Доғистонда жангарилар етакчилари ўлдирилди

Россия хавфсизлик кучларининг Доғистонда ўтказган махсус амалиётлари чоғида камида тўрт жангари йўқ қилинди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати тарқатган хабарга кўра, бугун Махачкала яқинида маҳаллий террорчи гуруҳ етакчиси Мадрид Бегов хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган.

Шанба куни эса ички ишлар ходимлари "Махачкала амири" деб айтилаётган Марат Қурбонов ва у билан бирга бўлган икки жангарини йўқ қилган.

Айтилишича, Қурбонов кетаётган машина ўққа тутилгандан сўнг портлаб кетган. Федерал хавфсизлик хизматининг билдиришича, жангарилар кетаётган машинада ўқ отар қуролларидан ташқари портловчи моддалар ҳам бўлган.