Онангни отангга бепардоз кўрсатма

Кампирнинг дарди ғозада¸ деган эски матал ҳам пардоз-андознинг асрлар давомида ўзбек аëлларига ҳам хослигини исботлайди.

Сўнгги тадқиқотлар, бу қадим ўзбек нақлининг ҳаëтийлигини тасдиқлади -косметика маҳсулотларидан фойдаланиш бўйича Эрон ислом жумҳурияти хотин-қизлари дунёда еттинчи ўринни эгаллаб¸ анча-мунча Ғарб аëлларини йўлда қолдирди.
Андижонлик ҳамшира қиз Саодат Отахоновани ҳамшаҳарлари бирор марта пардоз-андозсиз кўришмаган. Саодат ўзига зеб беришни жуда хуш кўриши ҳақида гапиради.

Саодат Отахонова: Мен ўзи роса бўянадиган қизманда. Мен ҳаммадан ҳам кўп бўянаман. Бўянмай юра олмайман. Ҳамма ëқни қош¸ кўз¸ киприк¸ атир¸ упа¸ лаб¸ тирноқ.... Маникюр¸ педикюр деган нарсаларни жуда яхши кўраман. Кечгача салонда ўтир¸ деса ҳам ўтириб бераман. Менга ҳамма “Энг кўп салонга тушадиган қизсиз шекилли дунë бўйича” дейишади. Ҳақиқатан ҳам шунақаман. Тан олишим керак.

Озодлик: Бир ойда неча марта салонга борасиз?

Саодат Отахонова: Жуда кўп. Сиз бир ҳафтада неча марта борасиз денг?

Озодлик: Бир ҳафтада неча марта борасиз?

Саодат Отахонова: Бир ҳафтада тўрт марта бораман. Шу денг бўянсам ҳам маза қилавераманда. Нимагадир бўянсам дам оламан. Бўянишни яхши кўраман. Дам оламан. Чиройли бўлиб юриш яхшида. Ҳатто бошимни ҳам уйда ювмайман. Уйда ювсам ҳам эртаси куни салонга бориб укладка қилдираман. Бетни юмшатадиган кремлар¸ бетни тозалайдиганлар¸ қўл кремлари¸ помада¸ туш, совуқдан¸ иссиқдан сақловчи кремлар ишлатаман.

Озодлик: Пулни қанақа қилиб етказасиз шунча нарсага?

- Ҳамма ишлаган пулларимнинг тенг ярми парздоз-андозга кетади, дейди ҳамшира қиз.

Саодат Отахонова хорижнинг машҳур фирмалари ишлаб чиқарадиган косметика маҳсулотларидан фойдаланишини айтади.

Тошкент шаҳрида яшовчи Дилбар опа эса умрида бирор марта ҳам косметика маҳсулотларидан фойдаланмаган. Дилбар опанинг ягона пардози гоҳ гоҳида қош-кўзига ўсма қўйиш¸ холос.

- Умуман бўянмайман мен. Ўзим қишлоқда катта бўлганман. Шаҳарга келиб ҳам¸ ким билади¸ хоҳламадим бўянишни. Ҳидлари¸ бир нималари ëқмайдида. Табиий ўсмадан бир-бир қўйиб туришим мумкин. Шу холос. Қандайдир ëқтирмайманда бўянишни. Бировларни кўраман ялтиратиб¸ лабларини¸ қошларини¸ кўзларини бўяб олганларни. Бундай юришни ëқтирмайман, дейди Дилбар опа.

Ўзбек жамиятида қиз-аёлларнинг пардоз-андоз қилишига кескин қаршиликлар кузатилмайди. Чекка қишлоқлардаги айрим оилалардагина қизларининг бўянишларига рухсат берилмаслик ҳолатлари учраб туради.

Сурхондарёлик 19 ёшли Диёра қишлоқ қизларининг пардоз қилишларини уят¸ деб ҳисоблайди.

- Йўқ¸ бизнинг қишлоқда қизлар бўянмайди. 100 фоиз қиздан 10 фоизи бўянади. Бўянганда ҳам табиий бўëқлардан ўсма¸ сочига хина¸ суриб қўйиши мумкин¸ лекин кўчаларга бўëқ суриб чиқмаймиз. Уят бўлади, уят, дейди Диёра.

