Ҳелмандда худкушлик ҳужуми олди олинди

Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида аёллар кийимида бўлган икки худкуш шахс хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилди.

Ҳелманд вилояти ҳокимлиги матбуот вакили Довуд Аҳмадий сўзларига кўра, бурқа остига портловчи моддаларни яширган икки шахс Лашкар Гоҳ шаҳридаги халқаро ташкилот биносига ҳужум қилишга уринган. Ҳужумчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида рўй берган отишма чоғида худкуш шахслар отиб ўлдирилган.

Шанба куни Қандаҳор шаҳрида камида беш нафар худкуш шахс томонидан уюштирилган ҳужумлар оқибатида 40 киши нобуд бўлди, салкам 60 фуқаро тан жароҳати олди.

Айни пайтда НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар қўмондонлиги 16 март куни Афғонистон жанубида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида халқаро кучларнинг икки аскари нобуд бўлганини эълон қилди.