Қирғизлар фамилиясини миллийлаштирмоқчи

"Қирғизпатент" раҳбари Улан Мелисбек фикрича, Қирғизистонда фамилияларни қирғизчалаштириш фурсати аллақачон етган.

Фамилияни қирғизчалаштиришни қўлловчи қирғизистонликлар бу ишни бошқаларга ўрнак сифатида давлат раҳбарлари бошлаб бериши кераклигини айтмоқдалар. Айни пайтда бу ташаббусни қўлламайдиган кишилар ҳам бор.
Ўтган ҳафта Қирғизистон парламентида бўлиб ўтган йиғилиш чоғида чиқиш қилган “Қирғизпатент” давлат корхонаси директори Улан Мелисбек фамилияларни қирғизчалаштириш ташаббусини кўтарди.

- Қозоқ биродарларимизни қарайлик. Қозоқ паспортининг русча варағида “Нурсултан Абишевич Назарбаев” деб ёзилар экан. Ўша паспортнинг қозоқ тилидаги варағини очсангиз, “Нурсултан Абиш ўғли Назарбай” деб ёзилган. Қирғизларга энг яқин бўлган қозоқ биродарларидан ўрнак олишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, деди Улан Мелисбек.

Қирғизистонликлар орасида бу ташаббусни қўлловчилар ҳам, қўлламайдиган одамлар ҳам бор. Исмини ошкор этилишини истамаган суҳбатдошимиз бу масалада Россияда муҳожирликда юрган қарийб 500 минг қирғизистонликнинг қирғизча фамилияга доир муаммоларини ҳам ҳисобга олиш керак, деб ҳисоблайди.

Суҳбатдошимиз миллий фамилияга эга бўлгани учун Россияда ҳуқуқи поймол қилинганини айтади. Шунинг учун ҳам у фамилиясини ўзгартиришга қарор қилган:

- Биз мактабни битираётган пайтларда фалончи ўғли деб аташ урф бўлган эди. Кейинроқ Россияга ишлагани борганимда фамилия -ев ёки -ов қўшимчаси билан тугаши керак, деган баҳона билан ишга олишмади. Шундан кейин Қирғизистонга келиб фамилиямни ўзгартиришга мажбур бўлаяпман, деди фамилиясини руслаштирмоқчи бўлган йигит.

Мутахассисларга кўра, фамилиясини руслаштирмоқчи бўлганлар асосан Қирғизистонни тарк этишни истаган одамлардир. Фамилияларни қирғизчалаштириш ташаббусини қўлловчилардан бири, ёш шоира Афина Бакирова одамларнинг Россия каби давлатларга фуқаро сифатида кетиб қолмаслиги учун ҳам фамилияларни тўлиқ қирғизчалашириш керак, деган фикрда:

- Газеталарда ёзилишича, ўтган йил охирида Қирғизистондан чет давлатларга кўчиб кетаётган қирғизларнинг сони 48 мингга етиб қолибди. Бизга -ова, -ева деган қўшимчаларнинг кераги йўқ. Россия бизнинг фуқароларимизни қабул қилмай қўяверсин. Биз қирғизлар ўз мамлакатимизда қолиб, ўз мамлакатимизни ривожлантиришимиз керак, деди Афина Бакирова.

Айни пайтда фамилияларни қирғизчалаштириш ташаббусини кўтариб чиққан “Қирғизпатент” директори Улан Мелисбек фамилияни қирғзчалаштириш деганида фамилияни “бутунлай олиб ташлаш керак”, деб тушуниш керак эмаслигини айтади:

- Давлат статистика тизимини бузмаслигимиз керак. Агар барча фамилияларни “ўғли” ёки “қизи” деб ёздириб олсак тўғри бўлмайди. Шунинг учун биринчи исм ёзилиши керак, кейин фамилия ва учинчи навбатда отасининг исмига қўшилиб қизи ёки ўғли, деб ёзилиши керак, дейди Улан Мелисбек.

Унинг айтишича, фамилиянинг шундай тартибда ёзилиши халқаро меъёрларга ҳам тўғри келади ва чет давлатга чиқмоқчи бўлган фуқароларда ҳам фамилия билан боғлиқ муаммолар пайдо қилмайди.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда одамлар 1989 йилдан 2003 йилгача фамилияларини “ўғли” ёки “қизи” қилиб ёздирган. 2003 йилдан эса фамилияни руслаштириш ҳолати кўпайган.

Айни пайтда мамлакатда ўз фамилиясини руслаштирган одамларнинг сони бир неча минг кишига етгани айтилади. Мутахассислар бу ҳолатни қирғизларнинг миллийликдан узоқлашаётгани сифатида баҳоламоқдалар.