Генерал Исақов оқланмади

Собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исақовнинг судланиши халқ орасида норозиликлар пайдо қилмоқда.

19 феврал куни Қирғизистон ҳарбий суди коллегияси Бишкек гарнизон судининг собиқ Мудофаа вазири, президент Бакиев сиёсатига норозилик сифатида мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимдан истеъфо берган Исмоил Исақовни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукмини ўз кучида қолдирди.
Маҳкамада Исмоил Исақов ҳимоячилари ва тарафдорларининг суд раисига ишончсизлик билдириш тўғрисидаги аризалари қаноатлантирилмади.

Маҳкамада ўз ҳимоячиларининг илтимоси инобатга олинмаганидан норози бўлган Исмоил Исақов ўз ҳимоячиларидан суд залидан чиқиб кетишни сўради:

- Ҳимоячиларимдан сўранаман, қонунийлик ўрнатилмагунича буни эшитманглар ва ташқарига чиқиб кутиб туринглар. Мен ҳам гапирмайман. Ҳукумингларни чиқараверинглар. Кечирасизлару сизлар ўзингиз қонунни қўпол тарзда бузиб, поймол қиляпсизлар, - деб сўнгги сўз айтишдан ҳам бош тортди Исмоил Исақов.

Исмоил Исақов тарафдорлари бу сўзлардан сўнг суд залини тарк этдилар.

- Қирғиз Республикаси ҳарбий суди коллегияси уларга ишончсизлик билдирилган шикоятимизни қаноатлантирмади. Биз бу суд ҳукмига маъқул эмасмиз, Олий судга ариза берамиз, - деди Исмоил Исақовнинг адвокати Азимбек Бекназаров.

Маҳкамада Исмоил Исақов ҳимоячилари илтимосининг эътиборга олинмаганини ҳарбий суд коллегиясининг раҳбари Тилек Абдурашитов қуйидагича тушунтирди:

- Адвокат Бекназаровнинг илтимоси қаноатлантирилмасин. Негаки, ишончсизлик билдириш бўйича арзлар жиноий иш материаллари билан кейинги инстанцияга юборилиб, ўша ерда кўрилиши тўғрисида Олий суднинг мактуби бор. Шу сабабли бу илтимос Олий суд мактуби асосида қаноатлантирилмайди, - деди Тилек Абдурашитов.

Суд залидан одамлар чиқиб кетгач, маҳкамага журналистлар ҳам киритилмади. Ҳарбий суд коллегияси Бишкек горнизон судининг шу йил 11 январидаги Исмоил Исақовни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукмини ўз кучида қолдирган.

Ҳарбийлар, халқ ва мухолифат орасида катта обрўга эга бўлган генерал Исмоил Исақов хизмат лавозимидан ўз манфаати йўлида фойдаланганликда, Балиқчи гарнизонидаги ҳарбий техникани ноқонуний сотишда ва коррупцияда айбланган эди.

Бироқ бир йил давом этган тергов натижасида судга тақдим этилган айбловларнинг аксарияти ўз исботини топмади.

Бишкек гарнизон судида бўлиб ўтган суд жараёнида Исмоил Исақовдан коррупция ва ҳарбий техникани ноқонуний сотиш айбловлари олиб ташланди. Шунга қарамай, 11 январ куни Бишкек гарнизон суди Исмоил Исақовни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарганди.

Айни пайтда Қирғизистондаги таниқли сиёсатчиларнинг аксарияти суд ҳукмини сиёсий буюртма ўлароқ баҳоламоқдалар.

Муҳолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати етакчиси Алмазбек Атамбаев Қирғизистонда қонунлар амал қилинмай қўйилган, деб ҳисоблайди:

- Ўтаётган суд маҳкамалари Қирғизистонда ҳуқуқий давлат йўқ бўлганини исботлаяпти. Суд қонунга бўйсунмай ҳукуматнинг топшириғини бажарадиган бўлиб қолган, - деди Алмазбек Атамбаев.

Исмоил Исақовнинг қамалиши муносабати билан унинг тарафдорлари Ўш вилоятидаги Олой тумани ва Бишкек шаҳрида бир қанча норозилик намойишлари ўтказган. Намойишларда бир неча юз одам иштирок этган.

Бишкек ва Олой туманларида 13 январдан 10 февралгача очлик акцияси ўтказилган. Мазкур акцияда юздан ортиқ одам иштирок этгани айтилади. Уларнинг аксарияти соғлиги ёмонлашгани боис очликни тўхтатишга мажбур бўлган.