоқаларимиз, хусусан, икки томонлама савдо иқтисодий алоқаларимизда изчил ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, савдо ҳажми икки томонлама алоқалар тарихида энг юқори кўрсаткичларга чиқиб, 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Жорий йилнинг биринчи ярми, яъни январ ойидан июлгача бўлган даврда товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,2 миллиард долларга етди, дейди вазирлик вакили.

Унинг айтишича, Хитой делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якуни бўйича икки томон ўртасида қатор келишувлар имзоланади.

Бугунги кунда Хитой иқтисоди тез ривожланиб бораётган саноқли мамлакатлардан биридир. Халқаро молиявий бўҳрон авж олган кейинги бир йил давомида Хитой ўзининг улкан иқтисодий салоҳиятини йирик хорижий ширкатлар акцияларини сотиб олиш ва турли лойиҳаларда иштирок этиш каби фаолиятларга сармоя қилмоқда.

Хитой бугун Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўнлаб лойиҳаларда ўз улушига эга.

Туркманистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали Хитойга тортилаётган газ қувури ана шулардан биридир. Жорий йилда ишга туширилиши кутилаётган газ қувури Ўзбекистон ва Туркманистон учун ўз гази экспорт йўналишларини кўпайтириш имконини беради.

Олмаотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани ва Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори Сапарбой Жубаев иқтисоди нисбатан ёпиқ бўлиб келган Ўзбекистон учун Хитойдек давлат билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бугунги давр ва вазият талаби эканини айтади.

- Ўзбекистон учун қўшни давлатлар билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш жуда муҳим масала ва шунинг ичида буни, биринчи навбатда, Ўрта Осиë давлатлари билан ривожлантириш керак. Ўрта Осиë давлатлари ҳозир иккита катта империя - Россия ва Хитой ўртасида. Улар билан иқтисодий алоқаларни ўрнатиш¸ уни тўғри йўлга қўйиш жуда муҳим. Шунинг учун бу форумнинг масъулияти катта. Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги нефт¸ газ бўйича алоқаларни кенгайтириш керак¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Суҳбатдошимиз фикрича, бугун Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсаётгани асосан хом ашё ва Ўзбекистон ҳудуди орқали Шинжонгача тортилаётган қувурга сарфланаётган харажатлар ҳисобидан ошмоқда. Бироқ икки томоннинг бу кўрсаткичларни янада оширишга имкон ҳали кўп.

- Ўтган йил¸ энди бу рақамларни тўғри деб қабул қиламиз¸ 40-50 фоизга ўсиш бор экан. Бу яхши. Ўз-ўзидан бу ниманинг ҳисобидан ўсаяпти¸ деган савол туғилади. Хитой билан савдо алоқаларимизнинг ҳар бирининг ҳажмини кўрадиган бўлсак¸ асосан нима учун бўлди? Биз ўзимизда борлиги учун Хитойга нефт ва газ чиқаришга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари¸ пахтамиз бор¸ уранимиз бор¸ кимë саноатида чиқарадиган маҳсулотларимиз бор. Хитой билан ўтган йил ва бу йил алоқалар ривожлангани газ қувурлари билан боғлиқ. Туркманистондан Хитойга борадиган газ қувури бор. Хитой ўша қувурларни олиб келиб Қозоғистон¸ Ўзбекистонга катта инвестиция қилди. Бутун олиб келинган инвестиция савдо алоқасига киради. Шунинг учун ҳажмлар кўпайган бўлиши мумкин ва кўпайиши ҳам керак. Бу озми ëки кўпми дейиладиган бўлса¸ мен айтардимки¸ Хитой билан савдо алоқасида бу жуда оз миқдор. Буни икки-уч баробарга кўпайтириш имконияти бор. Кўпайтиришимиз ҳам керак¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Иқтисодий нуфузи бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайдиган Хитой билан ҳамкорлик, иқтисодчига кўра, Ўзбекистон учун мустақиллик йилларида деярли тўхтаб қолган саноат соҳаларини, масалан, кимёвий саноатни тиклаш имконини беради.

