Афинада намойишчилар полиция билан тўқнашди

Грецияда бошланган умумхалқ иш ташлаши оқибатида бир қанча рейслар бекор қилиниб, вазирликлар, ўқув даргоҳлари ва аҳолига хизмат кўрсатиш муассасалари ёпилди.

24 соатга мўлжалланган умумхалқ иш ташлаши мамлакатдаги икки йирик касаба уюшмаси томонидан уюштирилди. Намойишчилар мамлакатни иқтисодий бўҳрондан қутқаришга оид ҳукумат режасига қарши чиқмоқдалар.

Оммавий норозилик намойишлари пойтахт Афина ва бир қатор йирик шаҳарларда бўлиб ўтмоқда. 20 мингдан зиёд киши қатнашган Афинадаги намойиш чоғида радикал руҳдаги намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди. Хабарларга кўра, намойишчилар полицияга тош улоқтириб, ахлат қутиларига ўт қўйган. Полиция, ўз навбатида намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.

Греция ҳукумати молиявий бўҳрондан қутилиш мақсадида жамоатчилик сектори иш ҳақларини музлатиш, солиқларни кўпайтириш ва нафақа ёшини 61дан 63 ёшга кўтаришни режаламоқда.

Грецияда давом этаётган иқтисодий бўҳрон туфайли сўнгги ҳафта мобайнида Европа пул бирлиги евро ҳам ўз қадрини бир оз йўқотди.