Ҳокимлик халққа нимани ейиш ва экишни буюрмоқда

Қишлоқдаги ўзбекистонликларнинг еб-ичиши ўз томорқасидан чиқаëтган мева-сабзавотга қарам бўлиб қолди.

Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани ҳокимлиги мутасаддилари олтинкўллик ҳар бир фуқарога бир ойда уч килодан зиёд гўшт ейишни тавсия қилишмоқда. Ҳокимлик томонидан ҳар бир оилага кунлик оқатланиш рациони бўйича ёзма равишда кўрсатмалар тарқатилаяпти.
Олтинкўл тумани Маслаҳат қишлоғида яшовчи фуқаролардан бирининг Озодликка маълум қилишича, бир ойдирки маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, овқатланиш рациони бўйича ёзма равишдаги кўрсатма тарқатаяпти.

- Мана мен ҳокимлик чиқарган график бўйича ўқиб бераман сизга. Масалан бир кунга битта одам узум 38 грамм¸ сабзавот 300 грамм¸ помидор 82 грамм¸ гўшт 110 грамм¸ сут 384 грамм. Уч кунда бир дона тухум ейишимиз керак экан.

Озодлик: Шунча гўшт ейсан деб қўлингизга қоғоз берса¸ “Пулини қаердан оламан?” демадингизми?

- Унақа савол берилмайдида.

Озодлик: Нимага?

- Энди савол берилмайдида. Ўзи ҳам тушунмайди. Буни берганларнинг ўзи ҳам “Бу жиннилик. Юқоридан топшириқ. Нима қиламиз ака” деяпти, дейди олтинкўллик суҳбатдошимиз.

Олтинкўллик бошқа бир суҳбатдошимизга кўра, ҳокимлик томонидан тарқатилган ушбу кўрсатмада бир кишининг овқатланиши бўйича бир кунлик, бир ойлик ва бир йиллик ўлчамлари аниқ кўрсатилган.

- Қўлимизда маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган қоғоз. Сарлавҳаси шундай ëзилган: “Туман аҳоли жон бошига талаб қилинадиган мева¸ узум¸ сабзавот¸ полиз ва картошка маҳсулотларини меъëрлаш тўғрисида маълумот”. Пастига “Туман аҳолиси 139¸4 минг киши” деб кўрсатиб қўйилган. Бир ойлик мева 5 кило 300 грамм¸ узум 1 кило 100 грамм¸ сабзавот 900 грамм¸ помидор-бодринг 2 кило 600 грамм¸ карам 1 кило 300 грамм¸ пиëз 2 кило 800 грамм¸ сабзи-лавлаги 2 кило 200 грамм¸ полиз 1 кило 600 гтрамм¸ картошка 4 кило 500 грамм¸ гўшт 3 кило 300 грамм¸ сут 11 литр 500 грамм¸ тухум 10 дона.

Озодлик: Пули қаердан олинар экан бунинг?

- (кулиб) Буни тузганлар биладида пулини қаердан олиш кераклигини. Биз қоғозни олиб қўямиз. Топсак еймиз¸ топмасак нон ва чой. Тухум қаерда¸ гўшт қаерда? Эрталабга хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг чойнинг ўзи бўладида. Жуда топсак¸ шакар бўлади. Бошқа нарса бўлмайди. Обедда гўштсиз мастава ëки шўрва бўлади. Кечқурунгиси ҳам гўштсиз.

Озодлик: Сизнинг оилада нечта одам бор?

- Саккизта.

Озодлик: Саккиз одам яшайдиган оилада бир ойда неча килограмм гўшт ишлатасизлар?

- Ростими?

Озодлик: Албатта, рости.

- Рости жуда ошиб кетса икки кило. Бўлмаса ўртачаси бир кило.

Озодлик: Бир ойдами?

- Ҳа, хоҳланг ишонинг¸ хоҳланг ишонманг.

Озодлик: Бир ойда неча марта ош қиласизлар?

- Биз Қорадарëнинг бўйида ўтирамиз. Гуручни ўзимиз экамиз. Бир ҳафтада 3 марта ош қилинади. У қуруқ гуручда энди. Гўшт бўлмайди¸ тухум бўлмайди. Шу ҳам ҳозирги кунда яхши овқат ҳисобланади, дейди олтинкўллик фуқаро.

Ўзини Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари Азизбек деб таништирган расмий туманда бўлаётган ушбу тадбирни шундай изоҳлади.