- Совет даврида бизнинг бозоримиз катта эди. Ўзбекистоннинг кимë саноати бутун иттифоққа ишлар эди. Бу заводлардан тежамкорлик билан яхши фойдаланар эдик. Лекин¸ минг афсуски¸ мустақилликка эришганимиздан кейин Ўзбекистоннинг ичидаги бозоримиз кичкина бўлиб қолди ва қўшни давлатларга бизнинг кимë саноатидаги маҳсулотларимиз чиқмай қолди. Кимë саноатимизни Хитойнинг талабларига қараб ўзгартирадиган бўлсак¸ маҳсулотларимизни Хитойга экспорт қиладиган бўлсак¸ шу асосда бизнинг кимë саноатимиз ривожланади. Агар биз буни Хитойнинг ëрдами билан ривожлантирсак¸ бу жуда яхши иш бўлади. Бу Ўзбекистон учун эмас ҳар бир оила учун фойда келтиради, деб ўйлайман, дейди қозоғистонлик иқтисодчи.

Хитойнинг Марказий Осиё ёки Россиядаги иқтисодий ҳаракатлари ҳақида гапирганда кўпчилик сиёсатшунослар бир ярим миллиард аҳолиси билан дунёда биринчи ўринда турадиган Хитойнинг экспансияси, яъни унинг секин-аста бу минтақаларни босиб олаётгани тўғрисидаги фикрларни айтадилар.

Сапарбой Жубаев бугунги глобаллашув шароитида бундай жараёнларнинг олдини олиб бўлмаслигини ва шунинг учун бу ҳақда ортиқча хавотир билдиришга ҳожат йўқлигини айтади.

- Биз Россия экспансиясидан¸ қўл остидан энди чиққан давлатмиз. Бошқа бир давлат келаëтган бўлса¸ ундан қўрқамиз. Биз глобаллаштириш¸ жаҳонлаштириш масаласига ҳали ўрганганимиз йўқ. Агар глобализация бўйича жаҳонлаштириш масаласига очиқ келадиган бўлсак¸ бизга қайси давлат бўлмасин¸ Хитой бўладими¸ Жанубий Корея бўладими¸ Америка бўладими¸ Европа Иттифоқи бўладими¸ Россия бўладими - инвестиция олиб келадиган бўлса¸ улар экспансия қилаяпти¸ у қилаяпти¸ бу қилаяпти деб, уларнинг келишига қаршилик кўрсатишимиз керак эмас. Агар улар бизларга инвестиция олиб келиб¸ заводларни қурадиган бўлса¸ завод бизда қолади-ку. Эртага заводни кўтариб кетмайди-ку. Икки давлат ўртасида шартнома тузилган пайтда ўзимизнинг Ўзбекистон учун муҳим нарсаларни биз йўқотиб қўймаслигимиз керак. Уларнинг келишидан қўрқишимиз керак, деб ўйламайман. Агар биз “Хитой экспансия қилади” деб қўрқсак¸ “Россия босиб олади”¸ “Америка босиб олади” деб қўрқсак¸ унда чегараланиб қолган¸ Шимолий Кореяга ўхшаган давлат бўлиб қолишимиз мумкин, дейди иқтисодчи.

Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг хитойлик ҳамкасбларини меҳмон қилиб, ҳамкорлик ҳақида келишиб олганлари яхши албатта. Бундан давлат манфаат кўрар, давлат манфаат кўрса, оддий аҳолига ҳам фойдаси тегиб қолар, узоқ муддатда.

Лекин кўпчилик оддий тингловчиларимиз “менга нима, бундан фақат бой тадбиркорлар, янада бойийди-да”, деб ўтирган бўлса ажабмас.

Сапарбой Жубаевдан “Бу каби форумлар, ҳамкорлик ҳақидаги келишувлар ва дабдабали тадбирлардан оддий ўзбекистонликка нима наф?” деб сўрадик.

Сапарбой ака янги иш жойлари, инфратузилмаларнинг яратилиши, турмуш сифатининг яхшиланиши каби омиллардан ташқари, оддий ўзбекнинг кундалик турмушига бевосита алоқаси бўлган, уни дарҳол қизиқтириши мумкин бўлган омилни мисол қилди.

- Хитойдан нима оламиз десак¸ эртага ортиқча пулимиз бўлиб турадиган бўлса¸ Хитой билан ҳамкорликда Хитойдаги жуда арзон маҳсулотларни биз олсак бўлади. Масалан¸ Хитойда кийим-кечак жуда арзон. Ўзимизда қийналиб¸ паст бир корхоналарни тутиб¸ самарадорлиги кам ишлаб чиқаришларни қургандан кўра¸ Хитойнинг арзон товарларини олишимиз мумкин, дейди Сапарбой ака.

