Халқаро кузатувчилар Эронга борди

Атом энергияси халқаро агентлиги кузатувчилари Эронга сафар қилмоқда.

Бу ерда халқаро кузатувчилар яқинда расмий Теҳрон томонидан ошкор қилинган Қум шаҳридаги ядровий иншоотда текширув ишлари олиб борадилар.

Мазкур иншоотнинг ошкор қилиниши Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни янада кескинлаштирди.

Ғарб давлатлари Эронни ядровий қуролга эгалик қилишга уринаётганликда айблаб келади. Теҳрон эса бу иддаоларни инкор қилиб, ўз дастури тинчлик мақсадларига йўналтирилганини таъкидламоқда.

Айни пайтда Атом энергияси халқаро агентлиги Эрон уранини учинчи давлатда ёнилғига айлантириб, Эронга қайтариб беришни таклиф қилмоқда. Россия, АҚШ ва Франция бу таклифга ўз розилигини билдирди. Расмий Теҳрон эса бу масалада ўз қарорини келаси ҳафта ошкор қилишини маълум қилди.