Азизбек: Тиббиëтда ëзилган нарса у. Тиббиëтда белгилаб қўйилган. Битта инсон бир кунда қанча сув ичади¸ қанча овқат ейиши керак¸ қанча тухум ейиши керак¸ қанча гўшт ейиши керак¸ қанча ухлаши керак¸ қанча жисмоний меҳнат қилиши керак.

Озодлик: Энди аҳоли орасида тушунтириш ўтказмоқчимисизлар? Мақсад нима?

Азизбек: Ҳукумат топшириғини қилаяпмиз. Агар ҳукуматда чиққан қарор ва фармойишлардан хабардор бўлсангиз¸ ҳукумат топшириғига асосан иш юритилаяпти. Ҳеч ким ҳеч қанақа ўзича ташвиқот юритгани йўқ. Вазирлар Маҳкамаси¸ президентимиз чиқарган қарор ва фармойишларга асосан иш юритилаяпти.

Озодлик: Менга ҳозир ўқиб беришди. Бир одам бир ойда 3 кило 300 грамм гўшт ейиши керак экан. Маблағ масаласи қанақа бўлади бунда?

- Маблағ масаласи? Пенсия оладиганнинг пенсияси бор¸ иш ҳақи бор. Булар инсоннинг ўзининг соғлиги учун керакли нарсалар. Амал қилса¸ соғлиги учун¸ амал қилмаса¸ ўзи билади. У одамни биров мажбурламайди, дейди ўзини Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари Азизбек деб таништирган суҳбатдошимиз.

Олтинкўлликларга кўра, туман мутасаддилари ҳар бир аҳолининг хўжалигидаги уй ҳайвонлари ва мевали дарахтларини ҳам ҳисобга олишни бошлашган.

- Ҳозир ҳокимликнинг топшириғи билан “Сен уйингга у экасан¸ бу экасан” деб молининг¸ қўйларининг расмини олиб ҳар битта одамга биттадан папка қилаяпти. Яъни бунинг тагида бу нарса бор: Олтинкўл тумани аҳолисининг жон бошига талаб қилинадиган узум¸ мева¸ сабзавот¸ полиз ва картошка маҳсулотларининг меъёри бор экан, қанча одам нима экиш кераклиги шунда кўрсатиб қўйилган. Шуни ҳисобга олиб аҳолини “Сен товуқ қиласан. Сен картошка экасан” деб ташвиқот ишларини қилишаяпти, дейди олтинкўллик фуқаро.

Олтинкўллик бир ўқитувчининг айтишича, мутасаддилар ҳатто одамларнинг консерваланган озиқ-овқатлари ҳисоби билан ҳам қизиқаяптилар.

- Бу жаҳонда кузатилаëтган кризиснинг Ўзбекистонда олдини олиш учун кўрилаëтган чора-тадбирларнинг бир бўлагида. Ўша мақсадда маҳалла фуқаролари йиғини ҳар битта уйнинг экиладиган дарахтлари¸ бор нарсалари хусусида папка қилиб олаяпти. Ҳатто ҳозир шундай қилинаяптики¸ уйдаги олма¸ мева шунақа консерва қилинган нарсаларнинг расмини олиб¸ “Уйимда шунақа нарсам бор. Шунақа нарса еяпман” деган нарса топширасан деган буйруқлар ҳам бор. Мактаб¸ коллежларнинг ўқитувчилари эшикма-эшик шунақа қилиб юрибди. Бу билан иқтисодий кризиснинг олди олиниб қолмайдию. Кризиснинг олдини олиш учун ишлаб чиқариш ривожланиши керак, дейди олтинкўллик суҳбатдош.

Олтинкўл тумани хоким ўринбосари Азизбек ушбу тадбирлар ҳукумат томонидан белгиланган махсус режалар асосида амалга оширилаётганини таъкидлайди.

Азизбек: Озиқ-овқат маҳсулотини 30 фоизга кўпайтириш ва таннархини 20 фоизга камайтириш бўйича. Озиқ-овқат маҳсулотларини 2010 йилда 30 фоизга кўпайтириш.

Озодлик: Ниманинг ҳисобига?

Азизбек: Ниманинг ҳисобига? Озиқ-овқат маҳсулотини кўпайтириш ҳисобига.

Озодлик: Ўшани ким кўпайтиради?

Азизбек: Халқ кўпайтиради.

Озодлик: Халқ қанақа қилиб кўпайтиради?

- Фермер кўпайтиради. Оддий фуқароларнинг томорқа ерлари бор тўғрими? Шунга режа асосида экин эксин деяпти. Ҳамма режа асосида ишласин деяпти, дейди ўзини Олтинкўл тумани ҳоким ўринбосари Азизбек деб таништирган суҳбатдош.