Бугунги дастуримизни очиб берган тошкентлик савдогар Анвар ака айтганидек, бугун Ўзбекистон бозорларидаги халқ истеъмол молларнинг деярли 80 фоизи Хитойдан олиб келинади.

Айтиб ўтиш жоизки¸ Европа ёки Америка дўконларида сотиладиган саноат молларининг каттагина қисми ҳам Хитойда ишлаб чиқарилган. Лекин сифати оддий ўзбекистонлик учун сифатсизлик тимсоли бўлиб қолган “Made in Сhina” молларидан фарқ қилади.

Анвар ака ҳам Хитойдан мол олиб келиб савдогарлик қилади ва Хитойга харж қилгани борганида сифатли молларни кўрган.

- Сифати тўғрисида гапирадиган бўлсак¸ сифатининг ҳам ҳар хил тури бор-да. Оддий халқнинг чўнтаги кўтарадиганга яраша чиқариб берадиган сифатли моллари бор¸ ундан қимматроқлари бор¸ яна оригинали бор. Уни кўрсангиз¸ Туркия маҳсулотларидан ажрата олмайсиз. Сифатли моллари бор¸ лекин жуда қиммат. Уни Хитойники десангиз¸ ҳеч ким ишонмайди. Унақаларни бизга олиб келиб сотсангиз¸ унинг нархи кўтармайди. Кўпчилик Хитой десангиз¸ “Э¸ яхшимас¸ сифати паст” дейди. Одамларнинг чўнтагига ярашасини олиб келсангиз¸ бу моллар сифатсиз чиқади¸ дейди Анвар ака.

Суҳбатдошимизнинг эътирофича, ўзбекларнинг камхаржроқ келиши ва унча-мунча нарсани олишга қурби етмаслигини Хитойдаги савдогарлар ҳам билиб қолишган.

Анвар ака: Шеригим Хитой бозорига бориб¸ дўконга кирган. У кириши билан дўкон сотувчиси “мана осиëлик” деган. Сал менсимагандай қилиб¸ “мана, кўравер” деган. Араб миллатига мансуб одам араб кийимларида шайхга ўхшаб кириб келиб қолса¸ ўрнидан туриб “Қанақа кофе ичасан? Кел¸ бу ëққа ўтир” деб тўлиқ хизмат кўрсатган. Чунки бизларникилар талашиб¸ тортишиб¸ иложи борича арзонроқ қилиб олади-да. Бошқа миллатлар тортишиб талашмайди.

Озодлик: Пулингизга қараб мурожаат қилар эканда-а?

- Улар айниқса бизларнинг ўзбекларни анча-мунча яхши тушуниб қолган. Бошқа ерда одамлар келса¸ хизмат кўрсатади. Ўзбекистондан ўзбеклар ëки уйғурлар бориб қолса¸ очиқчасига хизмат кўрсатмайди. Қайсидир молни кўрсатсангиз, “У сенга тўғри келмайди, у сенга қимматлик қилади”, деб айтаркан. Чунки улар бизларникилар қиммат нарса олмаслигини билади. Бизнинг савдогарлар халқнинг ҳамëнидан келиб чиқиб олади¸ дейди Анвар ака.

“Тошкентнинг шинам халқаро бизнес марказида 100 га яқин ўзбек ва хитой ширкатлари иштирокида ўтган бизнес-форум аталмиш тадбирдан бирор хайр кутасизми, балким, шу каби анжуманлар, келгусида турмушимиз сифатига сифат қўшиб қолар?” деб сўраймиз Анвар акадан.

- Ҳозир битта нарса бор. Қаранг¸ Чорсу бозори ҳозир иккига ажралган. Паст бозори бор¸ тепада дўконлар бор. Тепадаги дўконларга бойваччалар чиқади. У ëқда Хитойнинг оригинал моллари бор¸ Туркиянинг асл моллари бор. Пастдаги бозор оддий ўзбеклар учун. Пастки бозорда Хитойнинг арзон моллари сотилади. Одамларга фарқи йўқ¸ чунки улар пул камлигидан уни олишга мажбур. Биласизми¸ сифат томонидан кафолат бера олмаса керак барибир. Хитойда майда-майда цехлар кўп-да. Қайси цех билан ҳамкорлик қилиш¸ Ўзбекистонга қайси товарларни олиб кириш бўйича келишув қилиши мумкин. Менимча¸ улар барибир сифатига кафолат бера олмайди¸ дейди Анвар ака.