Қозоқлар билан олди-берди камайиб кетди

Ўзбекистон ҳукумати ëз мавсумида Қозоғистонга мева-сабзавот олиб ўтишни тақиқлаб қўйди.

Минтақадаги икки йирик давлат - Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо обороти ўтган йил давомида учдан бирга қисқарган. Чегаранинг иккала томонида яшовчи оддий халқ¸ буни қўшнилар ўртасидаги сиëсий зиддиятнинг иқтисоддаги нуқси¸ дея талқин қилмоқда.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги товар айрибошлаш кўрсаткичлари 2009 йилда кескин қисқарган. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган ўзбек-қозоқ ҳукуматлараро комиссиясининг 11-йиғилишида маълум қилинди.

Мутасаддиларга кўра, 2009 йилда Ўзбекистон Қозоғистонга 304,4 миллион АҚШ доллар миқдорида товар экспорт қилган бўлиб, бу кўрсаткич 2008 йилга нисбатан 41 фоизга камайган.

Қозоғистон Саноат ва савдо вазирлиги халқаро ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари Ўлжас Раев Озодлик радиоси билан суҳбатда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажмининг жами 33,3 фоизга қисқарганини маълум қилди.

- Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги айрибошлаш тахминан 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Бу ўтган йил билан солиштирганда жами 33, 3 фоизга камайган. Бу ҳақда 17 феврал куни Олмаота шаҳрида ўтказилган ўзбек-қозоқ ҳукуматлараро комиссиясининг 11-йиғилишида расман маълум қилинди, дейди Ўлжас Раев.

Расмий маълумотларга кўра, 2009 йилда Қозоғистон Ўзбекистонга 892 миллион АҚШ долларига яқин товар экспорт қилган бўлиб, бу кўрсаткич 2008 йилга нисбатан учдан бирга қисқарган. Ўзбекистоннинг ўтган йили Қозоғистонга экпорт қилган товарлари ҳажми эса 41 фоизга қисқарган.

Қозоқ мутасаддиси Ўлжас Раев¸ икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажмининг умумий кўрсаткичлари 33, 3 фоизга қисқаришини глобал молиявий бўҳрон билан боғлайди.

- Бу жаҳон молиявий бўҳрони билан боғлиқ ҳолат. Чунки бу бутун дунёдаги мамлакатларда ўз аксини топаётир. Бу даврда Қозоғистоннинг жуда кўплаб давлатлар билан товар айрибошлаш борасидаги кўрсаткичлари камайган, шу жумладан, Ўзбекистон билан ҳам¸ дейди Ўлжас Раев.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев эса, икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш кўрсаткичларининг кескин камайишини Қозоғистоннинг Божхоналар иттифоқига аъзо бўлиши натижаси ўлароқ баҳолайди.

- Ўртадаги товар айрибошлаш ҳажми камайишининг асосий сабаби Қозоғистоннинг Россия билан бўлган Божхона иттифоқига қўшилганлиги. Аввал Ўзбекистон ëки Қозоғистон товарларини божхона тўловисиз олиб ўтаëтган бўлса¸ қанақадир бир енгилликлар бераëтган бўлса¸ ўшанга яраша Қозоғистондан келаëтган товарларга йўл очилаëтган бўлса¸ ҳозир шу имконият йўқ бўлди. Чунки Қозоғистон энди фақат ўзининг товарини эмас¸ Қозоғистонга Россиядан¸ Беларусдан ва бошқа мамлакатлардан кириб келган товарлар Ўзбекистонга ëппасига олиб кириш эҳтимоли мавжуд. Ана ўша товарларнинг сонини камайтириш учун давлат қанақадир қўшимча божхона тўсиқлари қўяяпти. Ўртада товар айрибошлаш камаяпти, дейди Комрон Алиев.

Айрим таҳлилчилар икки давлат ўртасидаги иқтисодий кўрсаткичларнинг пасайишини Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг силлиқ эмаслиги билан изоҳлашади.

Ўзбек-қозоқ чегарасининг йилда икки-уч марта маълум муддатларга ёпиб қўйилиши, чегарадан озиқ-овқат, асосан, сабзоват маҳсулотлари олиб ўтилишига чекловлар жорий этилиши каби ҳолатларни, аксар таҳлилчилар, айнан ҳукуматлараро совуқ муносабатлар меваси сифатида баҳолашади.

Масалан, ўтган йилнинг октябр ойида маълум муддатларга ўзбек-қозоқ чегараси ёпиб қўйилган ва бу Ўзбекистоннинг ташабусси экани айтилганди.

Айни пишиқчилик мавсумида сабзавот маҳсулотларига тақиқ жорий қилиш ҳолатлари эса икки давлат томонидан ҳам кузатилади.

Чимкент бозорида савдо қилувчи қозоқ аёли Гулнор опа айнан Ўзбекистонда сабзавот олиб келиш билан шуғулланади.

- Икки давлат раҳбарларининг ўзаро совуқ муносабатлари оқибатида халқ азоб чекаяпти. Чегараларни ёпиб қўйишади, сабзавот олиб ўтишимизга рухсат беришмайди, дейди қозоқ аёли.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик тадбиркор аёл ҳам икки ўртада деҳқон азият чекаётганини айтади.

- Деҳқонлар учун қийинда. Ўзининг продуктасини сота олмаса¸ Қозоғистонга олиб чиқаяптида шуни. Уларнинг ҳам иши юришаяпти. Бола-чақа боқаяпти. Деҳқонда. Ҳозир энди бу товар Қозоғистонга чиқмаса¸ Ўзбекистоннинг ўзида қолса¸ шунча товар ачиб ҳам кетадию. Шуларга банкротку бу нарса. Деҳқонлар экаяпти¸ меҳнат қилаяпти. Кимга зиëн бўлаяпти¸ деҳқонга, дейди тадбиркор аёл.

Ўзбекистондан Қозоғистонга, асосан, сабзавот маҳсулотлари олиб ўтилса, Қозоғистон уни Ўзбекистонда анча харидоргир ҳисобланади.

17 феврал куни Олмаотада янграган маълумотларга кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга ун ва буғдой экспорт қилиш ҳажми кескин камайган.

Ўзбекистондаги Савдо департаменти ходимларидан бири, Озодлик билан суҳбатда кейинги йилларда Ўзбекистонда буғдой ҳосили яхши бўлаётгани ва шунинг ҳисобига Қозоғистондан буғдой ва ун импорти камайганлигини билдирди.