Эрон портлашда Покистонни айблади

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Покистон хавфсизлик кучларини Инқилоб посбонлари корпуси раҳбарларига қилинган якшанба кунги ҳужумга алоқадорликда айблади.

Бундан ташқари Эрон раҳбари расмий Исломободни бу ҳужумга алоқадор бўлган шахсларни Теҳрон ихтиёрига топширишга чақирди.

- Биз Покистон ҳукуматидан бу террор хуружи ортида турган шахсларни кечиктирмасдан қўлга олишни сўраймиз. Биздаги маълумотларга кўра, Покистон хавфсизлик хизматининг айрим агентлари бу террор ҳужумини амалга оширган шахслар билан алоқада бўлган. Ушбу жиноятчиларни талаб қилиш бизнинг ҳуқуқимиз деб биламан, деди Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Якшанба куни Эроннинг Систон-Балужистон вилоятида содир этилган қўпорувчилик амалиётида нобуд бўлганлар сони 42 кишига етди¸ ўнлаб фуқаро тан жароҳати олди. Инқилоб порсбонлари корпусининг бир нечта раҳбари ва маҳаллий қабила етакчилари мазкур ҳужумда нобуд бўлдилар.

Суннийларнинг “Жундуллоҳ” гуруҳи якшанба кунги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Эрон расмийларининг билдиришича, ҳужумни уюштирган шахс Покистондан келган. Покистон ўз навбатида Эрон иддаоларини инкор қилмоқда.

Эрон расмийлари, шунингдек, АҚШ ва Буюк Британияни ҳам қўпорувчилик амалиётига алоқадорликда айблади.