Ийяд Алавий БМТни ёрдамга чақирди

Ироқ Адлия кенгаши 7 март куни бўлиб ўтган парламент сайловларида 52 нафар номзодга берилган овозларни бекор қилди.

Адлия кенгаши вакилларига кўра, ушбу номзодларнинг собиқ президент Саддам Ҳусайннинг Баас партиясига алоқаси борлиги аниқланган.

Кенгаш матбуот вакили Али Маҳмуднинг билдиришича, суннийлар иттифоқи "Ал-Ироқия"нинг ҳам камида икки номзоди депутатлик ўрнидан мосуво қилинади.

7 март куни ўтказилган сайловда суннийларнинг “Ал-Ироқия” алянси вакиллари 325 ўринли парламентда 91 ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлган эди.

"Ал-Ироқия" етакчиси, собиқ бош вазир Ийяд Алавий Ироқнинг ҳануз БМТ Хавфсизлик кенгашининг муваққат мандати остида эканлигини эслатиб, сайлов можаросига БМТни аралашишга чақирди:

- Ироқ БМТ Низомининг 7-моддасида назарда тутилган ҳолатда эканлиги учун биз БМТни ўз ваколатларидан фойдаланишга чақирамиз. Ироқда сайлов жараёнидаги бўҳронни бартараф этиш учун БМТ аралашиши керак. Чунки овозларни санаш ва қайта санаш сиёсийлашиб кетди.

Амалдаги бош вазир Нурий ал-Маликий етакчилигидаги шиалар сиёсий блоки эса 89 та ўрин эгаллаган.