Ўзбек аёллари азалдан пардоз қилишда табиий бўёқлар ўсма, сурма ва хинадан фойдаланиб келганлар. Бугунги кунда ҳам айни табиий бўёқлар айрим ўзбек аёлларининг пардоз қутичасидан жой олган.

Ҳозирда аксар ўзбек аёллари замонавий косметика маҳсулотларини афзал билишади.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, ўзбек аёллари фойдаланадиган косметика маҳсулотлари уларнинг турмуш даражасининг қай даражада эканлигига қараб белгиланади.

Камбағал қатламга мансуб аёллар, асосан, Хитойда ишлаб чиқарилган косметика маҳсулотларидан фойдаланишади.

Ўзига тўқ аёллар эса фақат Ғарбнинг машҳур фирмалари косметикаларини харид қилишади.

Суҳбатдошимиз Асалхон исмли аёл тўрт йилдан буён американинг Mary Kay косметика фирмаси маҳсулотларини Тошкентга олиб келиб сотиш билан шуғулланади.

Асалхон опага кўра, унинг харидорлари асосан, бой бадавлат хонимлардир.

- Тошкентликлар, асосан, Faberlic ва Oriflime фирмалари маҳсулотларини харид қилишади. Боиси булар нисбатан арзон. Mary Kayни фақат бойлар ололади¸ камбағал аëллар эса бозордан Хитой маҳсулотларини олишади. Бизнинг Ўзбекистонда ойлик кам. Ҳар битта аëл ҳам хориж косметикаларини харид қила олмайди. Масалан, менинг клентларим 200-300 долларлик товарни харид қилишади. Баъзилар бир олишда 500 долларлик кремларни ҳам олишади, дейди Асалхон опа.

Муслима аёл Шаҳнозабону ҳам пардоз-андоз қилади. Лекин у ўзига зеб беришини фақат ўзига маҳрам бўлган инсонлар учунгина қилишини айтади.

- Мен фақат аёллар қатнашадиган тўйларга пардоз қилиб бораман. Яна уйда бўяниб юраман. Кўчада номаҳрамлар олдига ҳеч қачон бўяниб чиқмайман, дейди муслима қиз.

Исломий билимга эга бўлган тошкентлик Хадича опага кўра, шариат аёлларнинг бўянишини тақиқламайди.

- Пардоз-андоз мумкин¸ фақат шариат бўйича эрининг олдида¸ фақат ўзининг маҳрамларининг олдида¸ тўй-ҳашамлар бўладиган бўлса¸ фақат аëлларнинг ичида номаҳрамларга кўринмаган ҳолатда пардоз-андоз қилиши мумкин. Жума кунлари масалан уйда бўлса¸ алоҳида Оллоҳнинг байрам куни сифатида ўзига оро бериши¸ пардоз-андоз қилиши¸ мушки анбар сепиши мумкин. Ҳар бир аëл киши ўзига оро беради барибир. Кечқурунлари крем суради. Масалан, юзининг яхши ривожланиши¸ ажин тушмаслиги қараб туриши учун кун давомида доимий равишда ҳам бўяниши мумкин.

Фақатгина пардоз-андоз қайси жиҳатдан мумкин эмас? Ташқарига¸ кўчадаги номаҳрамга ўша зийнатларини кўрсатиб¸ ортиқча гуноҳга ботмаслиги учун ҳам мумкинмас қилинган. Лекин пардоз-андозни номаҳрамлар кўрмайдиган бўлса¸ бемалол уйининг ичидами¸ ўзининг оилавий шароитидами¸ бемалол хоҳлаганча бўяниб¸ ясаниб юриши мумкин бўлади. Ҳаттоки баъзан шариатда шундай ҳукмлар ҳам борки¸ агар аëл киши ўзига қарамаса¸ гуноҳкор ҳам бўлади. Яъни ўзига қармасдан эрининг кўнглини бузгани¸ кўнглини кўтармагани учун ҳам гуноҳкор бўлиши мумкин. Айтиш мумкинки, бўяниш аёл киши учун шарт, дейди муслима аёл Хадича опа.